Яхшибоев гол урган учрашувдан кейин “реалчилар” учга бўлинди!
Европа матбуоти ҳамон Чемпионлар лигасидаги сенсацион учрашув – “Реал” ва “Шериф” баҳсини муҳокама қилишда давом этмоқда. Жасур Яхшибоев ва Себастьян Тиллнинг голлари ушбу баҳсга бевосита гувоҳ бўлиш учун “Сантьяго Бернабеу” келган ва ўйин трансляциясини турли воситалар орқали томоша қилган бутун дунёдаги “реалчилар”ни ларзага солгани рост.
Хориж оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, футбол ишқибозларининг мазкур учрашув бўйича фикр-мулоҳазаларини ўрганиб чиққан экспертлар қақшатқич мағлубиятдан кейин “Реал” мухлислари учга бўлиниб кетганини маълум бўлди.
Ҳозир шулар ҳақида тўхталамиз.
Биринчи гуруҳ – “Қироллик клуби” ўйинчиларининг ўз майдонида Чемпионлар лигасининг энг заиф жамоаси, деб эътироф этилган “Шериф”га ютқазганини умуман ҳазм қила олмаётган ашаддий фанатлардан таркиб топган.
Улар аламли мағлубиятда бош мураббий Карло Анчелотти ва футболчиларни айбламоқда. Фанатлар илгари сураётган шиорлар “Бу жамоанинг юраги йўқ”, “Агар кейинги учрашувда Карло Анчелотти “Шериф”га қарши ўйнаган футболчиларни майдонга туширадиган бўлса, мен бу баҳсни томоша қилмайман!”, “Бу футболчиларнинг бирортаси формасига туширилган клуб эмблемаси учун курашгани йўқ” қабилидаги аламли муносабатлардан иборат бўлмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, иккинчи гуруҳ ҳар қандай вазиятда ҳам ўз жамоасини қўллаб-қувватлайдиган содиқ ихлосмандлардан иборат экан. Улар қақшатқич мағлубиятдан кейин ҳам “Реал”га ишончини сўндиргани йўқ, аксинча, футболчиларнинг руҳиятини кўтаришга ҳаракат қилмоқда.
Бу гуруҳдагилар ўйин борасида “Мен кемадан тушмайман, “Шахтёр” билан юз берган тарих яна қайталанди, олға Мадрид!”, “ Қанча ва қандай ютқазсангиз ҳам мен сизларни яхши кўравераман”, “Бугун мен ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ “реалчи”ман!”, деган фикрларни илгари суряпти.
Учинчи тоифа мухлислар эса “мағлубиятни тан олиш ҳам мардлик” қабилида йўл тутаётган ишқибозлардир. Улар “Шериф” футболчилари ўз меҳнатларига яраша тарихий натижага эришганини эътироф этмоқда. Бу гуруҳдаги мухлислар рақибни ғалаба билан табриклашга ҳам тайёр экан.
Хусусан, бағрикенглигини намойиш қилган “Реал” тарафдорлари “Бу учрашувдан уялиш керак эмас”, “Бор кучимиз билан ҳаракат қилдик”, “Келинг, мард бўлиб “Шериф” ғалабага лойиқлигини тан олайлик”, “Улар майдонга жанг қилиш учун тушган эди”, “Мадридни чин дилдан севаман, лекин “Шериф” дарвозабони зўр ўйнади”, “Улар саралашнинг тўрт босқичидан муваффақиятли ўтган”, “Шериф” ҳар қандай жамоани ютиб қўйиши мумкин”, “ Футболда шунақаси ҳам бўлади, уларга балли”, деган ижобий фикрларни ўртага ташламоқда.
Шунингдек, биз ҳам ижтимоий тармоқларда ҳамюртларимизнинг “Реал” – “Шериф” учрашувига қолдирган фикрларини кузатиб бордик. Гарчи юртимизда “Қироллик клуби” мухлислари кўп бўлса-да, уларнинг аксарияти умумий маънода, Жасур Яхшибоев гол ургани учун ҳам “Реал”нинг мағлубиятидан хафа бўлмаганини, айримлари эса ҳатто хурсанд бўлганини билдирган.
Демак, “Шериф” ва Жасур Яхшибоевнинг ўйинларини кузатишда давом этамиз. Молдова жамоаси Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги учинчи тур учрашувини Миланда Италия Чемпиони “Интер”га қарши ўтказади. Бу баҳс 19 октябрга белгиланган.
Фикрлар
Футбол Теоремасидан парча.
Бу Акциёма, яни исбот талаб қилмайди.
Футбол Теоремасидан парча.
Бу Акциёма, яни исбот талаб қилмайди.