Йилнинг энг яхши футболчиси бўлишга ким муносиброқ? Фаворитлар орасида сиз кутган футболчи йўқ!
Sports.uz сайти журналисти Яҳёхўжа Улуғхўжаев ўзининг телеграм саҳифасида йилнинг энг яхши футболчиси номинациясида ғолиб чиқишга асосий даъвогар бўлган 3 футболчи ким эканлиги ҳақида ёзди. Эътиборлиси шундаки, унинг рўйхатида Бобур Абдуҳолиқов, Элдор Шомуродов, Игор Сергеев сингари номларга жой топилгани йўқ.
" Жорий мавсумда ғолиб номини аниқлаш жуда ва жуда қийин бўлиши аниқ. Сабаби яққол кимдир кўзга ташлангани йўқ. Мени фаворитларим учта:
Ҳусниддин Алиқулов - янги даражага кўтарилди. МТЖда энг оғриқли нуқтага айланган позицияни ёпиб ташлади. "Насаф" билан мамлакат кубогини ютди.
Отабек Шукуров - Бу мавсумда топ-10 чемпионатлар сирасига кирувчи Туркия биринчилигида асосий таркибда мунзатам ўйнамоқда. У кеча ёки бугун Отабек Шукуров бўлиб қолмади. Йиллар давомида классни ушлаб турибди.
Жамшид Искандеров - аввал айтганимдек "Жама" уникум футболчи. Жорий мавсумдаги "Навбаҳор"даги подъемда унинг меҳнати катта.
Нега Беларусда 26 та гол урган Бобир Абдиҳолиқов йўқ деб ҳайрон бўлдингизми? Фикримни изоҳлайман. Шахсан мен ҳурмат сақлаган ҳолда Беларусь биринчилигининг даражаси борасида Жалолиддиннинг фикрига 100 фоиз қўшиламан. Агар хориждаги футболчимизнинг ўйини қадрлироқ бўлса, Отабек совринга ҳақли. Бобурдан фарқли ўлароқ, "Оташ" терма либосида ҳам яхши мавсум ўтказди. У бу йил легионерларимиз ичида энг катта қадамни ташлади.
Агар Ўзбекистон майдонларига назар ташласак, Суперлига тарихидаги энг рақобатбардош мавсумда Ҳусниддин ва Жамшидни алоҳида эътироф этиш шарт.
Тўғри, Бобур 26 та гол ургандир, аммо у ҳужумчи. Бу унинг асосий вазифаси. Голларнинг сони кўзга ташланиши аниқ, аммо ҳимоя ва ярим ҳимоядаги футболчиларнинг бажарган катта ҳажмдаги ишини кўрмасликка олиш ҳам адолатдан эмас. Алиқулов ҳимоячиларнинг шахсий статистикаси борасида унча-бунчасига "фора" берадиган мавсум ўтказди. Иккинчи қаватдаги курашларда ғалабалари, тоза "подкат"лари ҳар доим ҳам кўзга ташланмайди. Искандеров ўз ўйини билан "Навбаҳор"ни янги даражага олиб чиққани рост. Чемпионат ва кубокдаги кумушда унинг хизматлари улкан. "Жама" бу мавсумда "Навбаҳор"га бир нечта "катта" ўйинларни ютиб берди. Марказни "ёндириб" ташлади ва стабил мавсум ўтказди.
Менимча ғолибни аниқлаш борасида аниқ бир мезонни белгилаш керак. Акс ҳолда, ҳамма ўз ҳақиқати билан адолатнинг устида қолаверади. Бу учликдан бири совринни ютиши шарт! Ҳар ҳолда мени ҳақиқатим шундай."
Фикрлар