Ёш мерганлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати старт олди
Ads

Бугун Тошкент шаҳрида пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича 1998 йилда ва ундан кичик ёшдаги спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди.

Олимпия оиласига кирувчи бошқа спорт федерациялар сингари Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси ҳам Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси назоратида Индонезиянинг Джакарта ва Плембанг шаҳарларида ўтадиган XVIII ёзги Осиё ва ПараОсиё ўйинлари ҳамда Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги III ёзги Олимпиада ўйинларида муносиб иштирок этадиган энг иқтидорли спортчиларни саралаш борасида аниқ режаларни ишлаб чиққан.

Мазкур мусобақа ҳам аввало Олимпия оиласига кирувчи ўқ отиш спорти  бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини аниқлаш вазифасини ўтайди. Мана яқинда, ҳали икки ҳафта ўтмади, Бухорода федерациямизнинг очиқ кубогини ўтказган эдик. Ортидан  Республика техник ва амалий спорт турлари маркази томонидан Ўзбекистон кубогининг биринчи босқичи ташкил этилди. Энди эса 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида чемпионатни бошлаяпмиз. Булардан кўзланган мақсад биринчидан, мамлакат миқёсидаги мусобақалар орқали вилоятларнинг терма жамоалари спортчиларига республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги тенгдошлари билан рақобат муҳитини яратиш, тажриба, маҳорат алмашишларига имкон яратиш, иккинчидан, улар орасидан энг кучлиларини терма жамоага жалб этиш, халқаро мусобақаларда натижа бера оладиган ёшларни  саралашдир, – дейди Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси бош котиби Ж.Атабуллаев.

Ўзбекистон чемпионатининг очилиш маросимидан сўнг ўғил болалар ўртасида пневматик милтиқдан ўқ отиш (ВП-6) машқлари бошланди. Бу йўналишда қизлар ўртасидаги баҳслар эртага ўтказилади.