Ёш шайба усталарининг маҳорати ошмоқда
Ads

Пойтахтимизда қад ростлаган “Next” савдо мажмуасининг муз саройида янги йилга бағишлаб хоккей бўйича ёшлар ўртасидаги мусобақа бўлиб ўтди. Ўзига хос ушбу кичик турнирда “Бинокор” хоккей клубининг ёш тарбияланувчилари турли ёш тоифаларига бўлиниб (U-6, U-12, 13+), ўзаро баҳс олиб бордилар. Регламент болакайларнинг ёш тоифасидан келиб чиққан ҳолда 5 дақиқалик 3 даврдан иборат бўлди.

“Биз бу ўйинда жамоага келган барча ёш хоккейчиларни ўйнатиб кўрдик. Сабаби ёш ўйинчига ўзини жамоанинг бир бўлаги эканлигини ҳозирдан унинг қалбига сингдириш. Бу турнирни ўтказишдан асосий мақсад ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини, хусусан, хоккейни тарғиб қилишдир. Болаларнинг барчаси чиройли ва томошабоп ўйин намойиш этишди. Мураббий сифатида уларнинг ўйинидан тўлақонли қониқдим”, – дейди ўз шогирдларининг кўзидаги иштиёқни кўриб турган клуб бош мураббийи Алишер Азимов.

Бундай мусобақалар ёш хоккейчиларга нима беради? Келинг бу саволга жавобни ёш клюшка усталарининг ўзидан билиб олсак. “Биз бундай турнирларда ўйнаб, ўз маҳоратимизни янада оширамиз. Машғулотлар ўз йўлига, лекин бизнинг ҳақиқий кучимиз шундай мусобақаларда кўринади. Асосийси шерикларимиз билан ягона оила бўлиб, бир-биримизни тушиниб ҳаракат қилишдек қобилиятимиз шундай мусобақада ошади”, – дейди ёш хоккейчи Азамат Бабаев.

Турнир якунида мағлуб бўлмади. Ёш спортчиларнинг кўнглини кўтариб, уларни янада руҳлантириш учун барча жамоалар ғолиб топилди. Бундай ўйинлардан нафақат хоккейчилар, балки йиғилган томошабин сифатида йиғилган ота-оналар ҳам завқланишди. Мусобақа якунида барча иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

                                                                             Азиза Исламова