Ёшини сунъий кичрайтирган футболчилар иши прокуратурага оширилади
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 28 сентябрь куни Суперлиганинг икки клуби биологик ёшини сунъий кичрайтирган уч футболчини рўйхатдан ўтказгани ҳақида маълумот берган, бироқ клублар номини очиқламаган эди.
Ташкилот расмий сайтида маълум қилинишича, ҳолат аниқлангач, “Насаф” ва Сўғдиёна” футбол клубларига футболчиларнинг ҳужжатларини унинг ҳақиқий туғилган йили бўйича расмийлаштириш ҳаракатини бошлаш ва бу ҳолат қонун доирасида ҳал этилишини таъминлаш учун 20 октябрга қадар муҳлат берилди. Шунингдек, уч футболчи лицензиялари қайтариб олинди.
Хат юборилган куннинг эртасига, яъни, 29 сентябрь куни “Насаф” футбол клуби жавоб хати тақдим этди ва унда юқоридаги икки нафар футболчи билан тузилган шартномалар бекор қилингани ҳамда жамоадан четлаштирилгани маълум қилинди.
“Сўғдиёна” футбол клуби эса 6 октябрь куни жавоб хати тақдим этди. Унда футболчининг ҳужжати шу йилнинг 30 сентябрь куни ҳақиқий туғилган йили бўйича белгиланган тартибда расмийлаштирилгани маълум қилинган ҳамда ҳужжат нусхаси илова қилинган.
ЎзПФЛ “Насаф” футбол клубининг қарорини қўллаб-қувватлайди, зеро карьерасини ғирром йўл билан бошлайдиган футболчилар ва уларнинг ота-оналари кейинчалик бошқа иллатларга ҳам аралашмасликларига ҳеч ким кафолат бермайди. Гарчи икки футболчи клубдан четлаштирилган бўлса-да, уларда бошқа клублар сафида ҳам ҳақиқий туғилган йили бўйича расмийлаштирилмаган ҳужжат билан ҳаракат қилиш имконияти мавжуд эканидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ мазкур футболчилар ишини қонуний баҳо бериш учун тегишли вилоят прокуратурага оширади.
“Сўғдиёна” футбол клуби томонидан тақдим этилган жавоб хатида эса ЎзПФЛ талаби қаноатлантирилган ҳамда футболчи кечикиб бўлса-да ўз ҳужжатини ҳақиқий туғилган йили бўйича тўғри расмийлаштирган. Мазкур қонун бузилиш ҳолатига ваколатли орган томонидан ҳуқуқий баҳо берилади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилдан эътиборан ўзининг илк меҳнат шартномасини имзолаган ва мазкур шартномани ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказган футболчилар рўйхати йилда икки марта — трансфер ойналари якунида расман эълон қилинмоқда. Кейинчалик мазкур футболчилар ҳужжатлари алоҳида текширув асосида ўрганилади.
Фикрлар