
Ёшларимиз 32 та медал билан мутлақ биринчи бўлишди
Тўрт кун давомида пойтахтимиздаги муҳташам "Алпомиш" аренаси дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Учқун Муродов хотирасига бағишланган "Tashkent Cadet and Junior Asian Cup" мусобақасига мезбонлик қилди.
Турнирнинг сўнгги икки куни ёшлар ўртасидаги беллашувлар ташкил этилди. Ёшларимиз ҳам ўсмирларимиз сингари медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида мутлақ биринчи ўринни эгаллашди. Терма жамоамиз 9 та олтин, 9 та кумуш, 14 та бронза, жами 32 та медал билан биринчи поғонадан жой олишди.
Қирғиз Республикаси дзюдочилари 3 та олтин, 1 та кумуш билан иккинчи ўринни банд этишди. Биттадан олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган Тожикистон терма жамоаси кучли учликка якун ясади. IJF байроғи остида татамига чиққан дзюдочилар 1 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлишди. Қозоғистон, Грузия, Ҳиндистон ва Эрон Ислом Республикаси делегациялари ҳам кумуш ҳам бронза медалларига эга чиқишди.
Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси хабар бермоқда.
Фикрлар