"Сити" юлдузи Роналду билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди
Португалия терма жамоаси ҳимоячиси Рубен Диаш Лига миллатларида Норвегияга қарши ўйин (2:1) ортидан Криштиану Роналду атрофида юзага келган вазиятга муносабат билдирди.
Мазкур учрашувда Роналду майдонга тушмади ва бутун ўйинни захирада ўтказди. У ўйин тугагач, майдонни тарк этаётганда мухлислар билан алоҳида саломлашмади. Шунингдек, 41 ёшли ҳужумчи терма жамоанинг икки машғулотини ўтказиб юборгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Бош мураббий Жорже Жезуш эса Роналдуни захирада қолдириш қарорини фақат тактик сабаблар билан изоҳлади.
«Ростини айтсам, ўз номимдан, Бернарду Силва ва Бруну Фернандеш номидан шуни айта оламанки, бу масалага оммавий ахборот воситалари берган даражада аҳамият бермаяпмиз», – дея Рубен Диашнинг сўзларини келтиради Goal нашри.
«Бундай ҳолатлар ҳаммада учраб туради. Менга ҳеч қачон мураббий билан муаммоси бўлмаган, қийин вазият ёки келишмовчиликка дуч келмаган битта футболчини кўрсатинг. Бу табиий жараён. Энг муҳими – буларга тўғри баҳо бериб, уларни ортида қолдиришни билиш», – дея қўшимча қилди у.
Диашнинг таъкидлашича, Роналдунинг асабийлиги узоққа чўзилмаган.
«Бу 10, 15 ёки 20 сония давом этадиган бир дақиқалик асабийлик, холос. У терма жамоага 20 йилдан ортиқ вақт давомида бўлган садоқатимизни ҳеч қандай камайтирмайди. Бир лаҳзада асабийлашасиз, ортидан беш дақиқа ўтмайоқ барчамиз терма жамоанинг муҳим ғалабасини биргаликда нишонлаймиз», – деди ҳимоячи.
Аввалроқ маълум қилинишича, Роналду ва Жорже Жезуш вазиятни муҳокама қилиш учун Португалия футбол федерацияси президенти Педру Проэнса билан учрашув ўтказган.

Фикрлар