Юрий Белоус Санжар Қодирқуловни Россиянинг қайси клубига таклиф қиляпти? Унинг ўзи қаерда тўп сурмоқчи? Футболчи вазиятга ойдинлик киритди

Ўзбек футболчилари орасида энг сара иқтидорлари бисёр. Шубҳасиз, Cанжар Қодирқулов улардан бири. 23 ёшли ярим ҳимоячи “Бунёдкор”да ўйинлари билан ўзининг ўрнини топди ҳамда Вадим Абрамов унга миллий терма жамоада ҳам катта ишонч билдираётганини биламиз. Шунинг учун Санжарнинг имкониятига юқори баҳо бераётганлар ҳам кўпайиб боряпти.

Якунига етган чемпионатда Қодирқулов “Бунёдкор” таркибида 24 та учрашувда майдонга тушди ва рақиблар дарвозасига битта гол урди. Қолаверса, у олти марта ассистентлик вазифасини ҳам бажарган. Энди эса ўзининг меҳнати орқали кейинги фаолиятида туб бурилиш бўлиши кутилмоқда. Чунки Жасур Жалолиддиновнинг агенти Юрий Белоус энди Санжар билан яқиндан ҳамкорликни бошлагани маълум бўлди. Бу ҳақида футболчи sports.uz мухбирининг айрим саволларига жавоб берган чоғида айтиб ўтди.

-  Дастлаб якунига етган мавсум ҳақида сўрамоқчиман. “Бунёдкор” учун ҳам бир текисда давом этмади. Сиз учун қандай таассуротлар қолдирди?

-  Бу йил ўзгача ўтди. Пандемия ва мухлисларсиз ўйинлар...синовли йил бўлди. Ҳам футболда, ҳам ҳаёт тарзимизда. Савия борасида келсак, барча жамоалар ҳаракат қилди. Лекин тан олиш керак, ҳеч кимнинг “Пахтакор”га кучи етмади. Энди “Бунёдкор”га тўхталсам, биз учун ҳам оғир ўтди. Ўзинглар ҳам билсанглар керак, нима учун қийин бўлганини. Тайинли раҳбарият бўлмади. Ўзи раҳбарият бўлдими-йўқми, сезмадик ҳам. Ўзимиз билан ўзимиз юравердик, сабр қилиб. Ўйинларимизда ҳам кўп очко йўқотдик. Шунинг эвазига 4-ўринни олдик, деб ўйлайман.

-  Кубок баҳсидан “Бунёдкор”нинг эрта чиқиб кетгани ҳақида нима дейсиз? “Қизилқум” билан учрашувда жамоада иштиёқ сезилмагандек туюлди.

-  Кубок баҳсларида хато қилган жамоа ютқазади. Бу битта ўйиндан иборат эди. Гол ўтказиб юборган клуб жавоб голини уриши қийин кечади. “Қизилқум” билан учрашувда ҳам битта гол ўйин суръатини ўзгартириб юборди.

-  Россиялик кўзга кўринган агент – Юрий Белоус сиз ҳақингиздаги маълумотларни Россия клубларига тарқатаётгани маълум бўлди...

-  Менга ҳам ушбу хабар ҳақида юборишяпти. Лекин қайси клуб қизиқиш билдиряпти, агент айнан кимга таклиф қиляпти, бунисини билмадим.

-  Легионер сифатида тўп суришга ҳар томонлама тайёрман, деб айта оласизми?

-  Ҳамма футболчиларнинг орзуси легионер сифатида тўп суриш бўлса керак, шу жумладан менинг ҳам.

-  Белоус сиз ҳақингиздаги маълумотларни бежизга тарқатмагандир. У билан ҳамкорлик бошладингизми?

-  Ҳа, у билан учрашганмиз ва ўртамизда ўзаро ҳамкорлигимиз бор.

қодирқулов2_1

-  Демак, ушбу мавсум “Бунёдкор”даги охирги фаолиятингизни ўтказдингиз, дея ҳисобласак бўлаверадими?

-  “Бунёдкор” билан шартномам тугаб боряпти. Бироқ ҳали ҳеч ким менга янги шартнома тўғрисида гапиргани йўқ.

-  Айни пайтда кейинги режангиз қандай? Ўзингизга қандай таклифлар келиб тушмоқда?

-  31 декабргача “Бунёдкор” ўйинчисиман. Албатта, режаларим бор. Аммо бу ҳақида гапиришимга ҳали эрта деб ўйлайман. Барчасини вақт кўрсатади.

-  Санжар, қайси чемпионатда ўзингизни синаб кўришни истайсиз?

-  Ҳамма чемпионатларни кузатаман. Англия чемпионати қизиқарли кечади. Россия, Испания, Италия каби чемпионатлар ҳам кучли, албатта. Тўғриси, барчасида ўз кучимни синаб кўргим келади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!