Юртимизда ҳакамлар академияси иш бошлади

BEPUL PROPAN

Ўзбекистон футбол ҳакамлиги тизимини янги босқичга олиб чиқиш, ёш ҳакамларнинг назарий билимлари ва амалий тажрибасини ошириш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳакамлар академияси ташкил этилди. Бу ҳақида ЎзФҲМ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бугун “Чиғатой” спорт базасида ЎФА раҳбарияти, тажрибали инструкторлар ҳамда истиқболли ёш ҳакамлар иштирокида академиянинг расмий очилиши муносабати билан учрашув бўлиб ўтди. Унда иштирокчиларга академиянинг асосий вазифалари, ўқув дастурлари ҳамда ёш ҳакамлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ўз нутқида ушбу лойиҳа нафақат юртимизда, балки минтақада ҳам футбол ҳакамлигининг тараққиётида муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, илгари амалга оширилмаган бу ташаббус мамлакатимиз ҳакамлик тизимини жаҳон стандартларига мослаштиришга хизмат қилишини айтиб ўтди.

“Футбол ҳаками ҳар бир қоида, ҳар бир тафсилотни мукаммал билиши, доимо ўз устида ишлаши зарур. Ҳакамлик – бу нафақат билим, балки фидойилик ва юксак масъулиятни талаб қиладиган касб”, деди Равшан Ирматов.

Ҳакамлар академияси ёш мутахассисларга халқаро майдонларда ўйинларни бошқариш учун зарур бўлган кўникма ва малакаларни шакллантиришда, уларнинг касбий ривожида муҳим роль ўйнаши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида ўзбек футболининг нуфузи ва сифати ошишига хизмат қилади.

Янги Академия нафақат ўқув маркази, балки ёш ҳакамлар учун тажриба алмашиш, таҳлил қилиш ва доимий ўсиш учун имконият тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, академиядаги таълим жараёни 6 та модулдан иборат бўлиб, амалий машғулотлар орқали саралаб олинган 25 нафар ҳакамлар 6–12-май кунлари ўқув курсининг 1-модулида иштирок этишади. Ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган ҳакамлар биринчи лига, про лига, Суперлига ва ОФК таснифидаги турнирларни бошқариш учун тавсия этилади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Адхамжон Низомов
07/05/2025 20:31
Бу академиядан халол хакам чикишига ишонмайман,узларига ухшаган ворис тайёрлашади.Нима учун охирги йиллар ЖЧ ва бошка дунё микёсидаги учрашувларга хакамларимиз чакирилмай куйди.Сабаби барчага аён,чунки хозир хар кандай мамлакат чемпионатини бутун дунё куряпти.Хакамларимизни хурмача киликларини куришмайди деб уйлайсизми?