Зафармурод Абдираҳматов: "Олимпиада йўлланмасини қўлга киритдик, аммо ҳали мақсадимизни охирига етказмадик"

Қатар майдонларида ўтаётган U23 Осиё Кубогида Ўзбекистон терма жамоамиз халқимизнинг орзусини рўёбга чиқарган ҳолда шу йили Парижда ўтадиган Олимпиада мусобақасига йўлланмани қўлга киритганидан хабарингиз бор. Индонезияга қарши ҳал қилувчи учрашувда футболчиларимиз қаҳрамонлик кўрсатишди. Терма жамоамиз аъзоаси Зафармурод Абдираҳматов ҳам ўзига билдирилган ишончни оқлаяпти. У бир қатор саволларимизга жавоб берди.

- Зафармурод, тарихий ғалаба билан табриклайман. Сизлар ўзбек футболи тарихидан жой олдинглар. Ўйиндан бир кун олдин ўзингизни қандай ҳис қилдингиз ва ўйиндан кейинги ҳолатни қандай ўтказдингиз?

- Халқимиз кўпдан бери интизорлик билан кутган Парижда ўтадиган Олимпиада йўлланмасини қўлга киритганимиз билан барча юртдошларимизни табриклаймиз. Ўйиндан олдин бизда фақатгина шу мақсад бор эди. Олимпиада йўлланмасига эга чиқиш ҳамда Осиё Кубогини Ўзбекистонга олиб кетиш мақсади билан келгандик. Худога шукр, ҳозир биттасини уддаладик. 3 май куни бўладиган финал баҳсидан кейин ёруғ юз билан Ўзбекистонга қайтамиз. Индонезияга қарши учрашувдан кейин ҳурматли Президентимизнинг табригини эшиттиришди ва бу бизга жуда катта мотивация бўлди.

- Индонезияга қарши биринчи бўлимда бироз ўхшамади ва иккинчи бўлимда ҳаммаси жойига тушди. Рақиб эса асабийлаша бошлади. Учрашув ҳақида нималарни айтган бўлардингиз?

- Биринчи бўлим ўхшамади, демаган бўлардим. Кўрган бўлсангиз, кўплаб терма жамоалар ҳимоявий ўйинга ўтиб олишган. Бу учрашувнинг биринчи бўлимида Индонезия ҳам шундай ўйин кўрсатди. Иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган ўйинчиларимиз тўғри бўлди ва муҳими ғалабага эришдик.

- Учрашувдан кейин сизга биринчи бўлиб ким табрик йўллади?

- Ўйиндан кейин биринчи бўлиб табрик йўллаган бу  - менинг ота-онам бўлишди. Уларга катта раҳмат, ҳиссалари жуда катта.

- Терма жамоамиз Олимпиадага чиқди ва энди 3 май куни финалда майдонга тушади. Бундай тарихий ғалабадан кейин финалга тайёргарлик қандай бўляпти?

- Албатта, биз йўлланмани қўлга киритдик. Аммо ҳали мақсадимизни охирига етказмадик. Финалга тайёргарлик кўряпмиз. Индонезия билан учрашув якунланиши биланоқ Японияга қарши баҳсга ҳозирликни бошлаб юборганмиз. Насиб бўлса, жамоамиз финалдаги учрашувга муносиб тайёр бўлади.

- Япониянинг ўйинини кўрдингларми? Ўйин пенальтилар сериясигача бориши мумкинми ёки...

- Ҳа, биз Япониянинг ўйинини кўрганмиз. Ўзаро тўқнаш ҳам келганмиз. Мураббийларимиз етарлича маълумот беришни бошлашган. Бўлажак ўйинга ҳар томонлама яхши тайёргарлик кўрамиз. Иложи борича ўйинни пенальтилар сериясига етказмасликка ҳаракат қиламиз. Агар пенальтилар серияси бўлган тақдирда биз бунга ҳам тайёргарликни бошлаб юборганмиз.

- Олимпиада йўлланмаси қўлга киритилгани сизни фаолиятингизда қандай бурилиш қилади, деб ўйлайсиз?

- Албатта, бу жуда ёқимли. Мақсадимиз йўлида янги бурилиш ясаймиз, деган умиддамиз. Яна бир бор халқимизни Олимпиада йўлланмасига эга чиққанимиз билан муборакбод этамиз. Бизни қўллаб-қувватлаётган ҳаммага раҳмат. Яна дуода бўлиб туринглар. Худо хоҳласа, 3 май куни Япония билан бўладиган учрашувда сизларнинг дуоларингиз асқотади.

Шуҳратбек Жўраев.

.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдухаликов Мухаммад
01/05/2024 07:59
Оллох Узбекистонга омад берсин