"Захирага олишларини сўрашим мумкин эмасди" - "Андижон" посбонидан ярим финалдаги ўйин, пенальтилар серияси ва финал ҳақида
“Андижон” клуби ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Кубоги финалига йўл олди. Биласиз, ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Ўйинда жамоа дарвозасини муносиб қўриқлаган Элдор Адҳамов ҳам шу куни ишқибозлар томонидан олқишларга сазовор бўлди. Беллашувдан кейин у бир қатор саволларга жавоб берди.
- Тарихий ўйиндаги унутилмас ғалабадан кейинги хиссиётларингиз қандай?
- Биз бу хиссиётларга анча тайёрландик. Ичимиздан бундай хиссиётларни ўтказиб кўргандик. Ютиишмизни кўп ўйладик. Чунки қора чизиқ пайдо бўлиб қолганди. Бунинг устига мухлисларнинг ҳам эътирозларига сабаб бўлаётгандик. Аслида ҳар бир учрашувга максимал тайёрланамиз. Лекин бу сафар имкониятимиз даражасидан ҳам икки баробар кўпроқ тайёрлангандик. Ғалаба қозонишимизга ишончимиз бор эди. Фақат мураббийларни кўрсатмасини тўғри бажариб, амалга оширишимиз қолганди, холос. Худога шукр, юзимиз ёруғ бўлди.
- Ўйиннинг энг кулминацион нуқтаси пенальтилар серияси билан боғлиқ бўлди. Серия бошланишидан аввал бутун стадион Элдор, Элдор деб сизни қўллади. Қўқрув йўқмиди, нималарни ичингиздан ўтказдингиз?
- Тўғрисини айтсам, қўшимча вақтларнинг иккинчи тайми бошланаётганда пенальтилар серияси бўлишини хоҳладим. Чунки биз бунга ҳам 100 фоиз тайёр эдик. Футболчиларини яхши ўрганиб чиққандим. Кўпи ёшроқ ўйинчилар бўлгани учун психологик жиҳатдан босим ўтказса ўзларини йўқотишини билардим. Шунинг учун ҳар бир ўйинчига психологик томондан ритмдан чиқарадиган сўзларни гапирдим. Нима деганим сир. Зарба йўналишларини топаверганимдан рақиб ўйинчилари ҳам ҳаяжонланишни бошладилар.
- Ўйин пайтида ҳам 2-3 та вазиятда жамоани голлардан сақлаб қолдингиз. Ўша вазиятларда ўзингизга бўлган ишонч қанчалик ортди?
- Ҳаяжон бўлади. Лекин ҳаммаси Аллоҳдан. Сейвларга унчалик аҳамият бермадим. Агар Аллоҳ бизни ғалаба билан тақдирламаганида сейфлар нолга тенг бўлиб қоларди. Шу боис максимал даражада охиригача мувозанатни сақлашга ҳаракат қилдим. Лекин 60-дақиқадан сўнг иккала оёғимни томирлари тортишиб қолиб ўйин охиригача қўйиб юбормади. Аммо рақиб футболчиларига билинтирмасликка ҳаракат қилдим. Лекин анча қийналдим. Ўзимда қўшимча куч топдим. Захирага олишларини сўрашим мумкин эмасди. Чунки майдонда охирги нафасимгача, оёғим узилиб кетса ҳам ўйнашим керак эди. Худога шукр, менга қўшимча куч-қувват берди. Финалга чиқдик. Ишончимиз янада ортди. Олдинги ишончимизни қайтариб олдик. Мухлисларни олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлди. Бу ёғига чемпионатда ҳам, финалда ҳам ғалабалар билан ишқибозларни қувонтиришга ҳаракат қиламиз.
- Финалда “Навбаҳор” рақиб бўлди. Қайси жамоани хоҳлагандингиз?
- Фарқи йўқ. Ярим финалда ҳам бизга рақибни фарқи йўқ эди. Финалда ҳам умуман рақиб танламайсиз. “Навбаҳор”га қарши водий дербиси ва бу ўйин водийда бўлади. Дербига бошқача тайёргарлик бўлади. Мухлислар назари томонидан ютқазишга ҳаққимиз йўқ ва Худо хоҳласа, Кубокни кўтарамиз. Насиб қилса яхши натижа кўрсатамиз.
Фикрлар