Зидан мураббийликка қайтяпти! У ўзига мураббийлар штабини йиғди

Жаҳон футболида ўз ўрнига эга бўлган футбол афсонаси Зинедин Зидан “Реал”даги бош мураббий фаолиятини якунланганидан кейин ишсиз юрибди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, франциялик мутахассис 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейин Франция миллий терма жамоасини қабул қилиб олади.

Ана шу мақсадда Зидан Франция миллий терма жамоасида ишлаш учун ўз мураббийлар штабига Давид Беттони ва Ҳамид Мсаидини таклиф қилди. Бу ҳақда L'Équipe хабар бермоқда.

Манбага кўра, ушбу мутахассислар аввал ҳам Зидан билан Испания грандида бирга ишлаган.

Аввалроқ, Зидан Франция футбол федерацияси (FFF) билан миллий жамоада бош мураббий сифатида ишлаш бўйича оғзаки келишувга эришгани хабар қилинган эди.

Зинедин Зидан “Реал” бош мураббийи сифатида икки карра Испания чемпиони бўлган, икки марта Суперкубокни қўлга киритган ва уч марта Чемпионлар лигасида ғалаба қозонган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!