Bugun Superligada 10-tur boshlanadi. Qanday to‘qnashuvlar kutayotganini bilasizmi?
Бугун Суперлиганинг 10-тури бошланади. Албатта, сизни қизиқтирадиган ўйинлар бўлиб ўтади. Шундай экан, асло ўтказиб юборманг!
27 апрель, душанба
19:00 ОКМК — ЛОКОМОТИВ
Миржалол Қосимов жамоаси чемпионатни яхши бошлай олмаганди. Охирги 4 та турда жамоа 2 дуранг ва 2 ғалаба қайд этиб, мағлубиятсиз сериясини бошлаб олди. “Локомотив”га қарши ўйин иккала жамоа учун Тошкент дербиси мақомида ўтади. Ҳозирча “Локо” рақибидан икки очко кўп жамғарган. Бу ўйин шубҳасиз қизиқарли тўқнашувга айланади. Хўш, ОКМК мағлубиятсиз сериясини бу турда ҳам давом эттира олармикин?
19:00 МАШЪАЛ — БУХОРО
9 та турдан бери фақат ютқазиб келаётган “Машъал”да ниҳоят расман бош мураббий алмашди. Россиялик Игорь Суров соғлиги билан боғлиқ муаммо туфайли истеъфога чиқди. Бунгача клуб академиясини бошқариб келган Элдор Сакаев бош мураббийга айланди. У дебют ўйинини Александр Хомяков бошчилигидаги “Бухоро”га қарши ўтказади. Ҳар қандай мағлубиятли серияни ниҳояси ҳам бўлиши лозим. Лекин тан олиш керак, “Бухоро” ҳозирги кунда муборакликлардан ўйин томонлама яхшироқ. Балки Сакаев ниманидир ўзгартиришга улгурар-а?
28 апрель, сешанба
19:00 АНДИЖОН — ДИНАМО
Ўтган турда сафарда “Бунёдкор”га қарши ажойиб ўйин кўрсатиб ёрқин ғалабага эришган “Андижон” энди ўз уйида Вадим Абрамов бошчилигидаги “Динамо”ни қабул қилади. “Бургутлар”да Ислом Аҳмедов вақтинча бош мураббийга айлангач, иккита ўйин ўтказди ва 4 очко олди. “Андижон”нинг ўйини аста-секин яхшиланиб бораётганини кўпчилик таъкидламоқда. “Динамо” ҳамон нобарқарор иштирокини давом эттиряпти. Ҳолбуки, мавсум бошидаги мақсад жиддий эди. Самарқандликлар турнир жадвалида “Андижон”дан сўнг 13-ўринда. Лекин мухлислар “Бобур арена”да жуда қизиқарли баҳсга гувоҳ бўлишади.
19:00 СЎҒДИЁНА — СУРХОН
Ҳозирча ўз дарвозасидан энг кўп (21) гол ўтказиб юборган “Сўғдиёна” “Сурхон”ни қабул қилади. Ўтган турда Улуғбек Бақоев жамоаси “Навбаҳор”га қарши учрашувда охирги дақиқаларда ғалабадан маҳрум бўлди. Жиззахликлар ҳамон хавфли ҳудудда туришибди. “Сурхон” ҳам осонликча таслим бўладиганлардан эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоалар эхтиёткорликни асосий ўринга чиқаришса ажаб эмас.
20:00 ПАХТАКОР — НАСАФ
Турнинг маркаўий учрашувига табиийки қизиқиш катта. Лекин “Насаф”да барибир етакчилар кетгани ўйинида ҳам, натижасида ҳам билиняпти. “Пахтакор” ўз ўрнида ва ўзига хос тарзда барқарорликни сақлаб келяпти. Собиқ “насаф”чилар – Шерзод Насруллаев ва Ойбек Бозоровнинг “Пахтакор” либосида “Аждарлар”га қарши ўйинини кузатиш ҳам қизиқ, албатта. Ўйин шубҳасиз ҳужумкор ва жиддий тўқнашувларга бой тарзда ўтади.
29 апрель, чоршанба
19:00 НЕФТЧИ — ҚЎҚОН-1912
Бу турда нафақат водий, балки Фарғона дербисига гувоҳ бўламиз. Бир вилоятнинг икки жамоалари – “Нефтчи” ҳамда “Қўқон-1912” “Истиқлол”да куч синашишади. Ҳозиргача чемпионатда энг кўп (5) дуранг қайд этган қўқонликлар ушбу турда ҳам дуранг ўйнаса балки бу натижадан рози бўлиши табиий. Ахир рақиб кимсан – амалдаги чемпион ва ҳозир ҳам етакчилардан бири ҳисобланган “Нефтчи”. Ўйинда фаворит шубҳасиз майдон эгалари.
19:00 ҚИЗИЛҚУМ — ХОРАЗМ
Иккала жамоа ҳозирча бир хил – 12 тадан очко жамғаришди. Мутлақо тенг имкониятларга эга бўлган клублар иштирокидаги учрашувда исталган натижа рўй бериши мумкин.
20:00 БУНЁДКОР — НАВБАҲОР
Ушбу қарама-қаршиликка ҳам қизиқиш юқори. Молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган “Бунёдкор” ўтган турда уйида “Андижон”га ютқазиб қўйди. Бу сафарги рақиб эса яна водийдан ва энди “Навбаҳор”га қарши майдонга тушади. Илёс Зейтуллаев жамоаси пулсиз ҳам қандай ўйнаётгани натижаларидан маълум. У жамоасини бўлажак учрашувга руҳан қанчалик тайёрлай олиши натижага таъсир кўрсатиши табиий. Аммо ҳужумкор ва томошабоп ўйинга айланиши муқаррар.
Fikrlar