Ikki o‘zbek “Braga”ga nega kerak?
Европа клубларининг Ўзбекистон футболчиларига бўлган қизиқиши аста-секин ошиб бормоқда. Элдор Шомуродов ва Абдуқодир Ҳусанов юқори даражада ўйнай олишини аллақачон исботлади, Муҳаммадали Ўринбоев Бельгиянинг “Антверпен” жамоаси асосий таркибидан ўрин олишга ҳаракат қилмоқда, Беҳруз Каримов ва Жаҳонгир Ўрозов каби иқтидорли ёшлар хориж клублари назарига тушди.
Энди Европада ўйнаш имкониятига ўзбек футболининг икки нафар ёш вакили – Садриддин Ҳасанов ва Сайфиддин Содиқов эга бўлди. Улар Португалиянинг “Брага” клуби тизимига қўшилди ва U23 жамоаси билан янги мавсумга тайёргарликни бошлади.
Клуб номи ўзиёқ катта умид уйғотади. “Брага” ёш футболчиларни топиш, ривожлантириш ва катта клубларга юқори нархда сотишни яхши билади. Бироқ унинг тизимига кириш асосий жамоага яқинлашганликни англатмайди. Ҳасанов ва Содиқов аввал ёшлар даражасида ўз ўрнини мустаҳкамлаб, иқтидори Европа рақобатига дош бера олишини исботлаши керак бўлади.
Eurasia Football нашри “Бунёдкор” бош мураббийи Илёс Зейтуллаев ва “Андижон” мураббийлар штаби аъзоси Сергей Арсланов билан суҳбатлашди, шунингдек, ёш футболчиларнинг “Брага” ичидаги йўли қандай ташкил этилганини ўрганди.
Ҳар икки футболчи ҳам катталар футболида деярли ўйнамаган. Ҳасанов “Бунёдкор” сафида Суперлигада олтита учрашувда қатнашиб, жами 143 дақиқа майдонда ҳаракат қилган, шунингдек, кубок баҳсларидан бирида майдонга тушган. Содиқов ҳисобида эса мамлакат чемпионатида “Андижон” сафида учта учрашув ва 35 дақиқа бор.
Иккаласини қўшганда ҳам Суперлигада 180 дақиқадан кам ўйин амалиёти йиғилади. Шунинг учун “Брага” бу ҳолатда тайёр футболчиларни эмас, балки кейинчалик катталар футболидаги карьерага айлантирилиши лозим бўлган сифатлар мажмуасига эга умидли ёшларни қабул қилмоқда.
Ҳасанов ва Содиқов – тўп билан ностандарт ҳаракат қила оладиган ҳужумкор футболчилар. Иккаласи ҳам рақибни алдашдан, ўйинни ўз зиммасига олишдан ва индивидуал ҳаракатлар орқали вазиятни кескинлаштиришдан қўрқмайди.
Уларнинг айнан шу сифатларини собиқ мураббийлари алоҳида таъкидлайди.
Футболчилик фаолияти Италияда, жумладан “Ювентус”да ўтган “Бунёдкор” бош мураббийи Илёс Зейтуллаевнинг фикрича, Ҳасанов ўз хусусиятлари билан Европа футболига жуда мос келади.
- Унинг кучли томонлари – индивидуал ўйин, олдиндан айтиб бўлмас ҳаракатлар ва бирга бир вазиятда рақибни алдай олиш қобилияти. У бир ёки икки рақибдан бемалол ўтиб кетиши мумкин. Бундай футболчилар бугунги кунда айниқса қадрланади, чунки улар яхши ташкил этилган позицион ҳимояни ёриб ўтишга ёрдам беради, - дейди Илёс Зейтуллаев.
Мутахассиснинг айтишича, Ҳасанов омадсиз ҳаракатлардан кейин ҳам руҳан тушкунликка тушмайди ва масъулиятни ўз зиммасига олишда давом этади.
- У жуда жасур. Ўйинни ўз зиммасига олади, хатолардан кейин яшириниб қолмайди, яна алдашга ҳаракат қилади ва ҳимояда ҳам ишлайди. У камтар йигит, аммо майдонда – аксинча, шиддатли ва ва журъатли, - деди Зейтуллаев.
Сергей Арсланов Сайфиддин Содиқов билан жуда қисқа вақт ишлади. Янги мураббийлар штаби “Андижон”га келган вақтда ёш футболчи кетишга тайёргарлик кўраётган ва асосан ўринбосарлар жамоаси билан шуғулланаётган эди. Шунга қарамай, мураббий унинг кучли жиҳатларини баҳолашга улгурди.
- Сайфиддин креатив футболчи бўлиб, тезкор дриблингга эга ва ўйинни кескинлаштиришга интилади. У ташаббусни ўз қўлига олишдан, яккама-якка курашларга киришишдан ёки ҳатто икки рақибга қарши ўйнашдан қўрқмайди, - дейди Сергей Арсланов.
Унинг сўзларига кўра, замонавий футболда ҳужум ривожини мустақил равишда ўзгартира оладиган футболчилар айниқса талаб юқори бўлган тоифага киради.
- Қийин вазиятда футболчи қанчалик тез қарор қабул қилиши ва вазият ўзгаришига қандай жавоб қайтариши жуда муҳим. Сайфиддин рақибни алдашдан уялмайди ва ўзининг индивидуал сифатлари туфайли эпизодни мустақил ҳал қила олади, - деди Арслонов.
Эҳтимол, айнан мана шу “Брага” ўйин услубининг асосий мантиғи ҳисобланар. Клуб жисмоний, тактик ва психологик томондан янада ривожлантириш мумкин бўлган икки техникаси бой иқтидорли футболчини қўлга киритмоқда.
Лекин ҳозирги трансфер ва клубнинг U23 гуруҳига тушиш Ҳасанов ва Содиқов клуб тизимидаги жамоалардан бирига бириктирилганини англатмайди.
Бу кўпроқ кириш нуқтаси ҳисобланади. Мавсумолди йиғинлари давомида мураббийлар уларни бошқа ёш футболчилар фонида баҳолайди ва кейинчалик улар учун энг муносиб даражани белгилайди.
“Брага” тизими шартли равишда қуйидагича кўринади: U19, U23, “Брага B” ва асосий жамоа. Бироқ бу қаттиқ белгиланган поғоналар эмас. Футболчилар ёши, тайёргарлик даражаси ва клуб эҳтиёжларига қараб жамоалар ўртасида кўчириб турилади.
Кўпчилик ёш футболчилар учун асосий босқич U23 эмас, балки ҳозирда мамлакатнинг куч жиҳатидан тўртинчи дивизионида иштирок этаётган “Брага B” жамоаси ҳисобланади. Айнан шу ерда катталар футболи бошланади ва футболчининг ўз сифатларини тажрибали ҳамда жисмонан кучли рақибларга қарши намоён қила олиши маълум бўлади.
Шунинг учун ўзбекистонликларнинг энг яқин мақсади асосий жамоа эмас. Аввало улар ёшлар даражасида мустаҳкам ўрнашиб олиши, мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши ва кейинги қадамга тайёр эканини исботлаши лозим.

Fikrlar