Ўзбек футболчиси ўзи Европага танитди
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Беҳруз Каримов Швейцарияга трансферидан сўнг “Лугано” мухлисларига мурожаат қилди, деб хабар берди клуб матбуот хизмати.
- Салом, “Лугано” мухлислари! Мен – Беҳруз Каримовман. Ушбу фантастик клуб сафида ўйнаш имкониятини интиқлик билан кутяпман. Forza Lugano!, - деди ўзбекистонлик футболчи клубнинг Instagram саҳифасида.
19 ёшли Каримов 10 август куни Термиз шаҳрининг “Сурхон” клубидан Швейцариянинг “Лугано” жамоасига расман ўтиб, швейцарияликлар билан 2031 йил 30 июнига қадар, яъни беш йиллик узоқ муддатли шартнома имзолади.
Ўзбекистон учун дебют бўлган 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида ўнг қанот ҳимоячиси гуруҳ босқичининг икки учрашувида иштирок этиб, майдонда жами 179 дақиқа ҳаракат қилди.
Ўз миллий жамоасининг энг ёш футболчиси сифатида у ҳар икки ўйинда ҳам асосий таркибда майдонга тушди: Колумбияга қарши учрашувда (1:3) тўлиқ 90 дақиқа ўйнади, Португалияга қарши баҳсда (0:5) эса 89-дақиқада алмаштирилди.
Каримов ҳимояда индивидуал жиҳатдан ажойиб ўйин кўрсатиб, ушбу учрашувларда 15 марта тўпни қайтариб олди ва муваффақиятли дриблинглар сони бўйича жамоасининг энг яхши кўрсаткичига эга бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Термизнинг “Сурхон” жамоасидан “Лугано”га келган футболчи трансфери ҳақида швейцарияликлар спорт директори Себастьян Пельцер жуда илиқ фикр билдирганди.
- Беҳрузнинг трансфери “Лугано” футбол клуби танлаган йўналишни тасдиқлайди. Клубимиз халқаро майдонда ёш истеъдодлар ўз фаолиятини янада ривожлантириш учун муносиб муҳит ва шароит яратиб берадиган клуб сифатида мавқеини тобора мустаҳкамлашга интилади.
Беҳруз учун “Лугано” Европа футболидаги биринчи манзил ҳисобланади. Бу ерда у фаолиятидаги кейинги қадамни ташлаши мумкин, - деди Себастьян Пельцер.

Fikrlar