Tezkor! FIFAdan Shomurodovga hushxabar keldi

  • 27.07.2026 22:22
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Futbol
Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Халқаро футбол федерацияси - ФИФА расмий сайти орқали 2026 йилги жаҳон чемпионатида урилган энг чиройли гол учун ўтказилган овоз бериш натижасини эълон қилди.

Hyundai Goal of the Tournament соврини Кабо-Верде терма жамоаси ҳимоячиси, 23 ёшли Сидни Лопеш Кабралга топширилди. Унинг Аргентина дарвозасига 1/16 финал баҳсида урган голи турнирнинг энг яхши голи, деб топилди.

Кабрал ўзини қўшимча дақиқаларда намоён қилди. У жарима майдонининг чап қанотида Алексис Макаллистерни алдаб ўтиб, ўнг оёғи билан Эмилиано Мартинес қўриқлаётган дарвозанинг узоқ юқори бурчагига аниқ зарба йўллади. Бу гол ҳисобни тенглаштиришга имкон берди — 2:2. Шундан кейин ҳам аргентиналиклар ташаббусни қўлдан бой бермади ва ҳал қилувчи голни урган ҳолда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Якуний овоз беришда Лопеш Кабрал Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовни ортда қолдирди. Шомуродовнинг Конго Демократик Республикаси дарвозасига киритган суперголи иккинчи ўринни эгаллади. 

Таъкидлаш лозимки, ўзбек ҳужумчисининг бу голи гуруҳ босқичидаги энг чиройли гол сифатида ҳам эътироф этилган эди. 

Учинчи поғонага эса Гаити терма жамоаси ҳужумчиси Вильсон Изидоранинг Марокашга қарши ўйинда урган голи жойлашди.

- Рақибни алдаб ўтганим заҳоти бўш ҳудудни кўрдим ва ўйладим: “Синаб кўриш керак”. Мен икки оёғим билан ҳам яхши зарба бераман. Бўш жойни кўрдим, юқори бурчакка нишон олдим ва тўпга жуда яхши тегдим, — дея эслайди Кабрал.

Футболчининг сўзларига кўра, тўп “тўққизлик” томон учиб кетаётганини кўрган пайтда ҳам у содир бўлаётган воқеага дарҳол ишонмаган. Голдан сўнг жамоадошлари бошларини ушлаб қолишган, Кабралнинг ўзи эса трибуналар томон байрам қилиш учун югурган.

Лопеш Кабрал жаҳон чемпионатлари тарихида “турнир голи” мукофотини қўлга киритган фақат иккинчи ҳимоячи бўлди. Бунгача бу ютуққа фақат француз Бенжамен Павар 2018 йилги мундиалда эришган эди. Олдинги совриндорлар орасида Макси Родригес, Диего Форлан, Хамес Родригес ва Ришарлисон каби номлар ҳам бор.

Кабо-Верде терма жамоаси учун 2026 йилги жаҳон чемпионати тарихдаги илк иштирок бўлди. Дебютант жамоа гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтиб, плей-оффнинг биринчи босқичида Аргентинага мағлубиятдан сўнг мусобақани тарк этди.

Fikrlar

Fikr qoldirish uchun avtorizatsiyadan o'ting!