
Ҳусановни “Манчестер Сити”га жойлаган мутахассис ишдан кетди!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов клублар миқёсидаги фаолиятини “Манчестер Сити”да давом эттираётгани боис ўзбекистонлик мухлислар ушбу жамоага оид хабарларни алоҳида қизиқиш билан кузатиб бормоқда.
Sports.uz портали буни инобатга олган ҳолда “шаҳарликлар” атрофида бўлаётган қизиқарли маълумотларни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишни давом эттиради.
Абдуқодир Ҳусановнинг 20 январда Франциянинг “Ланс” клубидан “Манчестер Сити”га кўчиб ўтгани 2025 йилнинг энг шов-шувли трансферларидан бири бўлди.
Ўтган мавсумнинг биринчи ярмида ўзбек ҳимоячисининг “Ланс” таркибида Франция ички мусобақалари ва халқаро майдонлардаги учрашувларида ўз истеъдодини намойиш қила олгани унга бўлган талабни ошириб юборди.
Қишки трансферлар ойнаси арафасида ва харидлар мавсуми очилганидан кейин Ҳусановга Европанинг топ-лигаларидан йигирмага яқин клублардан қизиқиш бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқатилди.
“Ланс” раҳбарияти трансфер масаласини ҳал қилиш учун Абдуқодир Ҳусановнинг ишини юритишни тажрибали агент Жорже Мендешга топширди. Ҳусанов учун рақобатни “Манчестер Сити” ўз фойдасига ҳал қилди.
“Шаҳарликлар” биттада катта сумма таклиф қилиб, ишни битирди. Манчестер клуби ёш ўйинчи учун 40 миллион евро бадал пули ва яна 10 миллион евро бонус беришни таклиф қилгани айтилди. Мана шу ишларнинг бошида “Манчестер Сити” спорт директори Чики Бегиристайн турган эди.
Шу тариқа, Абдуқодир Ҳусанов Франциядан замонавий футбол ватани Англияга кўчиб келди. Ҳусанов Англия Премьер-лигасида ўйнаган биринчи ўзбек футболчисига айланди. Англия майдонларида гол урган илк ҳамюртимиз ҳам айнан Абдуқодир ҳисобланади. “Топ-5” лигалардан иккитасида ўйнаган ягона ўзбек ҳам Ҳусановдир.
Абдуқодир Ҳусанов манчестерликлар спорт директори Чики Бегиристайннинг энг охирги трансферларидан бири бўлиб қолади. Чунки “Манчестер Сити” бу мутахассис билан хайрлашганини расман эълон қилди.
- Чики Бегиристайн клубдаги 13 йиллик ажойиб фаолиятидан кейин “Манчестер Сити” спорт директорлигини расман тарк этди, - дейилади матбуот хизмати баёнотида.
60 ёшли испаниялик мутахассис “Манчестер Сити” спорт департаментини 2012 йилдан бери муваффақиятли бошқариб келаётган эди. Бегиристайн бу лавозимда ишлаган вақтида жамоа жами 21 та совринни қўлга киритди.
Бироқ 2024 йили Бегиристайн лавозимини тарк этиши маълум бўлиб улгурганди. Тажрибали мутахассис шу пайтга қадар ишини Угу Вианага топширди. Янги спорт директори бунгача 2018 йилдан бери Португалиянинг “Спортинг” клубида спорт департаментини бошқариб келган. Энди клубда футболчи кадрлар масаласини Уго Виана ҳал қилади.
Комментарии