
“Башакшеҳир” устози муҳим ўйин олдидан Шомуродов ва ўзбеклар ҳақида нималар деди?
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг икки етакчиси – Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаевни ўз таркибида жамлаган “Истанбул Башакшеҳир” бугун УЕФА Конверенциялар лигаси иккинчи саралаш босқичи жавоб учрашувида Болгариянинг “Черно Море” футболчилари билан куч синашади.
Сафарда ўтказилган биринчи учрашувда истанбулликлар 1:0 ҳисобида зафар қучган ва айнан мана шу баҳсда захирадан ўйинга қўшилган Элдор Шомуродов “Башакшеҳир”даги расмий дебютини нишонлаган эди.
“Башакшеҳир” бош мураббийи Чағдаш Атан муҳим беллашув олдидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Элдор Шомуродов ва ўзбекистонлик футбол мухлислари ҳақида ҳам гапирди.
Sports.uz портали туркиялик мураббий фикрларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
- Биз яна халқаро майдондамиз ва ўзимиз бу мусобақада иштирок этаётганимиздан фахрланамиз. Ўтган йили плей-оффда ижобий натижаларни қўлга киритган эдик. Бу гал шу муваффақиятларни такрорламоқчимиз.
Рақибни тағлил қилиб чиқдик. “Черно Море” яхши шаклланган жамоа. Рақиб мураббийи ўйинни яхши ўқий олади.
Биринчи учрашувни яхши ўтказдик. Ўйин давомида 4-5 та хавфли вазиятлар яратдик. Кўпроқ гол уришимиз мумкин эди, лекин барибир натижадан қониқдим. Бўлажак баҳсда ҳам ўйинга жиддий ёндошамиз. Мақсадимиз – кейинги босқичга чиқиш.
Биз ўзбек ўйинчиларини олиб келдик ва бу ўзбекистонлик футбол ишқибозлари жамоамиз фан-базасини кенгайишига таъсир қилади. Туркияда ўзбеклар кўп. Бўлажак баҳсда стадионга кўплаб фанатлар келишини кутяпмиз.
Табиийки, мухлисларни жалб қилишда ўйин шиддати ва сифати ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Биз ўзимизнинг энг яхши жиҳатларимизни намойиш қиламиз. Биринчи ўйин кўп жиҳатдан ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди. Ҳозир биз рақибга нисбатан бироз яхши вазиятдамиз.
Плей-офф ўйинларига жиддий эътибор қаратяпмиз. Жавоб баҳсида ҳам ғолиб чиқиб, олдинга қадам ташламоқчимиз. Халқаро турнирда тажрибамиз бор ва хато-камчиликларимизни ўзимиз биламиз. Аниқ режамиз хатоларни бартараф этиб, турнир форматига мослашиб, олдинга интилишдан иборат. Ўтган йили эришолмаган мақсадларимизни бу йил қўлга киритмоқчимиз.
Жуда муҳим трансферларни амалга ошириб, кучли ҳужумкор футболчиларни сафимизга қўшиб олдик. Энди зўр марказий ҳужумчиларимиз бор. Буёғига айрим учрашувларда икки марказий ҳужумчи билан ўйнамиз. Ўйинчиларимдан мамнунман.
Элдор Шомуродовнинг салоҳияти, маҳорати, терма жамоадаги натижалари, шунингдек, майдондаги жанговар характери ва куч-қуввати менинг эътиборимни тортди. Унинг келишини жуда хоҳлаган эдим. Элдор мен учун ўта муҳим футболчи. Шомуродов лигамизни жуда яхши билади.
Ҳужум чизиғи учун вариантларим кўпайиб кетди. Биз ҳар томонлама тайёр ўйинчилардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Шомуродов 100 фоизлик мукаммал тайёргарлик даражасига етиб қолди. Жамоамиз учун Европа майдонларида узоқроқ қолиш муҳим аҳамиятга эга.
Мен ва жамоамиз ҳужумкор футбол намойиш қилиш тарафдоримиз. Ўтган мавсумда энг кўп гол урган клублардан бўлдик. Ҳисобда олдинда борсакда, ҳужум қилишни тўхтатмаймиз, - деди Чағдаш Акан.
УЕФА Конференциялар лигаси доирасидаги “Истанбул Башакшеҳир” ва “Черно Море” жамоалари ўртасидаги учрашув бугун Тошкент вақти билан соат 22:45 да бошланади.
Фикрлар