
Тезкор: Файзуллаевдан хушхабар!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумкор футболчиси уч ҳафта олдин ЦСКАни тарк этиб, фаолиятини Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” жамоасига кўчиб ўтиши эълон қилинди.
Бир неча манбалар Суперлига клуби 21 ёшли легионер учун “армиячиларга” бир тўлов асосида 7,5 миллион евро миқдорида бадал пули тўлаши ва кейинчалик футболчининг натижаларига кўра, яна 2,5 миллион евро бонус ажратилиши ҳақида маълумот тарқатганди.
“Истанбул Башакшеҳир” Файзуллаевгача миллий терма жамоамиз сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродовни қўлга киритгани туфайли ўзбекистонлик футбол ишқибозлари бу клубга алоҳида қизиқиш билан қарай бошлади.
Гарчи Аббосбек Файзуллаев Туркияга кўчиб бориб, янги жамоаси машғулотларида қатнашаётганига анча бўлганига қарамай, легионеримиз расмий учрашувлар қайдномасига киритилмади.
Кейинроқ “Башакшеҳир” бош мураббийи Чағдаш Атан Файзуллаев машғулотларда салоҳиятини нақадар юқори эканини кўрсатаётгани, бироқ ЦСКАдан трансфер сертификати келмагани боис, ўйинчи хизматидан фойдалана олмаётгани, бунга сиёсий вазият туфайли Россияга қўйилган санкциялар пул ўтказишга тўсқинлик қилаётганини очиқлади.
Ўз навбатида, ЦСКА расмий вакиллари ҳам клублар Файзуллаев трансфери доирасида доимий алоқада экани ва тез орада янгилик бўлишини таъкидлади.
Ваниҳоят, шу хушхабар тарқатилди. “Башакшеҳир” ўзбек футболчиси учун ажратган бадал суммаси Москва клуби ҳисоб-рақамига келиб тушди. Бу ҳақида ЦСКАнинг коммуникациялар бўйича директори Кирилл Брейдо маълум қилди.
- Аббосбек Файзуллаев трансфери учун мўлжалланган пуллар худди шартномада кўрсатилган миқдорда клубимиз ҳисобига келиб тушди. Биз томонимиздан эса, ўйинчининг трансфер сертификати зудлик билан жўнатилди. Ана энди бу савдони тўлиқ амалга ошди, десак бўлади.
Бу трансфер кутилмаган вазиятлар юзага келиши, клубларнинг бир бирига ёрдам беришга интилишини инобатга олган ҳолда ўзгача савдо бўлди, дейиш мумкин.
“Истанбул Башакшеҳир”, шунингдек, Файзуллаевнинг қулай шартлар асосида ЦСКАга келиши, ҳозир эса, Туркия клубига ўтишида вужудга келган масалани ҳал қилишга максимал даражада ҳаракат қилган ва профессионаллигини намойиш қилган Герман Ткаченкога миннатдорлик билдирамиз.
Бу трансфер ҳар бир томон учун манфаатли , деб баҳоланиши керак. Аббосга эса, муваффақиятлар тилаймиз!, - деди Кирилл Брейдо.
“Истанбул Башакшеҳир” янги мавсумда шу кунга қадар УЕФА Конференциялар лигасида тўртта ва Суперлигада битта ўйин ўтказди. Элдор Шомуродов шу ўйинларнинг барчасида қатнашган бўлса, Аббосбек Файзуллаев қайдномага киритилмаган эди.
Энди трансфер тўлиқ расмийлаштирилди. Аббосбек Файзуллаев янги жамоаси учун дебют учрашувини 21 август куни ўтказиши мумкин. Шу санада “Истанбул Башакшеҳир” Конференциялар лигаси плей-офф босқичида Руминиянинг “Университатя Крайова” жамоасига қарши биринчи учрашувини ўтказади. Дастлабки баҳс Истанбулда, жавоб ўйини 28 августда рақиб майдонида ташкил этилади.
Комментарии