
Машҳур легионеримизни ўзи чемпион бўлган жамоага қайтаришяпти
Шаҳбоз Умаров катта халқаро тажрибага эга футболчиларимиздан ҳисобланади. “Пахтакор” тарбияланувчиси бўлган бўкалик ўйинчи юртимизда профессионал даражада Олмалиқнинг ОТМК жамоасида ўйнаган.
Умаров профессионал фаолиятидаги биринчи совринини айнан олмалиқлар таркибида қўлга киритиб, 2018 йилги мавсумда Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлди.
Шаҳбознинг легионер сифатида УЕФА таркибига кирувчи Беларусь ва Қозоғистон футболидаги фаолияти анча муваффақиятли чиқди. 2020 йилнинг бошида Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасига қўшилган ҳужумкор футболчимиз ярим мавсумдан кейин ушбу мамлакатнинг энг қудратли клубларидан БАТЭга кўчиб ўтди.
Борисовликлар жамоасининг энг маҳоратли ва энг қиммат активига айланган Умаров ушбу жамоа сафида Беларусь кубоги мусобақада зафар қучди. Шаҳбознинг БАТЭдаги фаолияти яхши давом этаётган эди. Аммо 2022 йилнинг бошида БАТЭнинг янги бош мураббийи ва жамоа етакчиси Шаҳбоз Умаров ўртасида машғулотларнинг бирида жиддий келишмовчилик келиб чиқди.
Беларусь футболини ёритишга ихтисослашган манбалар ўша пайтдаги зиддият илгари профессионал футболчилар билан ишламаган мураббийнинг ўзбек легионерини ҳақорат қилганидан бошланганини ёзган эди. Бунинг оқибатида мураббийлар штаби Умаровни ярим мавсум давомида бирор маротаба ҳам майдонга туширмади.
Шаҳбоз ўйин амалиётига эга бўлиш учун Қозоғистоннинг “Ордабаси” клубига ижарага ўтишга мажбур бўлди. Истеъдодли ўйинчи синмайди, деганларидек, Чимкент шаҳри клубида Умаровнинг ишлари юришиб кетди. Ярим мавсумда жамоа етакчиларидан бирига айланган ҳамюртимиз Қозоғистон кубоги соҳиби бўлди.
2023 йилги мавсумда эса, Шаҳбоз Умаров яна бир легионеримиз Бобур Абдухолиқов билан бирга “Ордабаси”ни клуб тарихида илк бор Қозоғистон чемпиони бўлишига ҳисса қўшди.
Шаҳбоз Умаров 2025 йилги мавсумни Қозоғистон Премьер-лигасининг бошқа вакили – “Турон” клубида бошлади. Туркистон вилояти жамоаси юқори ўринлар учун курашиш мақсадида Умаровга қўшиб ўзбек футболининг яна уч нафар тарбияланувчиси – Одилжон Абдумажидов, Беҳруз Асқаров ва Хуршид Мухторовни таклиф қилди.
Аммо “Турон”да юз берган жиддий ўзгаришлар натижасида клуб раҳбарияти асосан маҳаллий ўйинчиларга таянадиган бўлди ва бир қатор легионерлар сафида тўрт ўзбек футболчиси билан хайрлашди.
Бир неча манбаларнинг маълум қилишича, Шаҳбоз Умаровга Ўзбекистон клубларидан таклиф бўлганига қарамай, 26 ёшли ҳужумкор футболчи “Ордабаси” чорловини қабул қилиш бўйича бир тўхтамга келган.
Агар трансфер расман тасдиқланса, легионеримиз эркин агент сифатида чимкентликлар жамоасига бориб қўшилади ва фаолиятини яна қўшни мамлакат чемпионатида давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, Шағбоз Умаров Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчилардан ҳисобланарди. У халқаро майдонда беш бор бош жамоа шарафини ҳимоя қилган ва 2024 йилги Осиё кубогида иштирок этганди.
Комментарии