АГМК ва "Насаф" учрашувида ҳакамлар қандай ишлади? ЎФА ҳакамлар қўмитаси раиси изоҳ берди

Хабарингиз бор, ЎФА томонидан Суперлига ҳамда Ўзбекистон кубоги учрашувларидаги эътиборли вазиятлар мутахассислар томонидан таҳлил этилиб, хулосалар оммага тақдим қилиб келинмоқда.
Ўзбекистон кубоги ярим финал ўйинлари қизғин баҳсларга бой бўлди. Учрашувлардаги ҳакамлик билан боғлиқ эътиборли вазиятларини ҳакамлар қўмитаси мутахассислари таҳлил қилиб берди.

АГМК - "Насаф"

ОФА ҳакамлар қўмитаси раиси Бобур Ҳайдаров:

- Хабарингиз бор, Ўзбекистон кубоги доирасидаги иккита ярим финал баҳси бўлиб ўтди. Учрашувлар қизиқарли воқеаларга бой кечди. Келинг, ҳакамлар қабул қилган қарорларни кўриб чиқамиз.
Биринчи навбатда, Марко Станоевич олган қизил карточкага эътибор қаратамиз. Бу ерда, жиддий қўполлик эканлигини кўриниб турибди. Бир оёқда рақиб оёғига зарба бериш орқали унга оғир жароҳат етказиш хавфи бор эди. Шу боис, ҳакам ВАРдан фойдаланди. Якунда, қизил карточка кўрсатиб, юз фоиз тўғри қарор қабул қилди.

Беллашувдаги яна бир муҳим воқеа сифатида АГМКнинг ҳисобга олинмаган иккинчи голини алоҳида эътироф этиш лозим. АГМКнинг уч футболчиси зарба йўллаётган пайтда, офсайд ҳолатида эди. Улардан фақат биттаси зарбадан сўнг, ўгирилди. Шу боис, у "Насаф" дарвозабонига зарба йўлланган сонияда визуал кўриш имкониятини тақдим этмади. Бу футбол қоидаларига зид. Бу ўйинга қўшилиш, дегани. Офсайдда турган футболчи, ўйин жараёнига қўшилдими, демак киритилган гол инобатга олинмаслиги керак. Шу боис, бу вазиятда ҳакамлар голни инобатга олмай, тўғри қарор қабул қилган.

Энди, ўйинда бурилиш ясаган вазиятга эътибор қаратамиз. Бу ерда ҳакам ўзи учун ўзи муаммо яратди. Ваҳоланки, у вазиятга жуда яқин турганди. У пенальти белгилаши мумкин эди, бироқ 100 фоиз ишонч билан қарор қабул қилишни уддалай олмади. Натижада, Олмалиқ клуби ҳужумга ўтди ва гол киритди. Бу гол 100 фоиз тоза. Ҳеч қандай муаммо йўқ, бироқ ВАР протоколи бўйича эпизод якунлангач, ҳакам бундан аввалги воқеани кўриб чиқиши шарт. Бу ерда кўриб турганингиздек, дарвозабон тўпга улгурмади, "Насаф" футболчиси тўпни ундан олиб ўтди, олмалиқликлар посбони қўли билан рақиб футболчига тегди ва натижада пенальти! Ҳакам бу пенальтини кейинроқ, ВАР ёрдамида аниқлашга муваффақ бўлди, - деди Бобур Ҳайдаров.

"Пахтакор" - "Бунёдкор"

Ҳакамлар бўлими мутахассиси, инструктор - Бахтиёр Тоғаев:

- Тошкент дербисида юзага келган баҳсли вазиятларга тўхталиб ўтамиз. Биринчи эпизод ўйиннинг 6-дақиқасида содир бўлди. "Пахтакор" футболчиси қанотдан ташлаб берган тўп, "Бунёдкор" вакилининг бошига тегди. Бош ҳакам бурчак зарбаси амалга оширилишини кўрсатди. Қанот ҳаками эса, хато қилган ҳолда тўп қўлга текканлигини бош ҳакамга ишора қилди. Майдондаги ҳакамлар ўртасида икки ҳил фикр пайдо бўлса, протоколга биноан ВАРга мурожаат этиш керак. Бош ҳакам вазиятни кўриб чиққач, бурчак зарбасига ишора қилди.

Иккинчи эпизодда майдон марказида тўп учун курашда контакт содир бўлди. "Пахтакор" футболчиси бутсасининг таг қисми билан рақибининг тиззасидан пастроғига зарба йўллади. Бу жуда оғир жароҳатга олиб келиши мумкин эди. Яна ВАР ишга тушди ва бош ҳакам Драган Черанга қизил карточка кўрсатди.
Эътиборимизни тортган 3-вазиятни кўриб чиқамиз. Экстра таймларнинг иккинчисида "Пахтакор"нинг 23-рақамли футболчиси (Шерзод Аъзамов) катта тезликда тўп учун ташланди.

У ўнг оёғи билан рақибга кучли зарба берди. Боз устига, зарба бутсанинг таг қисми билан йўлланди. Бундай тўқнашувлардан сўнг, айрим футболчилар бир неча ойлаб сафдан чиқиши мумкин. Ўйинни бошқарган ҳакам аввалига сариқ карточка кўрсатди, аммо ВАРдаги лавҳаларни кўргач, у сариқ карточкани қизилга алмаштирди.

Бизнинг фикримизча, ВАР билан боғлиқ барча эпизодларда ҳакамлар тўғри қарор қабул қилган. Барчага, эътибор учун раҳмат, - деди Бахтиёр Тоғаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!