Артём Филипосян:

Бугунги кунда Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги ўзгаришлар ва Швецияга қарши ўйин ҳақида кўплаб мутахассислар фикр билдирмоқдалар.

Илгари бош жамоамиз учун тўп сурган ўйинчиларнинг ҳам бу масаладаги муносабатини билиш қизиқ. Шу мақсадда Таиланд чемпионатида тўп сураётган ва термамиз таркибида кўплаб ўйинларда қатнашган тажрибали ҳимоячи Артём Филипосян ҳам бугунги бош жамоамиз ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ўзбекистон миллий терма жамоаси янги бош мураббий бошчилигида дастлабки ўйинни ўтказди. Рақиб жиддий эди. Швеция билан биринчи марта тўқнаш келдик. Ушбу ўйин ҳақида нималарни айта оласиз?

- Ўйиннинг турли эпизодларини кўрдим. Учрашувда Швеция яққол фаворит эди, буни ҳамма биларди. Улар бекорга Испанияни ютгани йўқ. Аммо футболчиларимиз уларга қарши яхши ўйин кўрсатишди, ўзларини йўқотиб қўймади. Катанецнинг дастлабки ўйини Швецияга қарши бўлди ва мураббий учун яхши ўтди деб ўйлайман. Тўғри, натижа биринчи ўринда туради. Менинг фикримча, учрашув қониқарли кечди ва йигитлар илиқ таассурот қолдирдилар. Швецияга ўхшаган жамоалар билан кўпроқ ўйнасак биз ҳам кучли бўлиб борамиз.

артём

- Сречко Катанец ҳақида фикрингиз қандай? Вазиятга реал қарайлик, янги мутахассис билан нималарга эриша олишимиз мумкин?

- Ҳозир ўйин бўйича бирор нарса дейиш қийин. Катанец терма жамоамизга яқинда келди. Танловни кимлар танлаган бўлса, бу ўшаларнинг қарори. Биз фақат мухлислик қиламиз, Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқса бўлгани. Бундан халқ хурсанд бўлсин. Умуман айтганда, Катанец борасида фикрим яхши. Ироқ унинг қўли остида яхши ўйин кўрсатаётганди. Лекин ҳозир Катанецга баҳо беришга эрта.

артём3

- Терма жамоамиз Вадим Абрамов билан жаҳон чемпионатининг иккинчи саралашидан ўта олмагани жуда шармандали ҳолат бўлди. Абрамов қанчалик айбдор? Терма жамоадаги тартиб ҳам издан чиқиб кетганди, деб ўйлайсизми?

- Абрамовни ишига мен баҳо бермайман. Бунда фақатгина мураббийни айбдор қилиб кўрсатиш керак эмас. Ахир майдонда футболчилар ҳам ўйнади-ку. Ўзбекистон учун ҳар бир ўйинчи жонини бериб ўйнаши керак. Терма жамоа доим биринчи ўринда.

артём1

- Абрамов охирги пайтларда бир қатор ОАВ вакилларига интервьюлар берди. Айниқса, унинг ибодат ва футболчиларнинг эътиқоди ҳақида айтган гаплари ҳам жиддий танқидларга сабаб бўлди. Бунга муносабатингизни билмоқчиман.

- Биласизми, мен бировнинг ишига аралашмайман. Ўзимнинг фикрим бўйича айтадиган бўлсам, ҳамма жойда, Европада ҳам бу яхши ҳолат. Агар футболчилар рўза тутса ва намоз ўқиса яхши-ку. Бундай футболчилар кўп, масалан, Салоҳ, Мане ва бошқалар.

- Сизнингча, саралашдаги муваффақиятсизлигимизни сабаби нима билан боғлиқ эди?

- Ҳамма билади, ўша олти очко олиб ташланмаганида Ўзбекистон кейинги босқичга чиққан бўларди. Фикрим шундай.

артём4

- Энди мураббийлар алмашинуви эвазига терма жамоага янги қон қуйиляпти. Терма жамоада ўйнаган футболчи сифатида асосий муаммоимиз нимада деб ўйлайсиз?

- Биринчи ўринда чемпионатимиз кучли бўлиши керак, бу шарт! Ҳозир терма жамоамизда шароитлар яхши. Мана, Швеция билан ўйнадик. Яна шунга ўхшаган яхши ўйинлар бўлади, насиб. Мен яна қайтараман: фақатгина мураббийнинг ўзигагина боғлиқ эмас. Йигитлар ҳам бирлашиб, жонини бериши ва хоҳиши кучли бўлиши керак.

- Швеция билан ўйин учун таркибни Равшан Ҳайдаров йиғди. Таркиб бўйича қандай камчилигимиз бор?

- Таркибни ким танлаганини билмайман. Ҳозирги ўйинчиларни чақиришдими, демак тўғри қарор. Терма жамоа барча ўйинчилар учун очиқ. Фақат чақирилган футболчилар ўзини оқлаши керак, деб ўйлайман. Чунки ҳар доим бундай имконият бўлавермайди. Мен терма жамоа билан боғлиқ кўп интервьюларни ўқияпман. Ҳамма бизда дарвозабон ва ҳимоячилар бўш деб айтяпти. Ўйинда фақат дарвозабон билан ҳимоячилар ўйнайдими? Майдонда ҳамма бир-бирига ёрдам бериши керак. Бизда яхши футболчилар кўп, фақат биргаликда бўлишимиз муҳим. Ҳар бир ўйинни ютиш учун катта хоҳиш ва истак билан ўйнашимиз шарт.

артём555

- Одил Аҳмедов Катанец жамоасига қанчалик зарур эди? Ёки уни вақтида кетди, деб ўйлайсизми?

- Биласизм, мен Одил Аҳмедов билан озми-кўпми, бирга ўйнаганман. У меҳнаткаш футболчи. Мен бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, Одил терма жамоамиз учун кўп меҳнат қилди. Одил ҳали терма жамоамизга яна ёрдам бера оларди. Аммо қарорни ўзи танлади, демак, тўғри. Одил Аҳмедовга ўхшаган футболчи ҳали бери чиқмаса керак. Мен унинг ўйнайдиган позицияси бўйича мисол келтирдим. Одилни ишларига омад тилайман.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар