Сўнгги пайтларда "Барселона" жамоасининг мушкул аҳволи ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоғимизга чалиниб турибди. Тўғриси, жамоа вакилларининг абсурд фикрларидан чарчаб ҳам кетдик. Сайловларда Мессини сақлаб қолишга ваъда бериб, кейин уни ПСЖга қўйиб юборган Лапорта. Каталония клубининг афсонавий услуби - "тики така" сўзини ҳатто, тўлиқ айта олмайдиган Рональд Куман ва бошқа воқеалар "Барселона" имижига путур етказгани рост.

kuman1_1

Рональд Куман айни дамда дунё эътирофида. Унинг беқарорлиги боис, турли гап-сўзлар урчиб кетди. Бир қарасангиз, у жамоаси келажаги ҳақида тўлқинланиб гапиради. Битта мағлубиятдан сўнг, таркибнинг кучсиз эканлигидан нолийди. Бу ҳаммаси эмас.

Ла Лига президенти Хавьер Тебас биринчи имкон бўлиши билан "Барселона"ни танқидларга кўмиб ташламоқда. Чемпионат раҳбари "CVC Capital" билан шартномадан айрилганидан аламзада. У Мессини ушлаб қолишни уддалай олмаган Лапорта ҳақидаги ҳақиқатларни секин-аста оммага тақдим этяпти. Унинг айтишича, аргентиналикни клуб жамоада олиб қолиши мумкин эди, аммо Жоан буни истамаган. Тўғри, бу шунчаки миш-миш, холос.

Бу муаммоларнинг барчаси қониқарсиз натижалар фонида баттар хунук кўринаётгани рост. Агар "Бавария" билан баҳсдаги натижа кутилган ҳисоб бўлса, "Бенфика"га бой берилган ўйинни қандай изоҳлаш мумкин? Кўпчилик Куман ҳали ҳам истеъфога чиқмаганини клубнинг молиявий аҳволи билан боғламоқда. Бу қисман тўғри, аммо...

kuman 3

Дарҳақиқат, клубда умуман пул йўқ. Қарзлар аллақачон 1,5 миллиард евродан ўтиб кетган. Қўшимчасига, клуб "Барселона" вице-президенти Эдуард Ромеу Каталониянинг "Sport" нашрига каттагина интервью берди ва 3 йил ҳеч қандай совринлар учун курашмоқчи эмаслигини маълум қилди.
Бир қарашда, барчаси пулга бориб тақалаётгандек, аммо вазият анча чигал. Лапорта матбуот анжуманида Куманни клубда пул йўқлиги учунгина жамоада олиб қолгани ҳақида фикр билдириши мантиққа тўғри келмайди. Бу жамоа обрўсига тўғри келмайдиган иш. Роналднинг ўрнини эгаллаши керак бўлган бирорта мураббий Каталонияга ошиқмай қўйди. У ерда қандай атмосфера эканлигини дарров англаш мушкул эмас.

Шу боис, у жамоа келажаги учун ҳам нидерландиялик мутахассисга ишонч кредитларини тақдим этишда давом этмоқда. Клубнинг молиявий аҳволи шу қадар оғир-ки, ҳатто "Бенфика"дан қабул қилиб олинган мағлубиятдан кейин ҳам Рональд ўз жойида қолди. Шунга қарамай, Лапорта айрим тақиқларни қўйишни бошлади. Клуб раҳбари Куманга Нидерландия матбуотида чиқиш қилмасликни буюрди. Мутахассис барчасини нормал қабул қилди, бироқ муаммолар бу орқали бартараф этилмайди.

kuman2

Вазият анча оғирлигича қолмоқда. Сўнгги  ўйинлардаги натижалар "Барселона"нинг статусига мос келмайди. Рональд Куман клуб тушиб қолган вазиятдан фойдаланиб ўз талабларини қондириши мумкин эди, аммо у интригадан қочди. Шунчаки, ўзини чеккага тортди. Бунинг учун респект, бироқ яхши инсон ва кучли мутахассис бошқа-бошқа маънони англатувчи сўзлар. Ҳозирги "Барселона" оғир аҳволда эканлиги билан Рональд Куманнинг ўрнини "суғурталаб" қўйди. Клуб уни ишдан олса, 12 миллион бадал пули тўлашга мажбур. Клуб ғазнасида бу сумма йўқ. Демак, Куман ўз постини топширмайди.

Бугунги "Барселона"нинг муаммолари яқин 2-3 йил ичида ҳал этилмаслиги кундек равшан. Ўқувсиз мураббий футболчилари ва клуб сиёсатини танқид қилишда давом этмоқда. Унга имкон беришда давом этаётган Лапорта эса, ўзи истаса ҳам уни истеъфога чиқара олмайди. Катта эҳтимол билан, "Барселона"нинг шонли ўтмишини бир четга суриб, ҳаммасини бошидан бошлаш вақти келган кўринади.  Бу вазиятдан чиқиб кетиш учун бошқа ечим кўринмаяпти.

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар