ФИФА жаҳон чемпионатини ҳар икки йилда ўтказиш ва иштирокчилар сонини ошириш масаласини муҳокама қилди

Бугун ОФКнинг 31-конгресси онлайн тарзда ташкил этилди. Унда ФИФА президенти Жанни Инфантино, ОФК раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа, шунингдек, аъзо мамлакатлар вакиллари қаторида ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов иштирок этди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Дастлаб, Жанни Инфантино ФИФА томонидан илгари сурилаётган жаҳон чемпионатларининг ҳар икки йилда ўтказиш ғояси афзалликлари ва имкониятлари ҳақида тўхталди. Шунингдек, мундиал иштирокчилари сони ошиши ҳам яхши кўрсаткичларга олиб келишини таъкидлади.

photo_2021-11-27_16-43-07

Шайх Салмон ОФК аъзоларига ташкилотнинг кейинги йилги режаларини таништирди. Осиё конфедерацияси томонидан футболни ривожлантиришга қаратилган маблағлари оширилиши ҳақида маълумот берди. ОФК шиори остидаги барча турнирларни юқори савияда ташкил этиш асосий вазифа этиб белгиланди. Муҳим жиҳатларидан бири, 2022 йилда CОВИД-19 вирусининг Осиё футболига салбий таъсирини камайтириш, унинг тарқалишини олдини олиш, тиббий таҳлил ва даволаш тизимини янада мукаммаллаштиришдан иборат эканлиги айтилди.

Конгрессда ташкилотларнинг молиявий ҳисоботи, қўмиталарнинг қилинган ишлар бўйича ҳисоботлари эшиттирилди ва қабул қилинди. Адлия қўмитаси томонидан ОФК уставига бир қанча ўзгартириш киритилгани борасидаги маълумот ҳам кун тартибидан жой олди ва бу ўзгаришлар миллий ассоциациялар томонидан бир овоздан маъқулланди. Конфедерацияда янги аудиторлик фаолияти тасдиқланди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

×