ЖЧ-2018да ўрнатилиши мумкин бўлган 7та рекорд

Россия яшил майдонларида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида Норман Уайтсайд томонидан ўрнатилган “Энг ёш футболчи” ёки Лотар Маттеусга тегишли “Энг кўп ўйинда иштирок этган футболчи” каби номинациялар бўйича рекордлар янгиланмайди. Аммо қуйида ушбу мундиалда янгиланиши мумкин бўлган 7та рекорд билан сизларни таништириб ўтамиз.

7. Хамес Родригес (Колумбия) – кетма-кет иккита жаҳон чемпионатининг ҳар бир баҳсида гол урган илк футболчи бўлиши мумкин.

Ушбу футболчи Бразилияда ўтказилган ЖЧ-2014 мусобақасида жами 5та ўйинда иштирок этган ва 6та гол киритишга эришган. Аниқроғи, Хамес Колумбиянинг турнирдаги барча рақиблари – Греция, Кот-д'Ивуар, Япония, Уругвай ва Бразилия терма жамоалари дарвозасига йўл топа олган. Энди 26 ёшли футболчи жаҳон чемпионатлари тарихига кириши учун бу сафар Польша, Сенегал ва Япония терма жамоаларига гол киритиши лозим.

6. Мануэль Нойер (Германия) – голсиз серия бўйича жаҳон чемпионатлари рекордини янгилаши мумкин.

Ушбу дарвозабон бунгача фаолияти давомида 2та (2010, 2014) мундиалда иштирок этган ва улардаги 7та баҳсда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. 32 ёшли посбон бу борада Питер Шилтон ва Фабьен Бартез томонидан ўрнатилган жаҳон чемпионатлари рекордини янгилаши учун яна камида 4та баҳсда гол ўтказиб юбормаслиги лозим.

5. Эссам ал-Хадари (Миср) – жаҳон чемпионатларининг энг ёши улуғ иштирокчисига айланиши мумкин.

Фарид Мондрагон томонидан ўрнатилган рекордни янгилаш учун 45 ёшли мисрлик футболчи Россиядаги жаҳон чемпионатида камида 1та ўйинда майдонга тушиши керак.

3-4. Рафаэль Маркес (Мексика) – жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг қўпол ва сардор сифатида энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланиши мумкин.

39 ёшли мексикалик футболчи ушбу мундиалда бирданига 2та рекордни янгилаши мумкин. Маркес шу пайтга қадар жаҳон чемпионатларида ҳакам томонидан жами 6 марта (5та сариқ ва 1та қизил) огоҳлантирилган. Ҳудди шундай "кўрсатгич" Франция терма жамоаси собиқ сардори Зинедин Зиданда ҳам мавжуд. Маркеснинг навбатдаги огоҳлантирилиши уни жаҳон чемпионатлари тарихига “киргизади”.

Бундан ташқари, Рафаэль Маркес агар ЖЧ-2018да терма жамоасини камида 3та баҳсда сардор сифатида бошлаб тушса, бу борада аргентиналик футбол афсонаси Диего Марадона (16та) томонидан ўрнатилган рекордни ҳам янгилайди.

2. Лионель Месси (Аргентина) – Сардорлар ўртасида жаҳон чемпионатлари тўпурарига айланиши мумкин.

Аргентиналик футбол афсонаси Диего Марадона ушбу мундиалда ўзининг яна бир рекордидан махрум бўлиши мумкин. Унинг сардор сифатида жаҳон чемпионатларида киритган голлари (6та) бўйича ўрнатган рекорди замонавий футбол қиролига айланган ҳамюрти Лионель Месси томонидан йўққа чиқарилиши мумкин. Бунинг учун эса 31 ёшли форвард ЖЧ-2018да камида 3та гол уриши лозим.

1. Томас Мюллер (Германия) – жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурарга айланиши мумкин.

28 ёшли немис форварди мундиаллар тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланган ҳамюрти Мирослав Клозенинг (16та) рекордини янгилаши учун Россиядаги мусобақада камида олти бор рақиблари дарвозасини ишғол этиши керак.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!