Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги рақибида “ишкал” бошланди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзи илк маротаба иштирок этадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида қуръа натижасига кўра, “К” гуруҳидан жой олган. Бу квартетда футболчиларимиз Колумбия, Португалия, Конго  миллий терма жамоалари билан рақобатлашиши белгиланган.

Мундиалдаги биринчи рақибимиз – Колумбия терма жамоасида кутилмаган муаммо чиқди. Жамоанинг икки етакчиси – Хамес Родригес ва Луис Диас ўртасида катта можаро юзага келди.

Манба маълумотига кўра, колумбияликлар сардори Хамес Родригес ва ҳужумкор футболчи Луис Диас ўртасида март ойидаги ўртоқлик ўйинларидан кейин кийиниш хонасида кескин оғзаки тортишув бўлиб ўтган.

Вазият шунчалик кескинлашганки, можарога жамоадошлар аралашишига тўғри келган.

Хабар қилинишича, кескинлик ва зиддиятнинг кучайишига 2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан терма жамоада ички рақобатнинг ортиб бораётгани ва манфаатлар тўқнашуви юзага келгани сабаб бўлган.

Турнир учун таркиб ҳақидаги гап-сўзлар ва жамоадаги асосий роллар учун кураш фонида икки юлдуз ўртасидаги таранглик энг юқори чегарасига етган.

ОАВ маълумотларига кўра, терма жамоа ичида ҳатто шундай қатъий сценарий ҳам муҳокама қилинмоқдаки, унга кўра жаҳон чемпионати учун якуний рўйхатга жамоанинг икки етакчисидан фақат биттаси кириши мумкин.

Март ойида Колумбия жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида икки назорат учрашувини ўтказди.

27 март куни жамоа Хорватияга 1:2 ҳисобида ютқазди, 30 мартда эса Францияга 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Бу натижалар асосий турнир олдидан жамоага бўлган босимни янада оширди.

Шу билан бирга, Колумбия терма жамоаси жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этишни аллақачон расман таъминлаган, Жанубий Америка саралашини учинчи ўринда якунлаган.

Гуруҳ босқичида колумбияликлар K гуруҳидан жой олган бўлиб, у ерда Португалия, Ўзбекистон ва яна бир кейинчалик қитъалараро плей-офф орқали мундиалга чиққан Конгога қарши ўйнайди.

Турнирдаги илк учрашувини Колумбия 18 июнь куни Мехикода Ўзбекистонга қарши ўтказади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам бўлажак мундиалга пухта тайёргарлик кўришда давом этмоқда. Фабио Каннаваро шогирдлари ФИФА томонидан ташкил этилган янги мусобақа – FIFA Series 2026 доирасида Габон терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Иккинчи учрашувда Венесуэла билан асосий вақтда ҳисоб очилмади ва пенальтилар сериясида 5:4 ҳисобида зафар қучган Ўзбекистон тарихий биринчи турнир ғолиби бўлди.

Ҳусанов ва Ўзбекистон ғалабасига “Манестер Сити”дан қандай муносабат бўлди?

Ўзбекистон: Бу галги рақиб Аргентина ва Бразилияни қўрқитган жамоа!

Ҳусанов рейтингда биринчи!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!