Мактаб жамоалари ўртасида жаҳон чемпионатига Осиё саралаши старт олди
Жорий йилнинг, 7–10 апрел кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида шахмат бўйича мактаб жамоалари ўртасида Жаҳон чемпионатига Осиё қитъасидан саралаш босқичи бўлиб ўтмоқда.
Мазкур мусобақада 19 та давлатдан жами 26 та мактаб жамоаси иштирок этмоқда. Унда 114 нафар спортчи ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.
Ўзбекистон шарафини ушбу нуфузли турнирда икки жамоа — "Wisdom school" ҳамда "Al-Khwarezmi IT school" ҳимоя қилмоқда.
Маълумот учун, "Wisdom school" жамоаси жорий йилги миллий саралаш мусобақаси ғолиби сифатида йўлланма олган бўлса, ""Al-Khwarezmi IT school" жамоаси ФИДЕ комиссияси қарорига мувофиқ номзод жамоа сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган.
Мусобақа 8 турдан иборат бўлиб, швейтсарча тизим асосида рапид йўналишида ўтказилмоқда. Вақт назорати — ҳар бир ўйинчига 45 дақиқа ва ҳар бир юришдан сўнг 10 сониядан қўшимча вақт берилади.
Эслатиб ўтамиз, ФИДЕ томонидан 2026 йилдан бошлаб мусобақа форматига ўзгартириш киритилган бўлиб, эндиликда ҳар бир қитъа босқичи алоҳида ташкил этилади. Саралаш босқичи ғолиби жорий йилда ўтказиладиган мактаб жамоалари ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Фикрлар