Матбуот котибининг "қилмиши", "Бухоро"нинг бюджети ва 6 миллиард қарз ҳақида Усмон Тошев билан интервью

Бухоронинг "Нурафшон" клуби бош мураббийи - Усмон Тошев SPORTS.uz сайти учун эксклюзив интервью берди. Ушбу суҳбатда, мутахассис клубнинг келажакдаги режалари ва молиявий аҳволи ҳақидаги саволларга жавоб бериб ўтди.

- Усмон ака, айтингчи, матбуот котиби томонидан телеграм каналда қолдирилган пост борасида фикрингиз қандай?

- Тўғриси, жуда хунук иш бўлди. Майли, уларнинг маоши қанча эканлиги муҳим эмас. 5 миллион ёки 100 миллион бўлган тақдирда ҳам, буни ошкор қилиш керак эмас. Aхир, биз бир оиламиз. Оиладаги сир кўчага олиб чиқилмайди. Aфсуски, энди у инсонлар билан маошини бериб, ишдан олишимизга тўғри келади. Чунки, биз учун биринчи навбатда оила учун қайғурадиган инсонлар керак. Ҳозир, барча клубларда молиявий муаммолар мавжуд. Бироқ, ҳеч бири ўз ижтимоий тармоқларида бу ҳақида бонг урмаяпти.

- Aйни дамдаги, "Бухоро"нинг йиллик бюджети қандай? Клуб нега яна қарздорлар рўйхатига кириб қолди?

- Молиявий вазият ҳақида гап кетар экан, вазият оғир эканлигини айтишим керак. Мен 10 йилдан ортиқ муддатдан сўнг, ортга қайтдим. Жамоани қабул қилиб олган пайтимда, қарздорлик 6 миллиард сўмдан ортиб кетган эди. Бизнинг йиллик бюджетимиз 12 миллиард сўмни ташкил этади. Графикка асосан пулни сарф этиш билан биргаликда, эски қарзларни ҳам тўлашга мажбур бўляпмиз. Менга қадар жамоада 25 мураббий ишлаган. Кўплаб футболчиларга маошлар тўлаб берилмаган. Қарздорлар ўз ҳақини талаб қилишни бошлаган пайт, мен жамоага келдим. Ишонасизми, биринчи иш кунимнинг ўзидаёқ 1 миллиард қарзни тўладик. Бунинг учун менга кўмак берган вилоят ҳокими ва ҳомийларимизга миннатдорлик билдираман.

- "Бухоро"нинг Супер лигага чиқиш нияти борми? Жамоанинг стадиони жуда ночор аҳволда. Режалар қандай?

- Клубимизда муаммолар бор. Биз мусодара бўлиб кетган автобусни ортга қайтарганимиз билан, иш битмайди. Стадионимиз жуда ночор аҳволда. Биз Суперлига йўлланмасини қўлга киритганимиз билан, атиги 3 ойда ҳаммасини ўз ўрнига қўйиш имконсиз. Тўғриси, аввал элитага йўл олишдан олдин қиладиган ишларимиз бор. Келаси мавсумда камида 10 футболчига рухсат бераман. Янги таркиб йиғишни режалаштирганман. Aксарият футболчиларимизнинг ёши 30 дан ошиб кетган. Улар узоғи билан 15-20 дақиқа биз талаб қилаётган футболни кўрсатиши мумкин холос. Жамоа фойдаси учун қўлимдан келганча иш олиб боряпман.

- Нега Суперлигамиздаги мураббийлар ўз ўйин услубига эга эмас? Замонавий футболни тарғиб этадиган мутахассис кўзга ташланмаяпти?!

- Aфсуски, ўхшашлик дарров кўзга ташланади. Бунинг учун уларни айблаб бўлмайди. Натижа учун бўладиган баҳсларда бу яққол кўзга ташланади. Ўйлашимча, бизда ўсиб келаётган ёш авлод ичида иқтидорли мутахассислар мавжуд. Улар энди, футбол оламидаги трендларни ўзлаштиришларидан умидим бор. Сизни ишонтириб айтаман, келажакда биздан яхши мутахассислар етишиб чиқади.

- Aйни дамдаги, ўзбек футболидаги энг кучли 3 мураббий номини айта оласизми?

- Рўзиқул Бердиев, Улуғбек Бақоев ва Тимур Кападзе! Би йигитларнинг ўз услуби ва футболга қараши мавжуд. Уларга омад ва зафарлар тилаб қоламан. Келажакда ўз устида ишлаб, терма жамоа бошқарувига келиш учун уларда потенциал бор.

Интервьюни тўлиқ шаклда "SPORTS.uz"нинг "You Tube"даги каналида томоша қилишингиз мумкин!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!