Мураббийлар штабидаги ўзгаришлар, қўшилаётган ва кетаётган футболчилар ёхуд барчаси "Металлург" ҳақида

Бекободнинг “Металлург” клубида эътиборга молик ўзгаришлар юз берадиганга ўхшайди. Ҳар ҳолда бу жамоа ҳам селекцияда жим турмаяпти. Ҳозирга қадар айрим янгиликларни ҳам эшитдик. Бир қатор футболчилар билан шартномалар имзолангани эълон қилинди. Жумладан, Ислом Исоқжонов, Аббос Отахонов, Ҳакимхон Аъламхонов, Ихтиёр Тошпўлатов, Даврон Анваров сингари футболчилар “Металлрург” билан шартнома имзоладилар. Айни пайтда яна селекция қизғин давом этяпти. Александр Лобанов билан Дамир Темиров эса битимни узайтиришди.

Яқинда “Қўқон-1912” билан хайрлашган Шоҳназар Норбеков Sports.uz мухбирига берган интервьюсида янги мавсумни “Металлург”да бошлашга яқин турганлигини айтганди. Балки бекободликлар тез орада унинг трансферини ҳам эълон қилиб қолишса ажаб эмас. Эътибор берсангиз, собиқ ўйинчилар қайтмоқда. Чунки Норбеков, Отахонов, Тошпўлатов, Исоқжонов кабилари илгари ҳам бекободликлар учун тўп суришганини яхши эслаймиз. Шунингдек, “Металлург” клубига “Сўғдиёна”дан ҳимоячи Эргаш Исмоилов ҳам таклиф қилинганини қўшимча қилиш жоиз. У ўтган йили жиззахликлар сафида Суперлиганинг 21 та учрашувида майдонга тушган.

металлург_1

Шу билан бирга “Металлург”ни тарк этаётган ўйинчилар ҳам бор. Биласиз, Станислав Андреев “Навбаҳор”га ўтиб кетди. Бобур Давлатовни ҳам жамоа билан хайрлашгани тўғрисида сайтимиз орқали хабар бердик. Булардан ташқари, Иван Нагаев, Руслан Розиев ва Абдураҳмон Абдулҳаков ҳам “Металлург” жамоасини тарк этдилар. Улар энди ўзларига бошқа клуб топишларига тўғри келади.

Энди жамоанинг қишки йиғин режасига тўхталадиган бўлсак, 11 январь куни Бекободда тўпланишади ва шу ерда илк машғулот ўтказилади. Футболчилар 18 январга қадар ўз қароргоҳида шуғулланишади. Орада жамоа аъзоларига икки кун дам берилганидан сўнг 20 январь кунидан йиғин Тошкентда давом эттирилади. У ерда то 1 февралга қадар шуғулланадилар ҳамда ўртоқлик учрашувлари ташкил этилади. Шундан кейин 3-18 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида хориж йиғини ташкиллаштирилади. Табиийки, халқаро ўртоқлик беллашувлари ҳам режалаштириб қўйилган. Хуллас, жамоанинг мавсумга тайёргарлик режаси аниқ.

металлург3_2

Хабарингиз бор, клубни испаниялик Луисма Эрнандес бошқариб келмоқда. У шу кунларда жамоа ихтиёрига қайтиб келади ва дарҳол ишга киришади. Маълумотларга қараганда, мураббийлар штабида ҳам айрим ўзгаришлар юз беради. Масалан, Эрнандес Испаниядан ўзи учун ёрдамчи мураббий олиб келмоқда. Шунингдек, айрим маҳаллий мутахассислар ҳам унинг штабидан жой олиш эҳтимоли йўқ эмас. Бир сўз билан айтганда, раҳбарият Луисма Эрнандеснинг олдига жорий мавсумда жиддий вазифаларни қўйган. Ўтган йили турли қийинчиликларга дуч келинди ва лигада қолиш учун курашди. Бундай пайтда мавсумни 10-поғонада тугатиш ҳар ҳолда аутсайдерликдан кўра яхшироқ натижага айланди. Лекин бу йил ҳаммаси бошқача бўлиши кутиляпти. Олдинги хато ва камчиликларни такрорламаслик учун ҳам раҳбарият селекцияга ва тайёргарлик режаларига жиддий эътибор қаратмоқдалар. Афтидан, шунга яраша катта мақсад қўйиладиганга ўхшаб турибди. Демак, испаниялик мураббий учун ҳам бу ўзига яраша имтиҳон бўлади. Ўтган йили жамоани олиб қолишда ёрдам берган мураббий бу йил жамоани қай даражада юқори ўринларга олиб чиқа оларкин? Албатта, буни вақт кўрсатиб беради.

Шуни аниқ айтиш мумкинки, “Металлург” сафида яна бир қанча янги ижрочилар пайдо бўлади, бу аниқ. Чунки айни пайтда яхши савиядаги футболчилар билан қизғин музокаралар олиб бориляпти. Яна бир гап: клуб легионерлар хизматидан фойдаланмайди. Асосан ўзимизнинг “қора кўзлар” жамоа сафини тўлдиришади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!