“Навбаҳор” клуби “Мавсум-2022”да маррани катта оладиганга ўхшаяпти. Бунга сабаб бош мураббийликка Самвел Бабаяннинг тайинланишидир. Раҳбарият бу лавозимга кўплаб мураббийларни қўйиб кўрди, бироқ ҳадеганда натижа ўхшайвермади.

Охир-оқибат бу йил чемпионат ўртасидан “Навбаҳор”да маслаҳатчи мураббий лавозимида ишга киришган Бабаянга бош мураббийлик пости топширилди. Ўзбек футболида ўз сўзини айтишга иштиёқи баланд бўлган мураббий учун эса Наманганда ишлаш ва “Навбаҳор”дек катта клубни бошқаришнинг ўзи унга жиддий мотивация бериши турган гап.

Ўз навбатида, барча наманганликлар энди Бабаянга умид кўзи билан қарашмоқда. Ўта талабчан ва жонкуяр мухлисларига эга жамоа учун совринларни ютишдан бошқаси татимайди. Самвел Вячеславович ҳам қандай масъулиятли ишга киришганини жуда яхши тушуниб турибди. Қолаверса, унинг “Навбаҳор” бош мураббийига айлангани ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Шу пайтгача жамоани кимлар бошқармади-а?! Ҳали у ердан, ҳали бу ердан мутахассислар олиб келинди. Барибир “Навбаҳор”нинг иштиёқи пасайгани йўқ ва доим янгича шижоат билан мавсумга киришади. Шунингдек, Бабаяннинг “Навбаҳор”и қандай бўларкин, дея қизиқаётган ва бу борада ўз фикрини билдираётганлар ҳам бисёр.

Биз юқорида клубни кўплаб мураббийлар бошқарганига урғу бердик. 2019 йили “Навбаҳор”га устозлик қилган сербиялик Деян Журжевич Самвел Вячеславович билан жуда яхши муносабатда. Илгари ушбу жуфтлик “Пахтакор”да бирга ишлашган ва кейин маълум муддат Хитойда ҳам фаолият олиб борганлар. Табиийки, Бабаяннинг “Навбаҳор” бошқарувини ўз қўлига олгани Журжевични ҳам беэътибор қолдирмади.

деян3 

“Ҳа, Самвел Бабаян “Навбаҳор” бош мураббийига айланди! Бу клуб учун жуда яхши хабар. Ўз фикримни айтадиган бўлсам, ушбу клубга Бабаян бошчилик қилар экан, демак, у ерда ташкилотчилик жуда юқори даражада бўлади. Бунгача эса клубда ташкилотчилик борасида камчиликлар бор эди. Ҳозирда “Навбаҳор”да тизимни тўғри йўлга қўйиш керак. Самвел Бабаян эса буни қандай қилиб амалга оширишни жуда яхши билади. Ҳозирданоқ аниқ бир нарса дея олмайман, бироқ “Навбаҳор” бир йилдан кейин аниқ чемпионликка даъвогарлик қилишни бошлайди. Албатта, ушбу гаплар 100 фоиз менинг фикрим. Бу мавсумда бирор нима дея олмасам-да, аммо кейингисида чемпионликка курашади, бу аниқ”, - деди Деян Журжевич.

Сербиялик мураббий доим собиқ клубини кузатиб, унинг натижаларидан хабардор бўлиб туради. Наманганда у қадар узоқ вақт ишламаган бўлса ҳам ўзига яраша хотиралар сақланиб қолган. Бабаянга доим кўмаклашган ва унга елкадош бўлган Журжевич яна бир бор у билан бирга ишлаш учун собиқ жамоасига қайтишга тайёрми? Очиғи, шу савол бизни қизиқтираётганди. Деян эса бу масалада ўз фикрини айтди.

“Бабаянда кучли мутахассислардан иборат мураббийлар штаби бор. Ҳозирда мени Сербияда амалга оширишим керак бўлган вазифам мавжуд. Сиз айтган нарса эса ҳақиқатдан йироқ. Бабаянни у ерда ўз иши бор, менинг эса бу ерда ўз ишим бор. Албатта, мен Самвел Вячеславовичга омад тилайман. У менинг дўстим. Шундай экан, Бабаянга ҳам, “Навбаҳор”га ҳам доим муваффақият ёр бўлишини истайман. “Навбаҳор”да потенциал бор, буни Бабаян яхши билади”.

деян4

Демак, Журжевичнинг жавобидан шуни билиш мумкинки, ҳозирча Бабаян билан йўллари кесишмайди. Барибир унда Ўзбекистондаги фаолияти орқали ажойиб таассуротлар қолган. “Пахтакор”, “Навбаҳор” ва терма жамоаларимизда ишлаган. Хоҳ Сербияда, хоҳ бошқа мамлакатда бўлсин унга доим иш топилади. Ҳозирги пайтда Журжевич ўз юртида “Колубара” клубига устозлик қиляпти. Бу ҳақда илгари сайтимизга берган интервьюсида ҳам айтиб ўтганди. Ундан клубларимиздан таклифлар бўлдими ва ҳозирги иши қандай кетаётгани ҳақида ҳам сўрадик.

“Ҳа, Ўзбекистон клубларидан бири билан гаплашдим. Лекин улар жиддий муносабатда бўлишмади. Ўртамиздаги музокаралар ҳам шунга яраша тус олмади. Мен ўзим туғилиб ўсган Белград шаҳрининг “Колубара” жамоасида фаолият юритяпман. Ҳозирда ишлаётган клубимни ташлаб кетиш ноқулай. Бу кичик бўлса-да, жиддий клуб. Олий лигада олдимизга қўйилган вазифани ҳали бажариб тугатмадик. Бизда мавсум тугади, бироқ шартномам ҳали ниҳоясига етгани йўқ. Битим ўз якунига етганидан сўнг у ёғига нима қилишни ўйлаб кўраман. Эътиборлиси, мен ишлаётган жамоа 120 йиллик тарихи давомида олий лигага биринчи марта чиқди. Клубдаги одамлар менга алоқага чиқиб, ишлашни таклиф қилишган. Ҳозирча ҳаммаси яхши кетяпти, вазият биз учун ёмон эмас. Олдимизга қўйилган биринчи вазифа эса қуйи лигага тушиб кетмасдан кучлилар орасида қолиш”.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар
×