Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев Токиода Осиё Паралимпия қўмитаси президенти билан учрашди

Хабарингиз бор, айни кунларда Токио шаҳрида XVI ёзги Паралимпия ўйинлари давом этмоқда.

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев мусобақа давомида бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашмоқда. Жумладан, Мухторхон Ташходжаев Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашед билан учрашди.

Учрашув давомида томонлар мамлакатимизда Паралимпия ҳаракатини янада оммалаштириш хусусида фикр алмашишди ва кенг кўламли, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этишди. Келажакдаги ушбу умумий лойиҳалар албатта ўз самарасини бериши таъкидланди.

Самимий руҳда кечган суҳбат давомида Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашед ўзбекистонлик пара атлетларнинг Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида қайд этаётган юқори натижаларини мамнуният билан тилга олган ҳолда, олдиндаги беллашувларда уларга омад тилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!