“Сити”нинг Ҳусановга суяниб қолишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз?!

Англия Премьер-лигаси ҳал қилувчи паллага кирган бир пайтда “Манчестер Сити”да  мусобақада пешқадаликни ҳеч кимга бермай келаётган “Арсенал”га етиб олиш имконияти пайдо бўлди. Аввалги йилларда ҳам Микель Артета шогирдлари мавсум давомида етакчилик қилиб, охирида чемпионликни “Манчестер Сити” ёки “Ливерпуль”га бой бериб қўйган ҳолатлар кузатилган.

“Арсенал” раҳбарияти агар жамоа бу гал ҳам чемпионликка эриша олмаса, Микель Артетани ишдан бўшатиш масаласини кўриб чиқишини аввалдан маълум қилган.

Англия футболи экспертлари чемпионатдаги вазиятни таҳлил қилиб, “Манчестер Сити” ҳозирдан “Арсенал”га босим қилаётганини таъкидламоқда. Хусусан, “шаҳарликлар” 27-турда энг мураккаб рақиблар ҳисобланган “Ньюкасл”ни катта қийинчилик эвазига енгди. Нуфузли манба – cityxtra.co.uk сайти экспертлари бу учрашувдан олинган бешта хулосани мухлислар эътиборига ҳавола этди.

1. “Акулалар” қон ҳидини сезди

Олдинги йилларда “Манчестер Сити” чемпионлик пойгаларида “акула-жамоа”га айланиб қолгани “шаҳарликлар”нинг ўзига хос хусусияти сифатида эътироф этилган. Хосеп Гвардиола жамоаси ҳудди акула каби “ўлжа”сини, яъни пешқадам рақибларни кузатиб, охирида уларни қувиб ўтиб совринни илиб кетади.

Атиги икки ҳафта олдин “Энфилд”да бўлган ўйинда Доминик Собослаи “Сити”га жаримадан гол урганидан кейин гўё жамоа тақдири ҳал бўлгандай туюлган эди. Аммо Пеп Гвардиола шогирдлари ўша баҳсда ғалабани илиб кетди ва биринчи ўринга максимал яқинлашиб келмоқда.

Шу боис, навбатдаги сенсацион ғалабадан кейин “акулалар ҳақидаги” тарих яна такрорланиши мумкин, деган ҳис пайдо бўлади.

“Ньюкасл Юнайтед” меҳмонга келганга қарамай, доим “Сити” дарвозасига хавф солиб турди, аммо Премьер-лиганинг саккиз карра чемпионлари ўз позицияларини мустаҳкам сақлаб, шимолий Лондон дербиси олдидан ҳам “Арсенал”га босимни давом эттирмоқда.

2. Нико О’Райли – ҳақиқий жангчи

Нико О’Райли жамоага илҳом керак бўлган ҳар сафар ўзининг энг яхши томонларини намоён қилиб келмоқда, бу унинг ёши учун жуда таъсирли ҳолатдир ва у доимо юлдузлар билан тўла таркибдан жой олишга лойиқлигини кўрсатмоқда.

“Ньюкасл”га қарши ўйин ҳам бундан мустасно бўлмади: чемпионлик пойгасида босим ортиб борар, “Манчестер Сити” ҳар бир учрашувда ғалаба қанчалик муҳимлигини тушуниб туради.

Никонинг ҳужумни якунлашда кўрсатган техникаси ҳисобни очишга имкон берди — бу ҳаракатлар гўё Эрлинг Холандга хосдек кўринди, иккинчи гол эса ўйин йўналишини “Сити” фойдасига бурди.

Ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужумда О’Райли қила олмайдиган нарса борми? У клуб академияси учун ажойиб намуна бўлиб, ёш ўйинчиларга муваффақият йўли ҳақиқатан ҳам очиқ эканини кўрсатмоқда.

3. Ҳусанов ва Гехи – ҳимоя қўрғони

Агар бир неча йил олдин “Манчестер Сити” мухлисига жамоаси ўйиннинг катта қисмини ҳимояда ўтказади десангиз, у бунга ишонмаган бўларди.

2026 йилга келиб эса, ўтган мавсумдаги жуда омадсиз даврдан кейин Хосеп Гвардиола футболчилари мутлақо бошқача жамоага айланди.

Ҳимоянинг энг муҳим бўғини – яъни марказ Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гехи каби ўйинчилар билан кучайтирилди. Дарвозани қўриқлашга Жанлуижи Доннарумма келиши билан бу қўрғон янада мустаҳкамланди.

Шанба куни “Манчестер Сити” футболчилари “Ньюкасл”нинг ўта кучли босимига дош беришига тўғри келди ва айниқса шу уч футболчи жуда яхши ва ишончли ўйнаб, жамоа учун ғалабани сақлаб қолишга катта ҳисса қўшди.

Бу мавсумда шундай жанговар ҳимоя ўйинлари клуб услубининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда ва ижобий натижалар бор экан, буни инкор этиб бўлмайди.

4. Холанднинг меҳнатсеварлиги

Ҳеч кимга сир эмаски, Эрлинг Холанд — гол машинаси; у қаерда ўйнамасин, рекордлар кетма-кет янгиланаверади.

Бироқ унинг жуда катта меҳнатсеварлиги кўп ҳолларда эътибордан четда қолади, чунки оммавий ахборот воситалари кўпроқ унинг тўпга кам тегиниши ҳақида ёзади.

“Ньюкасл”га қарши баҳсда унинг тўпсиз ҳаракатлари алоҳида мақтовга лойиқ эди — ҳужумчининг энергияси бутун ўйин давомида “Сити” муваффақиятининг асосий омилларидан бири бўлди.

Унинг Нико О’Райлига берган аниқ паси ҳам идеал чиқди, жамоаси учун жуда муҳим уч очкони таъминлаш мақсадида ўйинини мослаштира олганини кўрсатди.

Ҳозир “Манчестер Сити” чемпионлик учун “Арсенал” билан шиддатли кураш марказида турибди ва май ойида соврин тақдири қай томонга оғиши кўп жиҳатдан Холандга боғлиқ бўлади.

5. Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради

Навбатдаги тўқнашув олдидан  “Манчестер Сити” Премьер-лига доирасида “Ньюкасл Юнайтед”га қарши сўнгги 21 та уй ўйинида мағлуб бўлмаган эди.

Ушбу баҳсларнинг 16 тасида мезбонлар ғалаба қозонган, меҳмонлар “Этихад”да элита дивизионда бирорта ҳам муваффақиятга эриша олмаган.

Бу нохуш рекорд яна бир ўйинга узайди, чунки бу галги учрашувни ҳам “Сити” профессионал тарзда охирига етказди. Аммо бу сафар олдинги ўйинлардан фарқли ўлароқ, “шаҳарликлар” ғалаба учун анча тер тўкишига тўғри келди. Ўз ўйингда деворлар ҳам қўллайди, дегани шу бўлса керак.

Ҳусанов “Манчестер Сити” трансфер сиёсатига жиддий таъсир ўтказяпти

Италия матбуоти: Шомуродов қимматбаҳо юлдузларни сўндириб қўйди

Экспертлар хулосаси Ҳусановни хурсанд қилди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!