Ўзбекистон Россияни қандай мағлуб этади? Биздаги асосий муаммо ва мундиалдан нега четда қолгани ҳақида футзалчимиз нима деди?

Хабарингиз бор, айни пайтда Литвада футзал бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтяпти. Баҳодир Аҳмедов бош мураббийлигидаги терма жамоамиз Гватемала, Россия ва Миср билан бирга “В” гуруҳидан жой олган.

Афсуски, вакилларимиз илк турда Гватемалага қарши ўйинда 4:5 ҳисобида мағлубиятга учради. Саноқли сониялар қолганда терма жамоамиз ўз дарвозасидан бешинчи голни ўтказиб юборди.

Жамоа сардори, дарвозабон Рустам Умаров ҳам негадир ўша куни ўзига ўхшамагандек бўлди. Биринчи учрашувдан кейин турли фикрлар янграмоқда. Иккинчи турда терма жамоамизни энди ўта кучли рақиб – Россияга қарши мураккаб учрашув кутяпти.

Бир неча йил давомида терма жамоа шарафини ҳимоя қилган Фарҳод Абдумавлонов негадир мундиалга олиб кетилмади. Ҳар ҳолда кўпни кўрган ва тажрибали футзалчи эди. Албатта, у ҳам Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги иштирокини катта қизиқиш билан кузатяпти. Sports.uz учун бу борадаги бир қатор фикрлари билан ўртоқлашди.

Ҳозирги фаолияти

- Ҳозирда “Пахтакор” клуби билан шартномам тугаган. Шунинг учун фаолиятимни бошқа клубда давом эттиришни истаган ҳолда “Жиззах Хуахин” жамоаси билан шартнома туздим. Ўзбекистон футзал чемпионати бошланишига оз вақт колди. Айни пайтда бўлажак чемпионатга тайёргарлик кўряпмиз.

абдумавлонов5

Гватемалага нега ютқазганимиз ҳақида

- Шахсан менга йигитларимизни ўйиндаги ҳатти-ҳаракатлари ёқди. Гватемалага қарши учрашувда анча ҳужум уюштиришди. Лекин жамоамиз кеч уйғонди. Бундай муҳим беллашувларда ўйиннинг бошидан “настрой” қилиб, тажовузкор ҳаракат қилмаса бўлмайди. Айниқса, стандарт вазиятлар футзалда катта аҳамиятга эга. Кўрганингиздек, охирги гол ҳам стандарт вазиятдан кейин урилди. Омад биздан юз ўгирди, деб ўйлайман.

Абдумавлонов1

Дарвозабон Рустам Умаров хатоларга йўл қўйдими?

- Дарвозабонимиз Рустам Умаров жуда катта тажрибага эга. Бундай ўйинларда албатта Рустамни ўйнатган бўлардим. Киритилган голларда эса ҳимоямизда пала-партишлик рўй берди. Қолаверса, стандарт вазиятларда бундай зарбалар беришга йўл қўймаслик керак эди. Лекин бу футзал бўлгани учун ўйинда бўшашмаслик керак. Кейинги ўйинларда албатта Умаров яхши ўйин ўтказади, деб ўйлайман ва бунга ишонаман.

Абдумавлонов нега термага чақирилмади?

- Терма жамоага чақирилган ҳар бир ўйинчи ўз ўрнига эга футзалчилар. Терма жамоамиз ёшартириш даврида. Албатта, терма жамоадан таклиф бўлса, ҳар доим тайёрман. Лекин кимни чақириш бу мураббийларнинг танлови.

Абдумавлонов3

Россияга қарши ўйинда терма жамоамиз қандай ютиши мумкин?

- Россия терма жамоаси ўтган сафарги жаҳон чемпионатининг финалчиси. Жуда кучли жамоа. Ўз таркибида бир қатор маҳоратли ва номдор футзалчилари бор. Лекин бизни йигитлар ҳам ўз характерига эга ва албатта бундай ўйинларда ким кам хато қилса, ўз мақсадига етади. Бу ўйинда йигитларимизга камроқ хато ва омад тилаб қоламан.

абдумавлонов2

Футзал бўйича чемпионатимиз савияси қандай?

- Бу спорт турини юксалтириш мақсадида биринчи навбатда футзални янада ривожлантиришимиз учун футзал мактабларини очишимиз керак. Бундай мактаблар эса бизда йўқ. Бу эса чемпионатимизнинг савиясига ҳамда ёш футзалчилар етишмовчилигига сабаб бўляпти. Чемпионатимизга қарасак, бор-йўғи саноқли клублар чемпионлик вазифасини ўз олдига қўядилар. Бу табиийки, ачинарли. Аксарият ўйинчилар катта футбол ўйнаб кейин футзалга кириб келишяпти. Футзални эртароқ, ёшлигидан ўргатиб борсак бундай ўйинчилар катта бўлган сари ўз йўлини танлаши мумкин. Ана шунда футзал ёки футболчи учун муносиб кадрларни етиштириб берувчи мактабга айланарди, деб ўйлайман.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар