Қарздорликлардан қутулган

Про-лигада иштирок этаётган “Шўртан” клуби салбий натижа қайд этяпти. Бор-йўғи 5 очко билан охирги ўринда.

Барчага яхши маълумки, клуб йиллар давомида хорижликлардан қарз бўлиб юрди ва бунга яраша турли дисквалификацияларга учради, ФИФАдан тақиқ қўйилди, хуллас кўп қийинчиликларни кўрди.

Яқиндагина “Шўртан” клуби барча қарздорликлардан қутулди. Ана энди клубдагилар эркин ва хотиржам равишда ишлайди, деб турилган бир вазиятда яна бошқа муаммолар ҳам бўй кўрсатяпти. Яхшиси, қолганини клуб бош мураббийи Асрор Алиқуловдан эшитамиз.

“Футболчилардан тежаб қолинган пуллар эвазига қарздорликларни бартараф этдик”

- Жамоада бир ярим йилдан бери қаттиқ тақиқ остида иш олиб боришга мажбур бўлдик. Шунда ҳам ўтган йили клуб ўз олдига юқори вазифа қўйди ва Суперлигага чиқиш учун курашиб кўрди. Бу йил эса кўриб турганингиздек, “Шўртан” про-лигада жон сақлаб қолиш учун ҳаракат қиляпти. Клубнинг бундай аҳволга тушиб қолишига олдинги йилларда тўпланиб қолган қарздорликлар сабаб. Шу орқали “Шўртан” қийин вазиятга дуч келди. Қарздорликларни ниманинг эвазига ёпиш мумкинлиги хусусида бош қотирдик. Натижада жамоада молиявий томондан пулларни тежаб қолиш билан қарздорликларни ёпиш масаласи қўйилган. Биз пулларни нимадан тежадик? Кўпроқ футболчиларнинг иш ҳақларидан. Албатта, биз қийин йўлни танладик. Ўзимиз бера олишимиз мумкин бўлган маошга қараб ўйинчиларни жалб қилдик. Айнан футболчилардан тежаб қолинган пуллар эвазига бир неча йиллик қарздорликларни бартараф этиб келди. Бу ҳол эса айниқса, мураббийлар штаби учун жуда оғир эди. Ўтган йилдан жамоамизда мукофот пуллари бекор қилинган. Буларнинг бари қарздорликларни бартараф этиб, ўзини эркин ҳис қилишига қаратилганди. Аммо “Шўртан” охирги икки йилда оғир режим остида ишлаб келди.

аликулов3_2

“Энди жамоани шакллантириш керак бўлганда эътибордан четда қоляпмиз”

- Хабарингиз бўлса, бу мавсумни ҳаммаси бўлиб 15 та футболчи билан, булардан 13 таси майдондаги ўйинчилар бўлса, 2 таси дарвозабон ва айнан улар билан ўйинларни бошладик. Улар про-лига савияси учун эмас, балки ўзимиз таклиф қилишга қодир бўлган футболчилар эди. Раҳбарият ва “Ўзбекнефтгаз” туфайли ҳамма қарздорликдан қутулдик. Шунда биз ҳамма қийинчилик ортда қолди, деб ўйладик. Аммо ҳозир трансфер ойнаси очилган пайтда “Шўртан”да яна тушунарсиз вазият. Ҳомийимиз алмашган. Биз эса жамоага янги ўйинчиларни таклиф қилишимиз керак. Уларга қандай маош бера олишимизни айтишимиз керак. Аммо клубдаги молиявий ҳолат қоронғу. Трансфер ойнаси ёки футболчилар кутиб турмайди. Тезроқ жамоани шакллантиришимиз даркор. Сафимизда бор-йўғи 15 та ўйинчи бор. Улардан 7-8 таси U-18 жамоасидан. Демак, таркибни тўлдиришимиз лозим. Афсуски, мана шундай пайтда эътиборсиз қолиб кетяпмиз. Қисқа вақт ичида масалани ҳал қилмасак, бизга жуда қийин бўлади. Мураббий сифатида бизни ҳам яхши футболчилар билан ишлагимиз келади. Мухлислар олдида ҳам ўзимизни кўрсатгимиз келяпти. Шу пайтгача бошимиздан ўтказган барча қийинчиликларимиз “Шўртан”ни қарздорликдан қутулиши ва ўзини эркин ҳис қилиши учун эди. Қарздорликларга клуб менежери Шамиль Ярулинни ёки мени ҳеч қандай алоқадор жойимиз йўқ. Биз мана шундай шароитда ишладик, чидадик. Энди бўлса, жамоани шакллантиришимиз керак бўлганда эътибордан четда қоляпмиз. Жамоамизга кўмак керак. Энди шу томонлама қийналяпмиз. Машғулотларни қачондан бошлаймиз, таркибга кимларни таклиф қиламиз, ҳаммаси қоронғу. Ҳомий алмашгани туфайли жамоамизга қандай молиявий ёрдам кўрсатилиши борасида мавҳум бўлиб турибди.

аликулов7

“Клубнинг ҳозирги аҳволидан кейин қайси йўлдан юришимиз қоронғу”

- Бош менежер вазиятни ўзгартириш учун ҳаракат қиляпти. Клуб инфраструктурасидаги барчаси бош ҳомий бўлган “Шўртаннефтгаз”га тегишли. Олдин футбол мактаби номига ишлаган. Футболчи жалб қилишга қанча қийналдик?! Жамоада пойдевор бўлмаган. Футболчилар ўрнини босадиган ёшлар тарбия қилинмаган. Энди шу масалалар бўйича ҳам ишлар қилинди. Фақат вақт керак ва бир неча йил ичида бу ўз мевасини беришни бошлайди. Лекин клубнинг ҳозирги аҳволидан кейин қандай йўлдан юришимиз қоронғу бўлиб қолди. Қисқа вақт ичида муаммоларни ҳал қилиш ва бизга ёрдам керак.

“Мағлубиятларга сабр қилдик, мухлисларнинг ёмон сўзларига чидадик”

- “Шўртан”да шунча вақт ўйнаган футболчиларга миннатдорчилик билдиргим келади. Ҳозирги пайтда мукофот пулисиз футболчиларни ўйнатиш жуда қийин. Баъзида уларнинг ўзлари айтиб қолишади: биз ҳам футболчи олайлик деб. Қийинчиликларни кўрдик, мағлубиятларга сабр қилдик, мухлисларнинг ёмон сўзларига чидадик. Буларнинг барчаси “Шўртан”нинг қарздорликларидан қутулиш учун эди. Яъни, мана шу кунга етиб келиш учун ҳаммасига чидаб келдик. Энди бундан буёғига жамоамизга эътибор керак, қўллаб-қувватлашларини истаймиз.

асрор5

“Футболчиларнинг ойлик маошларини ошириш кўзда тутилган, лекин ҳозирги ҳолатда...”

- Футболчиларимизнинг 5-6 нафари 3 миллион сўм ойлик маош олишади. Қолганлари 1 миллион атрофида. Албатта, қийинчиликлардан кейин уларнинг ойлик маошларини ошириш масаласи кўзда тутилган. Лекин ҳозирги ҳолатда билмадим...Ҳомийимиз аниқ бўлмай туриб, буни амалга ошириш мушкул.

“Про-лидага қолишга ҳали имкониятимиз бор”

- Про-лига 10 августдан бошланса, 10 июлдан йиғилиб, янги футболчиларни жалб қилиб, кейинги давраларга жиддий тайёргарлик кўриш ва жамоани шакллантириш борасида режаларимиз бор. Ҳали қолишга имкониятимиз бор. Айрим янги футболчилар билан оғзаки келишувга ҳам эришганмиз. Таркибимизда кўплаб бўш чизиқлар ва футболчилар етишмовчилиги мавжуд. Илгари мураббий ва ўйинчиларни алдаш каби ҳолатлар юз берган, аммо бизни бу йўлдан юриш ниятимиз йўқ. Агар кимнидир таклиф қилсак, унга келишган ойлик маошни тўлашимиз шарт. Шу боис имкониятимиз етадиган маошларни уларга айтишимиз талаб этилади. Катта-катта ваъдаларни бериб, кейин сўзимизнинг устидан чиқа олмаслик бу бизга ярашмайди. Шунга ўхшаш каби олдинги хатоларни яна такрорлаш ниятида эмасмиз. Тўлашга қурбимиз етадиган пулга яраша футболчи чақирмоқчимиз. Яна қайтараман: бизга ҳомий томонлама эътибор зарур.

асрор2_1

“Мавсумни 15 нафар футболчи билан бошлаш мумкинми?

- Менга таклифлар бўлди. Қийинчиликларни енгиб ўтдик, аммо ҳеч қачон бу ҳақда гапирмаганмиз, чунки бу баҳонадек туюлади. Ҳамма мураббий ҳам жамоасига Суперлига ёки про-лига савиясига қараб футболчи чақиради. 15 нафар футболчи билан чемпионатни қандай бошлаш мумкин? Пандемияда қийин шароитларда ишладик. Майли, ҳаммаси ортда қолди, ўтган кунларни эсламоқчи эмасмиз. Мураббий сифатида бизни ҳам сифатли ўйинчилар билан ишлагимиз келади. Тўғри, сабр керак, кутиб туринглар дейишяпти, аммо сабрни ҳам чегараси бор.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)