"Реал" ёзда кимни сотиб олиши маълум бўлди
Мадриднинг "Реал" клуби келаси ёзда "Комо"дан ярим ҳимоячи Нико Пасни сотиб олмоқчи. Бу ҳақда АS хабар бермоқда.
Манбага кўра, "қаймоқранглилар" ўз академияси битирувчисини 9 млн еврога қайтариши мумкин. Шу билан бирга, бошқа клубларда Испания грандига халақит бериш имконияти бўлмайди. Таъкидланишича, "қаймоқранглилар" хавбекни қайтадан сотишни режалаштирмаяпти.
Аргентиналик футболчи 2024 йилнинг ёзида "Реал"дан "Комо"га ўтганди. Жорий мавсумда Пас барча мусобақаларда 16 та ўйинда майдонга тушиб, бешта гол урган ва бешта голли узатмани амалга оширган. Футболчининг клуб билан амалдаги меҳнат шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt порталида келтирилган маълумотларга кўра, футболчининг бозор нархи 65 млн еврони ташкил этади.
Фикрлар