"Секейранинг барча фикрларига қўшилмасам-да, лекин..." ёхуд "Локомотив" футболчиси клубдан кетадими?

Ўз олдига жиддий вазифаларни қўйган “Локомотив” клуби жорий мавсумни совринларсиз якунлайдиган бўлди. Боиси, жамоа 33 очко билан мусобақа жадвалида 6-ўринда боряпти.

Лекин таркибида яхши савиядаги ўйинчилар талайгина. Айниқса, ушбу мавсумда иқтидорли ҳужумчи Азиз Амонов кўпчиликнинг эътиборини тортди. У ўз ўйини ва голлари билан мухлисларнинг ҳам ишончини қозоняпти. Ушбу мавсумда яхшигина ўсишга эришган футболчини ҳатто “Локо”нинг жорий мавсумдаги энг яхши ўйинчиси деб ҳам ҳисобламоқдалар. Амоновнинг бу масаладаги фикри қандай?

- “Локомотив” жамоасида ўзимни энг яхши ўйинчи, деб айтмаган бўлардим. Чунки жамоадошларим томонидан менга узатиб берган тўпларни ва яратилган имкониятларни голга айлантирганим учун четдан шундай кўринаётгандир. Мухлисларнинг мен ҳақимда илиқ фикрда бўлишларига катта сабаб жамоадошларим бўлади. Тўғрисини айтсам, ўйинимдан қониқмаяпман. Чунки ўйинлар давомида кўплаб хатоларга йўл қўйяпман, - дея бу мавзуда фикрини билдирди, футболчи.

Яқинда “Локомотив” бош мураббийи Микаэль Секейранинг Қўқондаги ўйиндан кейин матбуот анжуманида айтган гаплари шов-шув кўтариб юборди. Унинг фикрларига қўшилаётганлар ҳам, қўшилмаётганлар ҳам бор. Мазкур масала юзасидан Амоновнинг муносабатини билишга қизиқдик.

- Секейранинг айтган барча фикрларига қўшилмасам-да, лекин 80 фоиз гапларига қўшилган бўлардим. Яна билмадим, мендан кўра, ақлли мутахассислар ва профессионаллар шу соҳада ишлайди, ҳаммаси уларга кўпроқ аён, - деди футболчи.

амонов1

Юқорида айтганимиздек, бу йил “Локомотив”нинг олдига қўйган мақсади жиддий эди. Бироқ жамоанинг ўйинида барқарорлик етишмаётгани ҳақиқат. Шунинг эвазига бир қанча очколарни ҳам йўқотди. Ўз ўрнида Азизбек Амонов бунинг сабабини шундай изоҳлади:

- Барқарор ўйин кўрсатишимиз учун вақт керак. Биласиз-ку, футболда мағлубият билан ғалаба доим ёнма-ён юради. Гоҳида омадимиз келмай қоляпти. Чунки биз 90 дақиқа давомида ютиб турсак ҳам ҳужумкор ўйин таклиф қилишга уринаверамиз. “Локомотив” жамоасини барқарорликка эришиши учун бор кучимиз билан ҳаракат қиляпмиз. Насиб қилса, бунга ҳам эришармиз.

Ўйинида ўсиш кузатилаётганини ҳамма эътироф этяпти. Миллий терма жамоа бош мураббийининг ҳам назарига тушиб қолди. Футболчи янги қирраларини кашф қиляпти, десак ҳам муболаға бўлмайди. Бизнингча, бундай ўйинчини ўз сафида кўришни хоҳловчилар ҳам бисёр. Ёки четга кетиш ҳақида ўйлаяптими?

- Хориждан ҳали таклифлар бўлмади. Тўғриси, мени бундан хабарим ҳам йўқ. Аммо ўзимизни маҳаллий жамоалардан қўнғироқлар қилишганида шартномам борлигини айтганман. Чунки ҳали “Локомотив” клубига тегишлиман, яна бир йиллик келишувимиз бор. У ёғига Худо нимани насиб қилган бўлса, ўшани кўраверамиз, - дея жавоб берди.

амонов2

Дарвоқе, “Пахтакор”нинг бирвақт чемпионликни расмийлаштиргани чемпионат савиясига путур етказдими? Бу йил савия пасайдими? Ҳар ҳолда бу борада хилма-хил фикрларни эшитишимизга тўғри келяпти. “Локо” ҳужумчиси эса ўз муносабитини билдирди.

- Бу йилги Суперлигани ўтган мавсумдагига қараганда жуда қизғин ва шиддатли ўтяпти, деб ўйлайман. “Пахтакор” муддатидан олдин чемпион бўлгани билан бу чемпионатимиздаги интригани туширгани йўқ. Бу йил ҳамма жамоа бир-бирига муносиб қаршилик кўрсатмоқда.

Шу билан бирга Амоновдан “Локомотив”нинг ушбу мавсумдаги энг яхши футболчиси дея кимни ҳисоблашини ҳам билмоқчи бўлдик ва бу хусусида шундай деди:

- Мен учун жорий мавсумда Темурхўжа Абдухолиқов ажойиб ўйинлар кўрсатмоқда. У жамоани ҳар томонлама ва ҳар қандай оғир ҳолатдан олиб чиқиб кета олади. Шунингдек, жамоадошларига кайфият ҳам улашади. Темурхўжа Абдухолиқов ҳам инсоний жиҳатдан, ҳам футболчи сифатида ҳақиқий етакчи.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!