Шахмат: “Президент кубоги” халқаро турнирида кимлар пешқадамлик қилишмоқда?

11 ноябрь куни пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида старт олган шахмат бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирда 6-тур ўйинлари ортда қолди. Ушбу мусобақада дунёнинг 9та давлатидан жами 104 нафар моҳир шахматчилар дона суришмоқда.

“Президент кубоги” халқаро турнирида 27 нафар гроссмейстер, 16 нафар халқаро мастер, кўплаб ФИДЕ устаси ҳамда спорт усталари иштирок этишмоқдаки, бу мусобақанинг нуфузи юқори эканлигини англатади.

6-тур ўйинларидан кейин мусобақада 4 нафар пешқадам ажралиб чиқди. Эътиборли жиҳати, улардан икки нафари ҳамюртларимиздир.

Жумладан, ҳамюртимиз Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда украиналик Александр Моисенко устидан ғалабага эришди ва ўз очколари сонини 5тага етказиб, пешқадамлар сафидан жой олди. Нодирбек Ёқуббоев эса қора доналарда бошқа бир украин шахматчиси Виталий Сивукни мағлуб этди ва у ҳам 5 очко билан пешқадамлар квартетига қўшилди.

Россиялик халқаро гроссмейстер Санан Сюгиров эса 6-турда АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган шахматчи Тимур Гареевни доғда қолдириб, қўшимча коэффициентларга кўра, пешқадамликни ўз қўлига олди. Шунингдек, украиналик Виталий Бернадский ҳам 6-турда америкалик Ханс Ниеманн устидан ғалаба қозониб, ўз очколари сонини 5тага етказиб олди.

Бугунги ўйинларда ҳамюртимиз, халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдаров россиялик Максим Матлаков билан дурангга эришган бўлса, ҳамюртларимиз орасида энг юқори рейтингга эга шахматчи Нодирбек Абдусатторов ФИДЕ устаси Муҳиддин Мадаминовни доғда қолдирди. Ушбу натижалардан кейин Синдаров ва Абдусатторов ҳисобидаги очколар сони 4,5тага етди ва улар пешқадамларни таъқиб этишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Президент кубоги” халқаро турнирининг умумий соврин жамғармаси 120 000 АҚШ долларини ташкил этади ва бу мамлакатимиз шахмати тарихида энг юқори соврин жамғармасига эга турнир сифатида тарихга кирди.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!