Шуҳрат Мақсудов

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ҳам айни чоғда ёзги йиғинини олиб боряпти. Ҳар доим ўз олдига юксак мақсадларни қўйиб келадиган ушбу жамоанинг иккинчи даврадан умиди катта. Чунки биринчи даврада йўқотилган очколар ўрнини қоплаш зарур.

“Бунёдкор” клуби мусобақа жадвалида 12 та учрашувда 5 та ғалаба, 3 та дуранг ва 4 та мағлубият қайд этиб, 18 очко жамғариб, 6-ўринни эгаллаб турибди. Шу сабабли иккинчи даврага янада жиддийроқ тайёргарлик олиб бориляпти. Бу борада жамоа бош мураббийи Шуҳрат Мақсудов sports.uz мухбирига фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Ёзги йиғин хусусида

- Авваламбор Қурбон ҳайит байрами муносабати билан барча юртдошларимизни чин кўнглимдан табриклайман. Шу қатори оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳам мазкур байрам билан муборакбод этаман. Пандемия тезроқ юртимиздан даф бўлсин ва яна осуда ҳаёт кечириш насиб қилсин. Энди асосий масалага келсак, биз “Сурхон”га қарши ўтказилган учрашувдан кейин жамоамиз аъзоларини қисқа муддатли таътилга чиқаргандик. Таътилдан қайтганимиздан сўнг, тоғли ҳудудлардан бирида шуғулланиш истагимиз бор эди. Лекин охирги пайтларда пандемия кучайиб кетаётганини ҳисобга олган ҳолда вазиятни ҳар томонлама тарозига солиб кўрдик. Биз йиғинга озчилик билан эмас, балки 35 кишилик катта делегация билан чиқишимизга тўғри келарди. Барибир ҳаммани оиласи, бола-чақаси бор. Якунда барчасини ўйлаб кўрган ҳолда “Бунёдкор” қароргоҳида тайёргарлик кўришга қарор қилдик. “Бунёдкор”даги шароитлар барибир ҳамма жойда ҳам мавжуд эмас. Натижада борига шукр қилиб, ўзимизда тайёргарликни бошлаб юборганмиз. Айтишим мумкинки, машғулотларимизни кўтаринки руҳда ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Футболчиларимизнинг кайфияти ҳам яхши. Бундай деяётганимнинг сабаби шуки, жамоамиз яна “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига қайтадиган бўляпти. Хабарингиз бўлса, орада “Бунёдкор” ҳокимиятга ўтади, деган гап-cўзлар бўлди ва бироз тушунмовчилик бўлиб қолганди. Бунгача ҳомийимиз Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев ўзлари жамоамизга бош-қош бўлиб, футболчиларимизнинг кайфиятини кўтариб келаётганди. Эшитишимизга қараганда, жамоамиз яна “Ўзбекнефтгаз”га қайтди. Албатта, бундан хурсандмиз. Бундан кейин ҳам мухлисларимизни ўзимизнинг ажойиб ўйинларимиз билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. “Бунёдкор” доим халқ учун чиройли ўйин кўрсатишга интилади.

максудов5

Машғулотларда эътибор нимага қаратиляпти?

- Ёзги йиғинимизни бошлашимиздан аввал биринчи навбатда барчамиз тиббий кўрикдан ўтдик. “Covid-19” учун ҳам тест топширдик. Худога шукр, тестнинг натижасига кўра, ҳамма соғ-саломат ўтди. Шундан кейин кунига икки маҳалдан машғулотларни бошлаб юбордик. Эндиликда машғулотларни бир маҳалдан ўтказяпмиз. Хабарингиз бор, 31 июль куни чемпионат доирасида “Пахтакор”га қарши майдонга тушамиз. Тайёргарлик яхши кетяпти. Эрталабки машғулотимизда жисмоний юкламаларга эътибор қаратдик. Кечки машғулотимизда эса асосан тўп билан ишлашга ёндашяпмиз.

максудов_5

Назорат учрашувлари ҳақида

- Йиғинимиз бошлангач, кунига икки маҳалдан машғулотларни ўтказгач, кеча ёшлар жамоамиз билан ўйин ўтказишга қарор қилдик. Бу биз учун яхши ўйин бўлди. Қолаверса, нима учун ёшлар жамоамиз билан ўйнаганимизнинг сабаби шуки, шу баҳонада ўзимиздаги иқтидорли ёшларимизнинг имкониятларини ҳам яна бир бор кўриб олдим. Ушбу учрашув ҳар томонлама фойдали бўлди деб ўйлайман. Бунга қадар ёшлар таркибимизда ўзим учун 50х50 билиб юрган ёшларимизни энди тўлиқ имкониятларини билиб олдим. Энди навбатдаги учрашувларимиз 21 ҳамда 24 июль кунларига мўлжалланган. Аввалига про-лига вакили –“Хоразм” билан ўйнаймиз. Кейин Қирғизистоннинг “Алай” клубига қарши майдонга тушамиз.

максудов1_1

Таркибда қандай ўзгаришлар бор?

- Асосий эътиборимиз барибир биринчи даврадаги йигитларимизга қаратиляпти. Юқорида айтиб ўтганимиздек, жамоамиз ҳомийси аниқ бўляпти. Йиғинимиз бошидан кимнидир чақиришга имкониятимиз йўқ эди. Чунки кимнидир таклиф қилсак, уни нимага асосланиб чақиришимизни билишимиз ва ўзи билан албатта суҳбатлашишимиз керак бўлади. Шу боис биз деярли четдан ҳеч кимни чақирганимиз йўқ. Асосан ўзимизни ёшларимизга таяняпмиз. Биринчи даврада ҳимоямизда айрим муаммолар кўзга ташланиб қолганди. Шунинг учун “Навбаҳор”дан Фарҳод Мираҳматовни таклиф қилдик. Бундан ташқари, про-лигада тўп сурган яна бир иқтидоли футболчини ҳам кўрикдан ўтказяпмиз. Имкон қадар ҳимояни кучайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Ҳозирча Суннат Абдуллажоновга жавоб бердик. Сабаби унинг позициясида ўйнаётган ўйинчилар етарли бўлгани учун бу футболчини ҳимояда синаб кўраётгандик. Абдуллажонов билан икки томонлама келишган ҳолда дўстона хайрлашдик.

максудов3_2

Иккинчи давра борасида

- Ҳар бир мураббий ўз жамоасини авваламбор яхши ўйинларини ва ғалабаларини кутади, худди мухлислар сингари. Мен мураббий сифатида ва ўзим ҳам футболчи бўлганим учун бу спорт турини яхши тушунаман. Футболда ҳамма вақт жамоангиз ютавермайди. Унда албатта ғалаба билан мағлубият ёнма-ён юради. Буни тўғри тушунаман. Албатта, жамоамдан ҳар бир учрашувда чиройли ўйин билан бирга ғалаба кутаман. Асосий ниятимиз, ишқибозларимиз, раҳбарларимиз ва ҳомийларимизни хурсанд қилиш.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар