Ўз вақтида ўсмирлар терма жамоамизни Осиё чемпиони қилган жаҳон чемпионатига олиб чиққан Дилшод Нуралиевнинг ҳам футболда ўз қараши ва имзоси бор. Яъни, унинг ҳам ўзига яраша фикри ҳамда муносабати шаклланган. Шуни инобатга олган ҳолда мутахассис миллий терма жамоамиз ва унинг атрофидаги вазиятга баҳо берди.

Миллий термамизнинг муваффақиятсизлиги хусусида

- Терма жамоамизнинг бундай натижаси кеча бошланиб қолган эмас. Балки Купер пайтида ёки ундан аввал бошланди, дейиш мумкин ва ҳозирги ҳолатга бориб тақалди. Олдинги интервьюларимдан бирида ҳам айтгандим, Равшан Ҳайдаров 2018 йили олимпиячиларимиз билан Осиё чемпиони бўлганди. Финалда Вьетнамни 2:1 ҳисобида ютганмиз. Ўшанда биз учун катта қўнғироқ бўлган. Чунки финалда ўта кучли жамоа эмас, балки Вьетнам билан ўйнаганмиз. Демоқчиманки, бошқа мамлакатларда ҳам футбол ривожланиб бораётганди. Аммо яхши хулоса чиқарилмади. Ўша чемпион бўлган таркибдан кўпчилиги ҳозир миллий термада ўйнашяпти-да. Достон Ҳамдамов, Акром Комилов, Одил Ҳамробеков, Рустам Ашурматов, Ислом Қобилов, Санжар Қодирқулов ва яна бошқалар.

Хуллас, миллий терма жамоамизнинг муваффақиятсизлигидаги барча айбни биргина бош мураббийга юклаб қўйиш нотўғри. Ахир ўша мураббийни кимдир тавсия қилган-ку! Вадим Абрамов ўзидан-ўзи бош мураббий бўлиб қолмаган. Муваффақиятсизлик илдизини чуқурроқ кўриб чиқиш керак. Агар жиддий ўзгариш бўлмаса, кейинги йилларда ҳам бизга қийин бўлаверади. Ҳамма нарсани болалар футболидан бошлашимиз керак. Уларни ёшлигидан ҳар томонлама тайёрлаб борилмаса, миллий терма жамоага қачон ўйинчи етишиб чиқади?

Битта нарсага ишонч ҳосил қилдимки, бизнинг чемпионатда ўйнаган кучли ўйинчи Жалолиддин Машарипов бўлди. Саудия Арабистонида эса Машариповлар жуда кўп. Керак бўлса, ундан ҳам кучли футболчилари бор. Бизда эса Машарипов ёки Шомуродов битта. Саудияликларда эса аксинча. Захирадан майдонга тушган футболчиси ҳам ўйинни кучайтиряпти. Яна ҳам уларнинг энг кучли ҳужумчиси ўйнагани йўқ. Демак, Саудия Арабистонининг миллий чемпионати ҳам кучли. Уларда танлов кўп. Бечора Абрамов ўз кўзи билан кўрган ва ишонган футболчиларни олиб борди. Биз нима учун у ёки бу ўйинчини чақирмади деб гапиряпмиз. Фақат ўз қарашларимиздан келиб чиқиб айтяпмиз. Натижа учун Абрамов жавоб беради ва шундан келиб чиқиб ўз танловини қилди. Мураббий ҳам ўзига-ўзи душман эмас. Ўзига ишонган ва натижа кўрсатаман деган ўйинчилар билан борди. Аммо охир-оқибат кучи ва тажрибаси етмади. Фикримча, мураббийни ишдан бўшатган билан вазият бирдан ўзгариб қолмайди. Чунки футболчиларни ёшлигидан тўғри тарбиялаб, миллий терма даражасигача олиб чиқиш лозим. 10-12 йил олдин ўсмирлар ва ёшларимиз жаҳон чемпионатларига чиқиб ўйнаган ва ёмон натижалар кўрсатмаганмиз. 17-18 ёшда ўз тенгқурлари орасидаги кучлилар билан фарқимиз катта эмас. Аммо олимпия ёшига етганда фарқ катталашиб кетади. Мана шунинг негизини қидириш керак. Сабаби нима? Нима учун ёш футболчиларимиз жаҳон чемпионатида кучлиларга қарши тенгма-тенг ўйнайди-ю, 20-23 ёшдаги пайтда улар билан орадаги фарқ катталашиб кетяпти?

узб_5

Вадим Абрамов ҳақида

- Вадим Абрамов билан бирга ишламаганман. Унинг иш услуби ҳақида ҳар ким турлича гапиради. Миллий терма жамоа бош мураббийининг ишини муҳокама қилишга ҳаққим йўқ. Аммо битта нарсани биламан: Абрамов терма жамоамиз бош мураббийи сифатида Қатардаги Осиё Кубогида 4-ўринни олган пайтда яхши эди. Ўйин услуби билан мухлисларни стадионга келтирди. Зўр демасак-да, ҳар ҳолда яхши натижа кўрсатди. Бу сафар нимадир сабабларга кўра, натижа кўрсата олмади. Шу сабабли энди ҳаммамиз уни ёмон деб ҳисоблаяпмиз. Бутун айбни мураббийдан қидириш керак эмас деб ҳисоблайман. Тўғри мураббийда ҳам хато бордир. Футбол соҳасида ишлаётган ҳар бир инсон ўзидан айбни қидириши керак. Нима учун ёшларимиз миллий терма жамоа даражасигача етиб келишмаяпти? Шунинг сабабини топиб, ишни тўғриласак, шунда жамоа кучаяди. Биз ҳозир фақатгина балиқни бошини кўряпмиз холос. Яна қайтараман: ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиз билан бир неча бор жаҳон чемпионатларига чиқдик ва натижалар яхши бўлди, Осиё чемпиони ҳам бўлдик. Аммо кейин нимага узилиш бўлди? Шундай кетилаверса, қайсидир ёшларимизнинг натижа кўрсатишига кўзим етмаяпти. Ишимизни тўғри йўлга қўйсак, жаҳон чемпионатлари ва Олимпиадаларга чиқа оламиз. Фақат ишлаш тизимини тўғрилаш шарт.

абрамов_12

Одил Аҳмедовнинг терма жамоадаги фаолиятини якунлагани тўғри қарорми?

- Одил Аҳмедов Ўзбекистон учун катта меҳнат қилди. Уни ёшлигидан, аниқроғи Тошкентда “Титов” номли футбол мактабида ўқиганидан бери биламан. Ўзбек футболи ривожига кўп иш қилди. Терма жамоага ҳам катта кучини сарфлади. Энди у ёш эмас, менимча қарорини тўғри ҳам деб ўйлайман. Бу билан ёшларга ҳам йўл беряпти. Ҳозир 35 ёшни қаршилаяпти, кейин жаҳон чемпионати саралашигача у 39 ёшга бориб қолади. У олдини ўйлаб шундай қарор қабул қилди. Бундай футболчи учун фақат миннатдорчилик билдириш керак. Бу каби ўйинчилар камдан-кам чиқади. У қўлидан келганича меҳнат қилди.

Терма жамоамизни энди ким бошқариши керак?!

- Энди тўрт йиллик эмас, саккиз йилга режа тузиб, менталитетимизга мос келадиган хорижлик мураббийларни олиб келган бўлардим. Ўсмирлар, ёшлар, олимпия ва миллий терма жамоаларга хориждан бош мураббийларни олиб келиб, уларнинг ёнига ўзимизнинг маҳаллий мутахассисларни ёрдамчи қилиб, иш ўрганиб, босқичма-босқич ривожлантириш керак деб ўйлайман. Агар менга қолса, Испания футболи методикаси бизга яқинроқ ва шу боис ўша ердан яхши мутахассисларни жалб қилгим келади.

узб1_2

Битта мисол: Қатар терма жамоаси бош мураббийи – испаниялик Феликс Санчес билан биз ишимизни бирга бошлаганмиз. У Қатар ўсмирлари, мен эса Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида иш бошлаганмиз. 1996 йилда туғилган футболчиларга устозлик қилардик. Бизни Қатардаги мусобақага чақиришганида ўйинчиларимиз 14 ёшда эди. Санчес ўша ёш тоифасидаги ўйинчиларга мураббий эди. Биз унинг жамоасини адашмасам 3:0 ёки 4:0 га ютганмиз. Ўшанда Санчес “Аспайр” академиясида ҳам ишларди. Уларнинг директори Бора Милутинович эди. Кейин Осиё чемпионати саралашига бордик. Қатар чиқа олмади, биз Осиё чемпионатига чиқдик, чемпион бўлдик ва жаҳон чемпионатига ҳам йўлланмани қўлга киритдик. Улар эса ҳеч қаерга чиқа олишмади, аммо ишлашга имкон беришди. Кейин Санчес ёшлар терма жамоасига ўтди. Аммо ёшлар билан тузукроқ натижа кўрсата олмади. Кейин ўша таркиб билан олимпия терма жамоасида ҳам ишлади. Менимча, Олимпиадага ҳам чиқа олишмади. Сўнг, Санчесга миллий терма жамоани ишониб топширишди. Охир-оқибат Қатар миллий термаси билан Осиё Кубогини ютди.

Кўрдингизми, битта мураббийга неча йил ишлашга имкон беришди?! Ўша жамоанинг асосий негизини 1993 йилдан бошлаб 1996 ва 1997 йилларда туғилган футболчилар ташкил қилишди. Кўп йиллар унга имконият беришди, ўз услубини қўйиши учун. Якунда натижа берди. Миллий терма жамоасидаги аксар ўйинчилари “Аспайр” академиясида таҳсил олган ва у ерда испаниялик мутахассислар ишлашади. Бизда ҳам шундай системани қўлласа ёмон бўлмайди. Аммо бунга ҳам сабр ҳамда вақт керак, - дея фикр билдирди, Нуралиев.   

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
⚽️FANAT M-YU⚽️
22/06/2021 01:08
To‘g‘ri fikr lekin aynan sen ham poraxo‘rsan esingdami bundan 4 yil oldingi bolalar chempionatida BO‘SM

Минбар

Барча блоглар