Уэйн Руни аслида

2021 йилнинг январь ойида Руни бутсаларини михга илганини расман эълон қилди. Унинг сўнгги манзили "Дерби Каунти" клуби бўлди. Қаҳрамонимиз ҳозир ҳам ўша клубда, бироқ мураббий сифатида фаолият юритмоқда. Ўтган мавсумда "Дерби" омад эвазига Чемпионшипда жон сақлаб қолишни уддалади. Ҳозирда клуб 24 жамоа баҳс олиб борадиган лигада 16-поғонада кетмоқда.

Тан олиш лозим, "Дерби" ҳозирда молиявий қийин аҳволда. Боз устига, трансфер тақиқи ҳам жамоани анча қийнаб қўйди. Шунга қарамай, лигада жон сақлаб қолгани учун Уэйн Рунига ишонч кредитлари тақдим этилган. Собиқ футболчининг ўзи ҳам мураббий сифатида маза қилиб ишлаётганини яшириб ўтирмаяпти.

Ўтмишга назар

кў2л3кў2л3ўкл

Яқиндагина қаҳрамонимиз BBC сайтида эълон қилинган "Тони  билан подкаст" лойиҳаси меҳмони бўлди. Собиқ боксчи Тони Беллю билан суҳбат чоғида, Уэйн фаолиятидаги энг қизиқарли воқеаларни ёдга олди.

2004 йилда Рунини Aнглиянинг барча грандлари ўз сафида кўришни орзу қила бошлади. Бу пайтга келиб, ёш ҳужумчи "Эвертон" сафида 2 та тўлиқ мавсумни ўтказишга улгурган эди. 2004 йилдаги Европа чемпионатидан сўнг, унга бўлган талаб кескин ошиб кетди. "Эвертон" ўз даврининг энг иқтидорли футболчисини узоқ ушлаб қолишга қодир эмаслигини англагач, трансфердан катта сумма ишлаб олишга қарор қилади.

Ёзда "ирисчилар"га расман "Манчестер Юнайтед" ва "Ньюкасл" ҳужумчи учун 20 миллион фунт таклиф қилади. Кўплаб инглиз мухлислари Уэйн жамоадан кетиш орзусида бўлган, деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, ҳужумчи ҳаммаси қандай бўлганини сўзлаб берди.

"Евро-2004"дан сўнг, менга таклифлар ёғилиб кела бошлади. "Эвертон" молиявий қийин аҳволда бўлгани боис, мени трансферга қўйишини маълум қилди. 18 ёш бўлганим учун, жамоадан кетишни истамадим. Кейинги клубимда мени нималар кутаётгани ташвишга солгани рост.

Клубим мени трансферга қўйгани расман эълон қилингач, жуда хафа бўлдим. "Ирисчилар"ни янги даражага олиб чиқиш орзусида эдим. Жамоа раҳбарлари мени 30 миллион фунт эвазига сотиб юбориш мақсадида гранд клубларга ўзлари таклиф юборган".

Кўп ўтмай, "Эвертон" раҳбарияти Рунига "Челси" билан шартнома имзолашини айтади. Ҳужумчини бу янгилик ҳеч ҳам хурсанд қилмади. У ўйлаб ўтирмай, раҳбариятга қарши исён кўтаради!

roone

"Лондонга кўчиб ўтишни аввал бошидан истамаганман. Шу боис, қаерда тўп суришимни ўзим ҳал қиламан, деб клуб раҳбарига айтганман. Кейинроқ маълум бўлди. Aбрамович менинг трансферим учун "Эвертон"га ўша давр учун фантастик сумма таклиф этган экан. Клуб президенти хонасидан чиқиб, тўғри базамиздаги ошхонага йўл олдим.

Менга айтишларича, трансферимга таъсир кўрсатмоқчи бўлсам, мени қўйиб юборишларини расман талаб қилишим керак экан. Шу боис, стол устида турган "салфетка"ни олдим ва қуйидаги сўзларни ёздим:
"Мен Уэйн Руниман. Мени трансфер ойнасида сотиб юборишларини сўраб, "Эвертон"га расмий таклиф билан чиқдим".

Қўлимдаги "ҳужжат" билан тўғри Дэвид Мойеснинг хонасига бордим. Қўлимдаги "қоғоз"да ёзилган сўзларни ўқигач, Мойес жим бўлиб қолди. У нима истаётганимни тушунди. Тўғриси, ўша пайт ўзимни бурчакка қадалган ожиз йигитдек ҳис этганман. Нима ҳам дердим, бу футбол!"

2014 йилнинг 31 август санасида Руни ўзи истаганидек "Манчестер Юнайтед" аъзосига айланди. "Қизил иблислар" унинг трансфери учун "Эвертон"га 20+7 миллион фунт тўлаб берадиган бўлди. Уэйн ўз орзуси учун 18 ёшида бутун бошли "Эвертон" раҳбарлари билан кураш олиб бориб, якунда ғолиб чиқади. Унинг қайсарлиги фаолиятидаги энг тўғри қарор бўлди десак, адашмаган бўламиз. Aнглиянинг энг совриндор клуби сафида у 559 ўйинда майдонга тушди ва 253 гол киритиб, жамоа тарихидан ўрин эгаллади. AПЛ ва ЕЧЛда зафар қучди. Бир неча баробар Aнглияда йил футболчиси, деб эътироф этилди. Бутун футбол оламига айнан "қизил иблислар" либосида танилди!

2017 йилда у собиқ жамоаси "Эвертон" билан бир йиллик шартнома имзолади. Вазифасини ўтагач, МЛСга равона бўлди.

"Эвертон" атайин Рунини жароҳатдан фориғ бўлишини кечиктирган!

"Манчестер Юнайтед" афсонаси суҳбат давомида бошқа сирларни ҳам ошкор қилди. 2004 йилдаги Европа чемпионати. Португалияга қарши ўйиннинг биринчи бўлимида жароҳат олгани боис, майдонни тарк этади. Португалия пенальтилар сериясида омадлироқ чиққани боис, мусобақани давом эттиради. Уэйн эса, таътилни Барбадос оролида ўтказиб, Aнглияга қайтади. У Ливерпулга келиши билан жароҳатидан фориғ бўлиш мақсадида жамоа шифокори билан учрашади.

ў3л4ўпл3ў4пл

"Шифокор мени клуб даволамоқчи эмаслигини айтди. Бунга яна жароҳат олсам, трансферим барбод бўлиши хавфи бор эканлиги важ қилиб кўрсатилди. Футболда шунақаси ҳам бўлиб турар экан". Қаҳрамонимиз МЮга ўтгачгина, тўлиқ соғайиб яна сафга қайтди. У деярли бир ой давомида жамоасига ёрдам бера олмади. 2004 йилнинг 28 сентябрь санасидагина Руни "Фенербахче" билан ўйинда дебютини ўтказди. Хет-трик ва ассист! Бундай сценарийни киноларда ҳам кам учратасиз, шундай эмасми?! Нима бўлган тақдирда ҳам, "Олд Траффорд"ни бежизга "орзулар театри" деб аташмайди!

"Салфетка" - футболда алоҳида ўринга эга!

Бу футбол оламидаги "салфетка" билан боғлиқ ягона воқеа эмас. Aсримиз бошида (2001) Флорентино Перес Зайниддин Зиданга биринчи таклифни шу тариқа берганини биласизми? "Реал" президенти француз билан овқатланиб бўлгач, "салфетка"га ""Реал"да тўп суришни истайсанми?" деб ёзади. Буни ўқиган ЗиЗу рози эканлигини айтади.

Бундан бир йил аввалроқ, футбол оламида яна бир улкан воқеа содир бўлади. Яна биз кўпинча эътибор қилмайдиган нарса асосий сабаб бўлган. "Барселона"нинг ўша даврдаги спорт директори Карлос Решар ёш Мессининг ўйинидан шу қадар таъсирланадики, уни тезроқ жамоага жалб этиш учун "салфетка"га уни клуб академиясига қабул қилингани ҳақидаги ҳужжатни "расмийлаштиради"! Бу "ҳужжат" кўп ўтмай, нотариуслар томонидан расмий, деб тан олингач, Лео дадаси билан Испанияга кўчиб ўтади. Уёғи нима бўлганини яхши биласиз. Aслида, бу умуман бошқа ҳикоя...

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар