“Халқаро автомобилсиз кун” доирасида халқаро давра суҳбати ўтказилди

Жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг кенг қатлами, айниқса ёшлар, аёллар ва кексаларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш, оммавий спортни инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий саломатлик асоси эканини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 22 сентябрь – Ўзбекистонда “Автомобилсиз кун” деб эълон қилинди.

Ушбу кун доирасида юртимизда ҳам бир қатор тадбирлар ўтказиб келинади. Чунончи, бугун “Халқаро автомобилсиз кун” доирасида “Билим ва фаол ҳаракатларни кенгайтириш орқали Ўзбекистонда глобал йўл ҳаракати хафсизлигини такомиллаштириш” мавзусида гибрид шаклида халқаро давра суҳбати ўтказилди.

"Zoom" платформаси орқали ташкил этилган давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов, БМТнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус вакили, Халқаро автомобил федерацияси президенти Жан Тодт, Ўзбекистон Миллий автомобил клуби жамоатчилик бирлашмаси президенти Элбек Шукуров, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианна Куппенс хоним ва бошқалар иштирок этди.

Таъкидлаш керак, Барқарор ҳаракатланиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан шу кунга қадар 5та қонун қабул қилинди ёки қайта кўриб чиқилди, 7та Президент қарори, 50дан ортиқ ҳукумат қарорлари ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги ва йўл полицияси ходимлари хизматига тегишли 70дан ортиқ идоралараро норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Сўнгги вақтларда юртбошимиз бошчилигида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб одамларнинг спорт билан шуғулланишга, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Турли марафонлар ва мусобақаларнинг ўтказилиши ҳамда уларга бўлган қизиқишнинг кучайиб бораётганлиги шундан далолат беради.

- “Халқаро автомобилсиз кун” муносабати билан давлат идоралари ва маҳаллий органлари раҳбарларини шахсий намуна кўрсатиб, 22 сентябрь “Халқаро автомобилсиз кун” тадбирларида фаол иштирок этишга чақираман. Шу билан бирга, илм-фан, маданият ва спорт соҳалари ходимлари ҳамда ОАВ вакилларини, қолаверса барча юртдошларимизни шу куни оммавий тадбирларда фаол иштирок этишга ҳамда бир кун давомида автомобил ўрнига велосипеддан фойдаланиш ёки пиёда ҳаракатланишга чорлаб қоламан. Автомобилсиз кун акцияси доирасида #carfreeday_uzbekistan, #shaxsiynamunakursat, #avtomobilsizbirkun хештегларидан фойдаланиб, яна-да кенг аҳолини қамраб олишни таклиф этаман. Зеро бу каби тадбирларни ўтказиш мамлакатимизда йўл харакати хафсизлигини яна-да такомиллаштириш, шаҳар аҳолиси ўртасида экологик маданият ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни мақсад қилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ўз тавсияларида жисмоний фаолликни ошириш инфецион, юрак-қон томир, саратон ва қандли диабет касалликлар профилактикасида муҳим ўрин тутишини таъкидлайди. Шундай экан, фикримча, айни дамда дунёда пандемия билан боғлиқ вазиятда бундай акциянинг ўтказилиши айни муддаодир”, - дейди Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов.

Халқаро давра суҳбатида ўз маърузалари билан иштирок этган ҳар бир спикер бугунги кунда атроф-муҳит ва ҳавонинг ифлосланиши, инсониятнинг табиатга бўлаётган шавқациз муносабати натижасида кишилик жамияти саломатлиги жиддий хавф остида қолаётганини алоҳида таъкидлаб, барча юртдошларимиз ва меҳмонларни “Автомобилсиз кун” тадбирида фаол иштирок этишга чақиришди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, жаҳон бўйлаб “Автомобилсиз кун” акцияси ҳар йили 22 сентябрда ўтказилиб, инсонларни бир кун давомида автомобилсиз юришга чақиради. Тарихга эътибор қаратадиган бўлсак, “Автомобилсиз кун” ғояси 1995 йилда Буюк Британияда пайдо бўлган ҳамда қисқа муддатда бутун дунёда кенг оммалашган. 2000 йилдан бери 22 сентябрь “Бутунжаҳон автомобилсиз куни” сифатида нишонланади. Ҳозир дунёдаги 3 000та шаҳарда истиқомат қилувчи 100 миллиондан ортиқ аҳоли “Халқаро автомобилсиз кун”ни кенг нишонлайди.

Пойтахтимиз Тошкентда ҳам “Автомобилсиз кун” доирасида қатор тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Жумладан, Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, велосипедни транспорт сифатида оммалаштириш, шаҳар аҳолиси ўртасида экологик маданиятни тарғиб этиш мақсадида "Тунги велосайр" фестивали ташкил этилади.

Фестивал доирасида Тошкент шаҳрининг тунги гўзаллиги, маданий хусусиятлари кенг тарғиб қилиниб, аҳолининг турли қатламлари иштирокида велосайр, скейтларда, самокатларда ва роликларда учиш, шунингдек, моҳир велосипедчилар томонидан аҳолига веломаҳорат дарсларини намойиш этиш ўрин олган.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот матбуот хизмати

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)