Жамшид Саидов: "Бухоро"нинг асосий мақсади ОЧЛда иштирок этиш
Хабарингиз бор, айни пайтда “Бухоро” клуби Тошкентда кишки йиғинни олиб бормоқда. Жамоа йиғини, ўзгаришлар ва етакчилар билан боғлиқ масалалар борасида клуб бош мураббийи Жамшид Саидов SPORTS.uz сайти учун интервью берди.
Жамшид ака “Бухоро”нинг тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?
- “Бухоро” Тошкентдаги йиғинни январдан бошлади. Эрталаб “Обод” стадионида машғулотлар ўтказсак, кечки пайт “НБУ-Осиё” ўйингоҳида шуғулланамиз.
Дастлабки ўртоқлик ўйинимиз “Бунёдкор” ўринбосарлар жамоасига қарши ўтказдик. Жамоа таркиби ҳали тўла эмас. Бугунги ўйинда асосан ёшлар майдонга тушди. Ҳозир уларга имконият бермоқдамиз. Етакчилар эса секин-аста клубга келиб қўшилишмоқда.
“Бунёдкор” билан ўйин бизнинг дастлабки ўртоқлик учрашувимиз эди. Энди “Нефтчи” ва “Обод” билан ҳам назорат баҳслари ўтказамиз. Шундан сўнг бу босқичдаги йиғинимиз якунланади. Сўнгра 3 кунга футболчиларга жавоб берамиз. Кейин эса яна Тошкентда йиғиламиз.
Ўтган йилги ўйинлари орқали “Бухоро” кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. Шундай экан янги мавсумда бу жамоанинг мақсади борасида барча бирдек қизиқмоқда. Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз?
- Айни пайтда аниқ шу бизнинг мақсадимиз деб айта олмайман. Лекин биз камида ўтган йилги натижани такрорлашга ҳаракат қиламиз. Ҳозирда бизда раҳбариятда ўзгаришлар бўлди. Шунинг учун ҳали аниқ бир мақсад борасида маълум қилинмади. Лекин биз ҳаммаси яхши бўлади деб умид қиламиз.
“Бухоро” клуби сардори ҳисобланган Шавкат Саломов Малайзиянинг “Т-Тим” жамоаси йиғинида иштирок этди. Унинг келажаги борасида мухлислар қизиқишмоқда. Айтингчи, Саломовни янги мавсумда ҳам “Бухоро” сафида кўрамизми?
- Буни вақт кўрсатади. Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Кеча Азиз Ибрагимов Чехиядан келди. Бугун у жамоа билан бирга. Ўртоқлик ўйинида ҳам иштирок этди. Шавкат Саломов ҳам кеча Малайзиядан қайтди. У билан гаплашиб олишимиз керак. Биз нафақат Саломовни балки, клубнинг барча етакчиларини олиб қолишга ҳаракат қиламиз. Бизнинг асосий вазифамиз ўтган йилги жамоа ўзагини сақлаб қолиш.
Янги мавсум олдидан “Бухоро” ўз сафига легионер ҳам қўшиб олиши мумкинми?
- Албатта, 2016 йил “Бухоро” футболи савиясини кўтардик. Шунинг учун янги мавсумда ҳам янада яхши натижалар кўрсатишга интиламиз. Биздан мухлислар янада кўпроғини кутишмоқда. Албатта, биз уларга муносиб жавоб беришни истаймиз. Қолаверса, ОЧЛга жамоани олиб чиқишни хоҳлаймиз. Бу барчанинг орзуси.
Биз ўтган мавсумнинг биринчи даврасида легионерларсиз ҳаракат қилдик. Иккинчи мавсумда эса Вадим Чемиртанни қўшиб олгандик. Лекин у яқинда “Бунёдкор”га ўтиб кетди. Биз шундай футболчи топишимиз учун вақт керак. Легионер масаласида шошиш керак эмас. Биз чет-эллик футболчини чақиришдан олдин унинг натижаларини яхшилаб кўриб чиқамиз. Чемиртан ҳам ҳудди шу тарзда бизнинг клубга келиб қўшилганди. Аммо ҳозирча легионер масаласи бизнинг кун тартибимиздан ўрин олмаган.
Агар “Бухоро” легионерларга эҳтиёж сезса, бу қайси чизиқ футболчиси бўлиши мумкин?
- Ҳозир жамоа тўлиқ ҳолда йиғилса кейин қандайдир тўхтамга келишимиз мумкин. Тўғри, барча чизиқларда муаммолар бор. Ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужумда ҳам. Биз янги мавсум учун рақобатбардош жамоа шакллантиришимиз керак. Шунинг учун ҳар бир позицияга кучли футболчилар керак.
Жамшид ака, биз учун вақт ажратганингиз учун раҳмат. “Бухоро” клубига янги мавсумда ҳам омад тилаб қоламиз.
- Раҳмат.
Бекзод ИСАЕВ
Фикрлар