Легионерларимиз ҳафта давомида. 1 қисм

Одатимизга кўра, хориж чемпионатларида тўп сураётган футболчиларимизнинг дам олиш кунлари бўлиб ўтган ўйинлари ва уларда ҳамюртларимизнинг иштироки ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

>>Бу мавсум авотогол муаллифи бўлган 10 нафар юлдуз футболчи

>>Мадрид дербиси тарихидаги энг яхши 5 тўпурар

>>“Атлетико” ва яна 5 та Роналдунинг Ла лигадаги севимли жамоалари

Япония

Фозил Мусаев тўп сурадиган “Жубило Ивата” Ж лиганинг 6-турида “Йокогама” меҳмони бўлди ва 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Ҳамюртимиз учрашувда тўлиқ ўйнади. Айни вақтда “Жубило Ивата” 6 ўйинда 7 очко тўплаган холда турнир жадвалида  18 жамоа орасида 13-ўринда бормоқда.

Жанубий Корея

Жанубий Корея биринчилигида ҳам 6-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Баҳодир Пардаев тўп сурадиган “Бучеон” жамоаси “Сеонгнам” жамоаси меҳмони бўлиб, сафарда 2:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди. Пардаев 70-дақиқада заҳирадан ўйинга қўшилди.

Баҳодир Насимовнинг “Ансан Гринерс” жамоаси эса ўз майдонида “Сувон”ни қабул қилди. Голларга бой ўтган баҳсда кучлар тенг келди – 3:3. Насимов майдонда 66 дақиқа ҳаракат қилди ва жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди.

6 турдан сўнг “Бучеон” 12 очко билан 3, “Ансан Гринерс” эса 7 очкоси билан 6-ўринда бормоқда. Маълумот учун, ушбу лигада 10 та жамоа иштирок этади холос.

>>ЕЧЛ. “Боруссия Дортмунд” – “Монако” учрашувига оид фактлар

Қатар

Юлдузлар лигасида эса 25-тур ўйинари бўлиб ўтди. Сардор Рашидов тўп сурадиган “Ал-Жаиш” “Ал-Гарафа” меҳмони бўлиб, 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди ва мавсумни медалларсиз якунлайдиган бўлди. Рашидов майдонга иккинчи бўлим аввалида майдонга туширилди.

Санжар Турсуновнинг “Ал-Харитият” жамоаси  эса Сато Минори тўп сурадиган “Ал-Муайдар”га қарши баҳс юритиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Эътиборлиси, иккинчи голга айнан Турсунов муаллифлик қилди. Санжар мазкур баҳсни тўлиқ ўтказди.

Санжар Шоахмедов хамда Темурхўжа Абдухолиқовлар тўп сурадиган “Ал-Сайлия” Хави фаолият юритадиган “Ал-Садд” меҳмони бўлди. Қизиқарли кечган баҳсда кучлар тенг келди – 2:2. Санжар Хави жамоасига гол киритишнинг уддасидан чиқди. Шундай бўлсада, уни 83-дақиқада алмаштиришди. Абдухолиқов эса тўлиқ ўйнади.

Қатарда мавсум якунланмоқда ва чемпионат якунланишига бир тур қолганида “Ал-Жаиш” 45 очко билан 4, “Ал-Сайлия” 28 очко билан 8, “Ал-Харитият” эса 31 очкоси билан 7-ўринда бормоқда.

Хитой

Хитой Супер лигасида 4-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Одил Ахмедов тўп сурадиган “Шанхай СИПГ” ўз майдонида “Шандун Луненг” жамоасини қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ахмедов майдонда тўлиқ ҳаракатланди.

Анзур Исмоиловнинг “Чангчунь Ятай” жамоаси эса ўз майдонида “Лиаонинг” билан муроса кўчасини танлади – 1:1. Исмоилов қайдномага ҳам киритилгани йўқ.

Егор Кримецнинг “Бейжинг Гуоан”и эса ўз майдонида “Хенан” клубини қабул қилди ва минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Ҳамюртимиз учрашув қайдномасига ҳам киритилмади.

Айни вақтда турнир жадвалида 9 очкоси бўлган “Шанхай СИПГ” иккинчи, Кримец жамоаси эса 7 очкоси билан 6-ўринда бормоқда. Исмоилов жамоаси эса хали ғалаба нималигини билганича йўқ ва 1 очко билан охиргидан олдинги ўринда бормоқда.

Россия

Премьер лиганинг 22-турида Виталий Денисов тўп сурадиган “Локомотив”  жамоаси “Ростов”га қарши баҳс олиб борди ва учрашув нурсиз дуранг билан ниҳоясига етди. Ҳамюримиз учрашувни тўлиқ ўтказди.

Вадим Афонин фаолият олиб борадиган “Оренбург” эса бугун “Урал” жамоаси меҳмони бўлади.

“Локомотив” айни вақтда ҳисобида 31 очкоси билан 9-ўринда бормоқда. Битта кам ўйин ўтказган “Оренбург” 16 очко билан 15-поғонадан ўрин эгаллаган.

Малайзия

Малайзия Супер лигасида эса 9-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Дилшод Шарофетдинов хамда Фарход Тожиевлар фаолият олиб борадиган “Т-ТИМ” жамоаси сафарда “Перак” билан баҳс олиб борди. Ўйин 2:2 ҳисобидаги жанговор дуранг билан ниҳоясига етди. Тожиев учрашув қайдномасига ҳам киритилмаган бўлса, Дилшод ўйинни тўлиқ ўтказди хамда жамоасининг дастлабки голлига муаллифлик қилди.

Мазкур учрашувдан сўнг “Т-ТИМ” 10 очко тўплаган холда 7-ўринда бормоқда.

Тавсия этамиз: 

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!