"Абрамовнинг шикояти нотўғри эди. Агар менга намоз ўқима дейишса, футболни ташлаб кетаман!" Футболчи қиз Солиҳа Ҳусниддинова билан интервью

SPORTS.uz интервью рукнидан ўрин олган суҳбатларни давом эттиради. Бизнинг бу галги суҳбатдошимиз аёллар футболи бўйича яхши натижалар қайд этаётган, терма жамоамиз вакиласи Солиҳа Ҳусниддинова.

Истеъдодли футболчимиз суҳбат жараёнида футболни "чиритаётган" ҳолатлар, Кореядан учралган йирик ҳисобдаги мағлубият сабаблари, Абрамовнинг намоз бўйича шикояти ва бошқа долзарб мавзуларда ўз фикрини билдирди.

Ассалому алайкум, Солиҳа.

-Ассалому алайкум.

Энг аввало, ўзингизни таништирсангиз. Мен-ку сизни танийман, аммо кимдир сиз ҳақингизда тўлиқ маълумотга эга бўлмаслиги мумкин.

-Мен Ҳусниддинова Солиҳа 1998 йил 22 январь куни Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида туғилганман. Айни дамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзосиман.

Футболга қачон кириб келгансиз ва бунга ким сабабчи бўлган?

-Футболга ёшлигимдан қизиққанман. Мактабда ўғил болалар билан тўп тепиб юрар эдим. 7-синфлигимда биринчи мураббийим Шуҳрат Файзиев кўриб қолган ва ўша пайти янги очилган "Қушбеги" клубига таклиф қилганлар. Дадам билан гаплашиб, жамоага қабул қилган эдилар.

Оилангизда яна футболчилар борми?

- Йўқ оилада ягона спортчиман.

photo_2019-09-09_16-27-38

Футболчи қизни оилада қандай қабул қилишади?

-Энг бошида онам бироз қаршилик кўрсатганди. Лекин ҳозир ота-онам ва акам қўллаб-қувватлайди.

Сизнингча, бугун аёллар футболи қайси даражада?

-Агар ўзим учун деб ҳисобласак, режаларим жуда кўп. Европа клубларида ўйнашни мақсад қилганман. Ўсиш маъносида эса, сўнгги йилларда даражамиз кўтарилгани ва бундан 5 йил олдинги шароитлардан анча яхшиланганини айтган бўлардим.

Айнан қайси клублар ўйинини томоша қиласиз ва қайси жамоада тўп суришни хоҳлайсиз?

-Тўғрисини айтсам, охирги 8 ой футбол мусобақаларини кўрмадим, ўзимни қийнагим келмади. Футболчиларга келсак, Европадан Марсело ва Роналдуни ўйинини кузатиб бораман.

Ўзингиз ҳам баҳсларда уларнинг ҳаракатларини такрорлаб турасизми?

-Кўпинча Марселонинг дриблингларини такрорлашга ҳаракат қиламан.

photo_2020-09-13_15-45-50

Агар сиз мутасаддилар қаторида бўлганингизда, аёллар футболининг қайси жиҳатларига алоҳида эътибор берган бўлардингиз?

-Клублар ва ёшлар бўлимига, чемпионатда қатнашадиган жамоалар савиясини оширишга алоҳида эътибор берган бўлар эдим. Чунки фақат номига иштирок этадиган клублар ҳам йўқ эмас.

Айнан бугун сизни хавотирга солаётган, яъни футболни "чиритаётган" ҳолатлар ҳам бўлса керак?

Юқори савиядаги клублар томонидан аёллар жамоасига эътибор ва маблағ кам ажратилиши, айрим қизлар эса орзуси, мақсади ва ҳоббийси бўлгани учун эмас, фақат пул топиш учун футбол ўйнаётгани бугун футболимиз "оёғига болта урмоқда". Ойликлар вақтида берилмаслиги энг оғриқли нуқтамиз!

Моддий томондан қийинчиликлар бўлса керак?

- Ҳа, кўпинча бундай ҳолат кузатилади. Чунки баъзи қизлар ижарада яшайди, озиқ-овқати ҳам кўпинча муаммо бўлиб қолади. Баъзи клубларда 3 ойда бир марта маош олишади. Энди ўйлаб кўрсак, ҳамма ҳам оиласи билан яшамайди, талабалар ҳам тўп суради. Ҳар куни Чирчиққа қатнаш керак. Агар ойликлар, бонус ва мукофот пуллари вақтида ҳисобингизга тушиб турса, ким ўсишни хоҳламайди?! Мисол учун, "Локомотив", "Пахтакор"да 1-1,5 миллион маош беришади, "Бунёдкор", "Севинч" ва "Жиззах"да икки баробар кўп пул тўлашади. Ҳамма қизлар зўр футбол ўйнаб, ўша клублар сафига бориб қўшилишни истамайдими? 

photo_2020-09-13_21-38-23

Шу сабабли четга трансфер амалга оширишга кўп ҳаракатлар бўлса керак. Биламизки, у ерда шароитлар ҳам таҳсинга сазовор.

- Четга чиқишга ҳаракатлар жуда кўп бўлади. Лекин бу менталитетимизга бироз тўғри келмайди. Нега? Чунки ёши етиб қолади, турмуш қуриш вақти яқинлашади ва ота-онаси ёнидан узоқлаштиргиси келмайди. Ёлғон бўмасин-у, терма жамоада ўйнайдиган 6-7 та қизга Европа, Осиёдан таклифлар бўлади. Юқорида айтганимдек, кўпинча менталитетимиз ҳалақит беради. 

Терма жамоа либосида тўп суриш жуда ифтихорли туйғу экани аниқ. Қандай машаққатлар талаб қилиниши сизга маълум. Хўш, терма жамоада ўйнаш учун қандай хусусиятга эга бўлиш керак?

Миллий терма жамоада ўз кучига ишонган ҳар қандай қиз тўп тепиши мумкин. Қолаверса, ёш, таниш-билиш ҳеч қандай роль ўйнамайди. Жамоага энди келган қизлар билади, ҳар қандай терма жамоада босим бўлади. Чунки бу ерда вилоятдаги энг яхши футболчилар йиғилган ва сиз ўзингизга ишониб, ўйнаб кета олишингизга уларни ишонтирсангиз, жуда яхши кутиб олишади. Яна кўп кузатаман, маош олади ва шу пул уларга етади. Ўша пул билан яшаб юришга рози бўлишади. Агар икки йил кам ойлик олиб бўлса ҳам меҳнат қилса, юқори натижага эриша олади. Билмадим, балки улар ўз кучига ишонмас, кимдур мотивация бермас, йўл-йўриқ кўрсатмас.

Сизга ҳам таклифлар бўлдими, чунки футбол кўрамиз, имкониятларингиздан етарлича фойдалана оласиз?

- Таклифлар бўлди, фақат ҳозирча, буларни сир сақламоқчиман. Ҳозир тикланиш ишлари билан бандман ва Худо хоҳласа, Европани кўзлаб турибман.

Турмуш қуриш вақтига етгансиз ва ўзингиз айтганингиздек, бу қайсидир маънода ҳалақит бериши мумкин...

- Бу ҳақда ҳам жуда кўп ўйладим, онам билан ҳам маслаҳатлашдим. Айни пайтда Жисмоний тарбия институтида таҳсил оляпман. Фақат футбол ўйнайман деб, оила қуришни кечиктирмоқчи эмасман. Қиз бола учун оила биринчи ўринда бўлиши керак. Оила аъзоларим ўқишни битиргунимча футбол ўйнашимга рухсат беришган. Ҳамма нарсани олдиндан айтиб бўлмайди, турмуш ўртоғим рози бўлса, яна давом эттираман. Лекин футболдан кетиш ниятим ҳам йўқ эмас. Имконим, вақтим борлигида ўйнамоқчиман.

Турмуш қуриш ҳақида нима дея оласиз, яъни яхши кўрган инсонингиз борми?

-Яхши кўриб, севишган инсоним йўқ. Тўғриси, ҳали бўлмаган нарсага хаёлимни чалғитгим келмайди.

Бугун терма жамоага қайси клублардан кўпроқ футболчи жалб этилади.

-Кўпроқ "Бунёдкор", "Севинч", "Жиззах" терма жамаони аъзоси ҳисобланади. Қолаверса, АГМК ва "Металлург"дан ҳам қизлар чақирилади.

photo_2019-09-09_10-16-37

Қайси футболчиларни алоҳида келтириб ўта оласиз? Маҳорат жиҳатидан.

Маҳорат жиҳатидан? Людмила Карачик билан бирга ўйнаганмиз ва биламанки, у Европанинг хоҳлаган клубида ўйнаб кета олади. Меҳнати ва қобилияти сабабли ҳар қандай эркак футболчидан ҳам яхшироқ ўйнайди. Бундай қизлар кўп: Умида Зоирова, Мафтуна Шоимова шулар жумласидан. Терма жамоада энг катта ёрдам берадиган футболчиларнинг камида 12таси ҳар қандай чемпионатга мос ўйнай олади. Ёш қизларимиз, яъни 17 ёки 18 ёшлилар ҳам терма жамода ажралиб туради. Негаки, улар ўсиш жараёнида. Мураббийлар шу вақтда шогирдларига тўғри йўналиш кўрсатса, ўйлайманки, терма жамоамиз ҳам сезиларли ўсишга эришади.

Иккита ўйин эътиборимни тортди. Яъни Мўғулистон 12:0 ҳисобида мағлуб этилди. Лекин Жанубий Корея дарвозасига йўл топа олмадик.

- Тўғрисини айтсам, Мўғулистон билан баҳсни кузатмадим. Билардим, Ўзбекистон учрашувда фаворит эди. Рақибимиз савия жиҳатидан анча паст. Қолаверса, сиздан кучсиз жамоа билан ўйинда хоҳлаган ишингизни қила оласиз. Жанубий Корея эса, Осиёдаги энг кучли жамоалардан бири. Бизнинг қизлар жуда яхши, тенгма-тенг ўйнади. Лекин жисмоний жиҳатдан барибир ютқаздик. Кореяга етарлича қаршилик кўрсатдик, гол уролмаганимиз эса тажрибамиз етишмаганидан деб ўйлайман.

Сўнгги нуқтани қўйиш жуда қийин бўлди. Терма жамоага бугун чақирув олмаётган ҳужумчилар ҳам йўқ эмас. Мураббий яна қайси футболчиларни терма жамоага жалб қилиши мумкин эди?

Ҳозирги терма жамоани ҳозирги таркиби ҳам ёмон эмас. Ўзбекистондаги энг яхши футболчи қизлар йиғилган. Чемпионатлар ўртасида ҳам фарқ бор. Кореянинг ички чемпионати юқори савияда.

Агар ўзбек қизлари ҳам четга чиқса, Европа ҳавосини кўрса, терма жамоага неча фоиз "плюс" бўла олади?

- Бу нафақат терма жамоа, балки клубларга ҳам ёрдам беради. Ички чемпионатимизда тўп сурадиган қизларда "опам Европа клубида ўйнайди, мен ҳам ҳаракат қиламан", деган фикрлар пайдо бўлади.

Ҳўп энди ўзингиз ҳақингизда атрофлича айтиб ўтсангиз, Солиҳа нималарга қизиқади? Футболдан ташқари, албатта.

photo_2019-09-03_15-02-27

- Футболдан бошқа теннис ўйнашга, сайр қилишга қизиқаман. Энг асосийси, таом тайёрлашни яхши кўраман. Асабийлашсам ёки нимадандир сиқилсам, ошхонада вақт ўтказаман.

Демак, сизни уй бекаси сифатида тасаввур қилсак бўлар экан.

- Билмадим(кулади). Бир нарсани алоҳида айтиш керакки, кўпчилик футболчи овқат қилишни билмайди, деб ўйлайди. Бундан менинг жаҳлим чиқади. Чунки алам қилади, қиз боламизку, буни билишимиз керак. Футбол, спорт ўз йўлига.

Солиҳа, балки бу саволимга жавоб беришни истамассиз. Бу сизни хоҳишингиз. Биламизки, ҳижоб ўрагансиз ва бу футбол учун тўғри танловми? Абрамов футболчиларни намоз ўқиши ҳақида шикоят қилганини кўрган бўлсангиз керак.

- Саволингизга келадиган бўлсак, бу ҳолат ҳамма вақтда бўлган. Абрамовдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам давом этаверади. Агар намоз ўқима, намоз ўқисанг, терма жамоа йиғинига келма, дейдиган бўлса, футболчи яхшиси йиғинга бормайман, дейди. Терма жамоа учун шароитлар яратиб берилган ва мағлубиятга намоз ўқишни сабаб қилиб келтириш тўғри нарса эмас.

photo_2019-09-08_15-44-25

Агар сизга шундай тақиқ қўйилса, қандай жавоб берар эдингиз. Ахир ўз ўрнини билдириб қўйиш ҳам керакку.

- Бугунги Солиҳа билан аввалгиси ўртасида катта фарқ бор. Агар менга бу тақиқ қўйилса, футболни ташлаб кетаман. Тўғриси, кўплаб клублардан таклиф тушди ва шу каби тақиқлар бўлганлиги учун рад этганман.

"Реал" Мадрид - "Шериф" ўйинини кўрган бўлсангиз керак. Яхшибоевни бу натижага эришишига энг катта ёрдам берган омилни айта оласизми? Ҳар ҳолда, футболчи тилини футболчи яхши билади.

- Ўйинни кўрмадим, лекин Яхшибоевнинг голини кўрдим. Жуда чиройли, бош билан гол урди. Энг катта омил - ўз устида ишлагани, оиласини қўллаб-қувватлагани ва қанча ишласа ҳам, янада юқорига интилиши бўлса керак. Яна кучли хоҳиш ҳам сабаб, чунки бугун "Реал" Мадрид билан ўйнайман, ўзимни кўрсатишим керак, деган фикр ҳам бўлади.

Солиҳа, қимматли вақтингизни ажратиб, биз билан суҳбат қилганингиздан ҳурсандман. Катта раҳмат!

- Арзимайди, сизга ҳам раҳмат.

Келажакдаги барча орзу, мақсадларизга етишингизни сўраб қоламиз. Худо хоҳласа, Чемпионлар лигасида гол уриб Ватанимиз номини дунёга танитишингизни кутиб қоламиз. Оилавий ҳаётингизда ҳам омад ёр бўлсин!

- ИншаАллаҳ. Айтганингиз келсин.

Дилноза Мустафоқулова суҳбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Бухорий Шариф
01/10/2021 23:29
Абрамовда одамгарчилик йўқ бўлган эканда. Кофир инсон эканку шундай деган бўлса. Йўқол бизнинг Футболдан Вадем А.