Славче Войнески: "Пахтакор"дан кетишим бир ой аввал ҳал қилиб бўлинганди"

“Пахтакор” клубига йил бошида бош мураббий этиб тайинланган македониялик Славче Войнески биринчи даврадан кейин истеъфога чиқарилганидан хабарингиз бор.

Шу тариқа, мураббийнинг юртимиздаги фаолияти охирига етмасдан ниҳоясига етди. Войнески юртига жўнаб кетиш олдидан Sports.uz сайтига интервью берди.

- Биламизки, сиз “Пахтакор”га катта марраларни кўзлаб келгандингиз. Лекин мавсум ярмида кетишингизга тўғри келди. Айтинг-чи, истеъфоингизни қандай қабул қилдингиз ва бўлиб ўтган ишдан сўнг ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- “Пахтакор”га келганимда менинг вазифам – ёш футболчиларни камолга етказиш, ривожланишига ёрдам бериш ва жамоадаги бор футболчилар билан рақобатбардош таркибни шакллантириш бўлганди. Албатта, тан олишим керакки, клуб билан шартнома тузганимда асосий вазифа Ўзбекистонда биринчи рақамли бўлиш эди. Ўзим ҳам ўзбек футболида ўзига хос из қолдиришни мақсад қилгандим. Лекин бир неча кунда ёки кичикроқ муддатда футболда катта ўзгаришларни амалга ошириб, ўз ёндашувингизни амалга татбиқ эта олмайсиз. Бу жуда катта жараён. Футболчиларга мослашиш ва янги нарсаларни ташкил қилиш ҳам бироз вақт талаб қилади. Воқеалар клубдаги структура, яъни, спорт ва техник директори алмашишидан кейин содир бўлди ва янги раҳбарият мен билан ҳамкорликни давом эттиришни исташмади. Шу жиҳатдан мен кетишга мажбур бўляпман. Турнир жадвали ўз йўлига, аммо бошқа жиҳатлар – ўйиндаги устунлик ва яна турли факторларни ҳисобга оладиган бўлсак, менинг жамоам чемпионатда етакчилардан бири. Биз ҳеч қайси ўйинда устунликни деярли рақибга бериб қўймадик. Кўп жиҳатлар бўйича улардан устунлик қилаётгандик. Шу томонлама жамоам ҳамон Суперлигада биринчи ўринда деб ўйлайман. Яна шуни ҳам айтмоқчиманки, Осиё Чемпионлар лигасида ҳар 3 кунда ўйин ўтказишга мажбур бўлдик. У ердан қайтганимиздан кейин ҳам бизда ҳар 3 кунда қийин ўйинларимиз бор эди. Шунинг учун бу каби катта учрашувларда футболчилардаги кичкина имкониятлар билан, кам ўйинчилар жамоаси билан ўйнаш қийин. Бундан ташқари, буни катта таваккалчилик деса ҳам бўлади. Айниқса, ОЧЛдан кейин бизни иккита оғир учрашув бизни кутиб турганди. Бундай пайтда балансни ушлаб туриш учун бу қийин жараён. Яъни, парвоз масалалари ҳам ўйинимизга таъсир ўтказди.

- Клуб билан амалда яна шартномангиз бор эди. Уни бекор қилиш “Пахтакор”дан чиқди. Шундай экан, бу масалани қандай ҳал қилдинглар?

- Ҳа, менда 1+1 кўринишидаги шартномам бор эди. Олдинда яна мажбурият ҳисобланган олти ойлик шартномам турганди. Мен эса атиги учта ойлик маошимни олиш эвазига олти ойлик шартномамни бекор қилдим. Шартномамда агар битим бекор қилинган тақдирда ҳеч қандай компенсация тўланиши ҳақидаги банд мавжуд эмасди. Лекин баъзи-бир оммавий ахборот воситалари мени жуда катта пул эвазига клуб билан шартномасини бекор қиляпти деб ёзишди. Бу шубҳасиз нотўғри маълумот. Ўзим лойиқ бўлмаган пуллар эвазига ишлашни, кимнидир норози қилган ҳолатда ойлик маош олишни хоҳламайман ва буни ёқтирмайман. Мени қизиқтирадиган нарса нега ўша матбуотдагилар ишлаган пайтимда Ҳожимат Эркинов ўзини жуда яхши томондан кўрсата олгани ва бошқа клубга трансфер қилиш имконияти пайдо бўлганини ёзишмаяпти?

войнески2

- Умуман айтганда, жамоадан кетишингиз сиз учун кутилмаган қарор бўлдими ёки вазият шундай тус олишини билиб турганмидингиз?

- Мени жамоадан кетишим бир ой аввал ҳал қилиб бўлинганди. Буни жамоадагилар ҳам, ташқаридагилар ҳам кўпчилик ҳис қилган. Лекин биз клуб сиёсатидаги оғир ҳолатга қарамасдан яхши кураш олиб бора олдик. “Қизилқум” ва “Металлург”га қарши яхши ҳаракат қилдик. Аммо тан олиш керак, ушбу учрашувларда балансни ушлаб туриш, руҳий томондан тўлиқ тайёргарлик кўриш, мувозанатни йўқотмаслик жуда ҳам қийин бўлганди. Биз ўзимизни жанговар характеримизни ушлаб қолишга эришгандик.

- Максим Шацких клуб спорт директори этиб тайинланганидан кейин нима ўзгарди?

- Аввало, Ирисметов ва Ходиевнинг кетишига тўхталсам, бу кетишлар бироз эртароқ содир бўлди. Чунки бу каби катта ўзгаришлар чемпионатдаги қайсидир ўйиндан олдин бўлиши керак эмасди. Айтмоқчиманки, “Сурхон”га қарши беллашувдан бир кун олдин ушбу расмийлар клубдан кетишди. Албатта, бундай ҳолатлар жамоада мувозанатни йўқолишига сабаб бўлади. Ўйлайманки, мазкур мутахассислар жамоа билан мавсум якунигача ёки давра охиригача қолганида бизда камида +6 очко бўлиши мумкин эди. Улар кетганидан сўнг кейинги ҳафталарда руҳий жиҳатдан тайёр эмасдик, кўп очко йўқотиб қўйдик. Шацкихга тўхталсам, у келганидан кейин қандайдир янги ўзгаришни сезмадим. Фақатгина жамоада руҳий томондан босим кўпайди. Жамоа ичидаги муҳит ҳам яхши эмасди. Ҳаттоки, кичик гуруҳларга бўлиниб кетишганди. Бу каби ҳолатда жамоани бошқариш жуда қийин. Жамоадаги бўлинишлар сўнгги икки ҳафта ичида ортиб кетди. Ўшанда мен айнан шу масала ҳақида раҳбариятга ўз фикрларимни билдиргандим.

войнескиққ

- Албатта, доим натижа муҳим. “Пахтакор”даги ярим йиллик фаолиятингиз ҳақида қандай хулосага келдингиз?

- Олдин ҳам айтиб ўтганимдек, ушбу клубда катта потенциал бор. Жамоадаги фаолиятим давомида баъзи-бир пайтларда ажойиб ўйинлар намойиш эта олдик. Осиё Чемпионлар лигасидаги айрим ўйинларимизни ҳам яхши баҳолаган бўлардим. Бошқа клублардан ҳам шундай муносабатни қабул қилдик. Биз ростдан ҳам яхши ўйинлар ўтказа олдик. Футболда баъзида сизга омад керак бўлади ва тажрибали ўйинчилар бўлиши муҳим. Эътибор берган бўлсангиз чемпионлар лигасида ўз академиямиздан чиққан 14 та ўйинчи билан ҳаракат қилганлигимиз ва рақобатбардош жамоа ташкиллаштирганимиз биз учун учун муваффақият. Клуб раҳбарияти ҳам биздан кўпроқ иқтидорли ёшларга эътибор қаратишимизни сўраганди. Шу боис ривожланиш стратегияси нуқтаи назаридан бу жамоамиз учун ижобий ҳолат. Аммо ўз фикримни айтадиган бўлсам, мавсум охиригача шу ерда қолганимда биз чемпион бўла олишимиз мумкин эди, чунки жамоада яхши имконият сақланиб турганди.

- Ҳожимат Эркиновнинг “Торпедо” клубига ўтишига муносабатингиз қандай? Футболчимизни Россияда нима кутяпти?

- Унинг учун хурсандман. Менинг ва Кападзенинг бошқарувида Ўзбекистондан ташқарида легионер сифатида шартнома имзолашга муваффақ бўлди. Аммо бир нарса мени хафа қилади: айрим ОАВ унинг трансферидан тушадиган пулнинг катта қисми менинг компенсация пулим сифатида тўлаб берилиши ҳақида ёзишяпти. Бу нотўғри маълумот. Ақлга сиғдириб бўлмайдиган гаплар. Тўғрисини айтганда, Эркинов “Торпедо”дан ҳам кучлироқ клубларда тўп суриш салоҳиятига эга. Аммо бир тарафдан қарайдиган бўлсак, Ҳожимат ҳали ёш ва бу ўтиш унга фойдалироқ бўлиши мумкин. Келажакда янада яхшироқ клубларда ўйнаши учун ҳозирда ўйин амалиёти керак. У ерда яхшироқ ўйин кўрсатиб юқорироқ марраларга эришиши мумкин. Унга янги жамоасида барча яхшиликларни тилайман. Балки келажакда яна қайсидир жойда бирга ишлаш бахтига муяссар бўлармиз.

войнески1_1

- “Пахтакор”да йиғилган таркиб сизни тўлиқ қониқтирармиди?

- “Пахтакор”даги фаолиятимдан қониқдим, деб айта оламан. Бу ерда бир қатор кучли ва истеъдодли футболчилар билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Айниқса, жамоадаги 7-8 нафар йигит ниҳоятда иқтидорли. Уларга янада каттароқ қўллаб-қувватлов керак. Келгусида бундан ҳам юқори натижаларни кўрсата олишади. Умуман олганда, клубда катта потенциал бор. Фақат уларга профессионал менежер керак. Тўғриси, мураббий ва менежер алоҳида-алоҳида йўлдан кетса, бу фойдасиз. Улар битта йўлдан бориши керак. Мен бошқарган “Пахтакор”ни, ўзим бошқарган йигитларни мавсум охирида лиганинг энг юқори поғонасида кўришдан бахтли бўлардим.

- Энди кейинги режаларингиз қандай? Олдингизда аниқ таклифлар борми?

- Биринчи навбатда менга бироз танаффус керак, деб ўйлайман. “Пахтакор”да сўнгги ойларда қаттиқ иш олиб бордик. Бу эса одамни бироз толиқтиради. Айниқса, айрим матбуот вакилларининг менинг кетишим ҳақида тарқатган нохолис ахборотларидан кейин менга бироз дам керак. Осиёдаги миллий жамоаларидан бири таклиф билан чиқди. Марказий Европадан ҳам бир клуб менинг хизматимга қизиқиш билдирди. Лекин бу каби таклифлар ҳақида ўйлаб кўриш ёки улар билан ишлашга ҳали эрта деб ҳисоблайман. Чунки “Пахтакор”дан кетганимга атиги икки кун бўлди. Ўйлайманки, олдинда янада яхши таклифлар бўлади. Тез орада ишга қайта оламан, деб умид қиламан.

войнески

- Сизга Ўзбекистонда кўпроқ нима ёқди? Чемпионатимиз даражаси ҳақида фикрингиз?

- Ўзбекистонда, айниқса, Тошкентда худди ўз уйимда яшагандек ҳис қилдим. Одамларнинг муносабати жуда ҳам илиқ. Улар ҳар доим ёрдам беришга тайёрлар. Ўзбекистонда яшашим давомида дўстлар орттирдим. Футбол мавзусида гапирсам, бошқа давлатларда бўлгани каби бу ерда ҳам ривожланиш учун катта имкониятлар бор. Аммо клублар ва федерация мураббийларнинг таълими, уларнинг стратегик билимлари юзасидан яна бироз иш олиб бориши керак. Чунки бу узоқ муддатли жараён ҳисобланади. Масалан, сизда яхши мураббийлар бўлмаса, фойдаси йўқ. Яъни, мураббийлар зўр бўлмаса, яхши стадионлар, яхши футболчилар бўлса ҳам кўп нарсага эриша олмайсиз. Мураббийлар яхши бўлса йўқ жойдан ҳам ажойиб натижаларга эриша олишлари мумкин. Тўғриси, келганимдан бошлаб то “Пахтакор”дан кетгунимгача баъзи футболчилар жамоага халақит бериб туришди. Охирги иккита ўйинда Эркинов билан Рашидовнинг кетиши деярли аниқ бўлиб улгурганди. Ҳожимат эса сўнгги учрашувларда тўлиқ қатнаша олмади. Шу каби жиҳатлар ҳам ўйинимизга таъсир қилган бўлиши мумкин. Шунингдек, клубдагилар Хаджиевга кетиши ҳақида олдиндан айтиб қўйишганди. Ўйиндан олдин футболчига бу гапларни гапирганликлари таъсир қилмасдан қолмади. Шу вақт давомида мен ва икки ассистентим қийинчиликка дуч келдик. Биз статистик маълумотларни ҳам унутмаслигимиз керак. “Пахтакор” мусобақа жадвалида 3-ўринда бораётган бўлса ҳам Ўзбекистон чемпионатининг энг муваффақиятли жамоаси бўлиб турибди. Кўп кўрсаткичлар – тўпни ушлаб туриш, олдинга бўлган узатмалар, муваффақиятли тўп оширишлар, 45 дақиқадан ортиқ тўпни назорат қилиб турган ўйинларимиз бўлди ва ҳужумдаги учликни олдинга чиқаришимиз эвазига энг кўп хавфли вазиятларни яратдик, жарима майдони ичига кириш нуқтаи назаридан биз Суперлигадаги энг яхшиси бўлдик ва яна кўплаб параметрлар бўйича Ўзбекистонда энг кучлиси эдик. Бу эса бизни қанчалик катта ишни амалга оширганимизни кўрсатиб бера олади. Яна шуни ҳам айтмоқчиманки, Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Дилшод Каримовга менга ушбу клубда ишлаш имкониятини берганликлари учун катта миннатдорчилик билдираман. Уларнинг меҳрибончилиги ва қўллаб-қувватлашлари мен учун жуда ҳам муҳим эди. Ушбу инсонларнинг шарофати билан мен чиройли ва меҳмондўст Ўзбекистонда яшаш тажрибасини ўзимда орттиришга муваффақ бўлдим.         

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Gulomqodir Askhanov
13/07/2022 08:27
Акилли инсон экан про лигани таклиф этиш керак эди
Шухрат Хусаинов
12/07/2022 23:07
Тренерни бахолаш учун жуда киска вакт
Dilshod Zokirjonov
12/07/2022 14:52
Biroz emas katta is qoldirdingiz. Paxtakorni ochldagi natijalari bilan. Superligadagi oʻrni
Жабборов Ахмаджон
12/07/2022 10:39
Шацких.........
Baxil Alihuja
11/07/2022 19:12
Тормоз тренер булса хам, бироз виждони бор экан!