Фузайлов "Бухоро"нинг ўйинини кучайтириш учун "Янги Месси"ни топиб олди ва легионерлардан воз кечди!
Тошкентда ёзги йиғинини ўтказаётган клубларнинг тайёргарлигини имкон қадар ўз кўзимиз билан кўриб, уларни ёритишга ҳаракат қиляпмиз. Бундай пайтда ўртоқлик учрашувларининг кўплиги ҳам қўл келади. 25 июль куни “Бунёдкор” академиясининг майдонида “Нефтчи” ҳамда “Бухоро” жамоалари назорат ўйинида иштирок этишди. Суперлига ва про лига клублари ўртасидаги фарқ мутлақо сезилмаяпти. Масалан, куни кеча “Андижон” Суперлигада тажрибали жамоалардан бири “Қизилқум”ни мағлуб этганди. Бу сафар про лиганинг яна бир клуби “Бухоро” “Нефтчи” устидан ғалаба қозонди.
Ўйинни кўриб етарли хулосаларга эга бўлдик. Иккала жамоа ҳам ёзги йиғинда тубдан ўзгаришни мақсад қилган. Чунки мавсумнинг биринчи қисмида “Нефтчи” ҳам, “Бухоро” ҳам мухлисларини етарли даражада қувонтира олмаган. Айниқса, “Бухоро” клубидаги ўзгаришлар бизни бироз ҳайрон қолдирди. Таркиб бошқа даражада шакллантирилаётгани ва бунинг ўйинга қанчалик таъсир кўрсатаётганини “Нефтчи”га қарши учрашувда кўрдик. Очиғи, бу илгари биз кўрган “Бухоро” эмасди.
Сайтимиз орқали бу клубда қандай ўзгаришлар юз бераётгани тўғрисида маълумотлар бериб келмоқдамиз. Учрашувдан аввал клуб бош директори Ўктир Қодиров билан бироз суҳбатлашдик. Мутасаддининг айтишича, икки нафар легионер – Марчук билан Сидоренко “Бухоро”ни расман тарк этишган. Ҳозирда Аблитаров билан ҳам ҳамкорликни тўхтатиш бўйича иш олиб борилаётганини айтди. Молиявий томондан муаммо йўқ. Шунингдек, бош мураббий Ҳаким Фузайловга эндиликда Александр Ежов яқиндан ёрдам бермоқда. У илгари “Хоразм” жамоасига бош мураббийлик қилган.
“Нефтчи” билан учрашувни кўрган ҳолда хулосамиз шундайки, “Бухоро”нинг чемпионатда намойиш этган ўйинидан тубдан фарқ қилади. Бунда албатта таркибга янги қўшилган ижрочиларнинг маҳорати кўп нарсани ҳал қилмоқда. Олдин бу жамоа ёпиқ ва ҳимоявий ўйин кўрсатарди. Энди бунинг аксини кўряпмиз. Ҳужумкор, очиқ футбол ва тажовузкор. Эшитишимизча, Ҳаким Фузайлов “Бухоро”ни Суперлигага қайтариш учун раҳбариятга ваъда берган. Шунинг учун у жамоа ўйинини жиддий ўзгартиряпти ва селекцияда ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Айниқса, “Пахтакор”дан таклиф қилинган Ҳумоюнмирзо Иминов бошқалардан яққол ажралиб турибди. Бу орқали “Бухоро” “янги Месси”ни топиб олди, десак муболаға қилмаймиз. “Пахтакор”нинг захирасида ўтирган бу йигитнинг ўйнашга чанқоқлиги кўриниб турибди. Ўйинни ўқий олиши, жамоасининг ҳужумларида ўзи бош-қош бўлиши ва дриблинги бўйича унда барчаси аъло даражада. “Нефтчи”га қарши ўйиндаги ягона гол ҳам Иминовнинг ҳисобига ёзилди. Фузайлов ҳам баҳс давомида унинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилаётгани сезилиб турди. Аслида Ҳумоюнмирзо бемалол Суперлиганинг ҳар қандай жамоасининг ўйинини кучайтиришга қодир. Агар унинг потенциали юқорилигини ҳисобга олсак, “Бухоро” ниҳоятда қимматли ва фойдали трансферни ҳал қилганини кўриш мумкин. “Арал Самали”дан таклиф қилинган Арслан Юсупбаев ҳам иккинчи бўлимда майдонга тушиб, ўйинни кучайтирганига гувоҳ бўлдик.
Шунингдек, жамоага келган барча янги футболчилар ўзидан яхши таассурот қолдириш учун астойдил курашишяпти. Шунинг учун бўлса керак, “Нефтчи”ни кичик ҳисобда мағлуб эта олдилар. Учрашув давомида иккала клубда яхши вазиятлар бўлди. Дарвоқе, “Нефтчи”да янги футболчилар ҳам тўп суришди. Фозил Мусаев, Саламат Қуттибоев кабиларнинг имкониятларини яхши биламиз. Биз учун янги келган легионерларни кузатиш қизиқроқ эди. Евгений Конюхов, Зиго Шковлек ва Тамаз Макатсария бошланғич таркибдан жой олишди. Ҳозирча битта ўйиндан улар учун хулоса чиқариш қийин. Кўриниб турибдики, легионерларга вақт керак. Шунингдек, Дарко Станоевич билан Андрей Мишенко ҳам майдонда ҳаракат қилишди, аммо уларни билганимиз учун иккаласига тўхталишни лозим топмадик.
Хуллас, ушбу назорат учрашувида “Бухоро” ҳақли тарзда “Нефтчи” устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Аммо бир жиҳатни унутмаслик керак, бу бор-йўғи, битта ўйин. Яъни, биз ушбу учрашувда майдонда кўрганларимизни сизларга баён этдик. Масалан, бошқа учрашувларда ҳам “Бухоро” мана шундай ҳужумкор ўйнайдими? Балки “Нефтчи” чемпионатда бошқача ўйин кўрсатиши мумкин. Фақат битта гап: агар “Бухоро” ушбу ўйинини чемпионатда ҳам намойиш этса, про лигада мавсумнинг иккинчи қисмида интрига қандай бўлишини тасаввур қилаверинг!
Фикрлар