"Ўзбекистоннинг мундиалга чиқа олмаётгани кишини ҳайрон қолдиради, Жалолиддинов атрофида "ақлли маслаҳатчилар" кўпайиб кетганди" - Юрий Белоус SPORTS.UZ сайтига берган интервьюсида яна нималарни гапирди?
20 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Пахтакор” марказий стадионида Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари иштирокида ўртоқлик ўйинига гувоҳ бўламиз. Икки томон бу борада ижобий келишувга эришгач, табиийки, мутахассислар томонидан мазкур бўлажак баҳс борасида қандайдир фикрлар айтилиши бошланди. Бу ўйин ташкиллаштирилиши расман эълон қилингач, биз ҳам қўл қовуштириб турмадик ва дарҳол россиялик мутахассислар билан алоқа ўрнатишга киришиб кетдик. Ҳаракатларимизнинг самараси ўзини узоқ куттириб қўймади.
Россиялик таниқли футбол намоёндаларидан бири – Юрий Белоусни танимаган мухлис бўлмаса керак. Ўтган ойда 62 ёшни қаршилаган мутахассис Россия футболида катта обрў-эътибор қозонган. У “Торпедо-Зил”, “Торпедо-Металлург”, “Москва, “Локомотив”, “Ростов” сингари клублар президенти сифатида фаолият олиб борган. Ҳозирда ҳам Юрий Викторович футбол билан ҳамнафас.
Белоус ўзбек футболини ҳам яхши билади. Ёдингизда бўлса, Жасур Жалолиддиновни Москванинг “Локомотив” клубига кўчиб ўтишида ушбу мутахассис бош-қош бўлган. Лекин футболчимизнинг у ердаги фаолияти ўхшамагач, турли гап-сўзлар янграган.
Sports.uz сиз азиз мухлислар учун навбатдаги эксклюзив суҳбатни тақдим этади. Сайтимиз журналисти Шуҳратбек Жўраев куни кеча юқорида номи келтирилган таниқли мутахассис Белоус билан боғланди.
- Юрий Викторович, Ўзбекистон – Россия терма жамоалари ўртасида ўтказиладиган ўртоқлик ўйинидан нималарни кутяпсиз?
- Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари ўртасида бўладиган ўйиндан кўп нарсани кутяпман. Ишонаманки, беллашув мухлисларга ёқадиган, томошабоп руҳда кечади. Шунингдек, терма жамоангизнинг баҳсда муносиб ўйин кўрсатишини ҳам кутяпман. Ахир Ўзбекистон ўз минтақасида кучли футбол мамлакати саналади. Сизларда иқтидорли футболчилар жуда кўп. Мисол тариқасида, Одил Аҳмедовни айтишим мумкин ёки бўлмаса бугунги кунда футболчиларингиз орасида энг таниқлиси ҳисобланадиган Элдор Шомуродовни танимаган ишқибоз топилмаса керак. Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол мутахассислари кучли эканлиги билан ҳам анча танилган.
- Россиялик мухлислар, шу жумладан мутахассислар бўлажак ўйин ҳақида қандай фикр билдиришмоқда? Шу ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Табиийки, Россия мақом даражасида Ўзбекистондан анча баланд туради. Қолаверса, охирги жаҳон чемпионатида термамиз кучли саккизталикка кира олгани ҳам юқоридаги фикримни тасдиқлайди. Чорак финалда хорватлар тўсиғидан ўтишимиз мумкин эди. Аммо қўшимча бўлимларда омад рақибларимизга кулиб боқди. Ўзингиз биласиз, Хорватия кейинчалик мундиалнинг финалига қадар етиб борди. Тошкентда кечадиган беллашувда Ўзбекистоннинг кучли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилишини бемалол кутиш мумкин. Боз устига, ўз даврида биз юртингиздан зўр футболчилар етишиб чиққанига гувоҳ бўлганмиз. Геннадий Красницкий ва Биродар Абдураимовни жуда яхши эслаймиз. Шунингдек, Фёдоров ва Анни ҳам айтиш мумкин. Афсуски, 1979 йил августидаги фожеа юртингиз футболининг кўплаб иқтидор эгаларини ҳаётдан бевақт олиб кетган. Бундай йўқотишдан кейин Ўзбекистон вақт ўтиб бориши билан яна ўзини ўнглаб олди. Бунинг мисоли сифатида 2011 йили Осиё кубогининг ярим финалида терма жамоангизнинг иштирок этгани яққол далил бўла олади. Ўшанда терма жамоангизни Вадим Абрамов жуда яхши бошқарган. Эсимда, Абрамов терма жамоага бош мураббийлик қилган кезларида расмий мақомда ҳам Россия термасига қарши ўйнашни орзу қилишини билдирганди. Ўйлайманки, мухлисларимиз ва мутахассисларимиз ҳам худди мен каби жуда яхши ўйин гувоҳи бўлишни кутмоқдалар. Шахсан ўзимга келса, мен жуда қизиқарли баҳсга гувоҳ бўлишимга ишонаман.
- Сизнинг фикрингизча, Марказий Осиёда энг кучли терма жамоа қайси?
- Албатта, менинг назаримда Ўзбекистон ўз минтақасининг энг кучли терма жамоаси ҳисобланади. Агар Марказий Осиё эмас, балки умум маънода, Осиё футболи ҳақида гапирадиган бўлсак, Япония, Жанубий Корея, Эрон ва Саудия Арабистони энг кучли терма жамоалар сирасига киради. Ўзбек футболини кузатиб келаман. Юқорида айтганимдек, сизларда иқтидорли ўйинчилар кўп. Агар юксалишнинг тўғри йўлидан бориладиган бўлса, яқин келажакда Ўзбекистон ҳам Осиёдаги энг кучли терма жамоалардан бири сифатида тилга олина бошланиши шубҳасиз. Чунки биз жуда кўплаб ёш иқтидор эгаларини биламиз. Сизларда иқтидор эгалари борасида катта потенциал мавжуд.
- Юрий Викторович, Ўзбекистон футболи ҳақида анча билимга эгасиз. Айни пайтдаги терма жамоамиз ҳақида нима дея олган бўлардингиз?
- Нима ҳам дейишим мумкин? Боя бежизга сизларда кўплаб ёш иқтидор эгалари борлигини айтиб ўтмадим. Масалан, U-23 терма жамоангиз Осиё чемпионатининг финалида ўйнаганлигини яхши биламиз. Бу эса кўп нарсадан далолат беради. Сизларда футболни ривожлантириш учун жуда яхши шарт-шароитлар яратилган. “Пахтакор” ва “Бунёдкор” каби донгдор клубларингиз бор. “Бунёдкор”нинг моддий техник-базаси жуда яхшилигини ва клуб ихтиёрида шуғулланиш учун бир нечта майдонлар борлигини биламан. Бу масалада Россия премьер-лигасининг айрим иштирокчилари “Бунёдкор”га ета олмаса ҳам керак. Миллий чемпионатингиз йил сайин ривожланиб боряпти. Шунга қарамай, мамлакатингиз бош жамоасининг ЖЧ финал босқичига чиқа олмасдан келаётгани негадир кишини ҳайрон қолдиради. Бундай муваффақиятсизликка бир қанча сабаблар ҳам таъсир ўтказмасдан қолмаган. Сизларда ЖЧ саралаш босқичи анча мураккаб тизимда ўтказилади. Саудия Арабистонида ташкил этилган саралаш босқичининг иккинчи қисмида терма жамоангиздан омад юз ўгирганди. Ваҳоланки, Ўзбекистон бундай потенциал билан жаҳон чемпионатининг финал босқичи йўлланмасига эга чиқиши керак эди.
- Биламизки, Элдор Шомуродов ўз вақтида Валерий Карпин қўли остида тўп сурган. Карпин эса бугунги кунда терма жамоангизнинг бош мураббийи ҳисобланади. Айтинг-чи, Элдор учун Россияга қарши ўтадиган ўйин қандайдир ўзгача аҳамият касб этадими? Ахир у чемпионатингиздаги кўп футболчиларни яхши билади...
- Албатта, Шомуродов учун бу ўзгача аҳамият касб этадиган беллашувга айланиши тайин. Мен уни жуда иқтидорли, жисмонан кучли ва ҳар томонлама шаклланган футболчи сифатида биламан. У айнан Карпин қўли остида тўп суриб юрган кезларида ўйинини янада кучайтира олган. Бежизга Шомуродовни топ-бешлик орасида ўзига обрў-эътиборга эга бўлган Италия А сериясига олиб кетишмаган. Умуман олганда, миллий терма жамоа байроғи остига чақириладиган ҳар қандай футболчи учун унинг либосида майдонга тушиш катта шараф ҳисобланади. Чунки бундай имконият ҳар кимга ҳам ҳавола қилинавермайди. Бундай маҳалда ўйинчилар аввало юрт шаъни ҳақида ўйлайди. Сўнгра ўзларининг максимал даражасини кўрсатиш пайида бўладилар. Биласиз, Россия чемпионатининг савияси анча баланд. Премьер-лига иштирокчилари таркибида эса футболчиларга шунга яраша ҳақ тўланади. Ўз-ўзидан ўйинчиларингиз орасида Россияга қарши учрашувда ўзларини кўрсатиб, эътиборни тортишга интиладиган футболчилар жон куюктириб тўп суришларига шубҳа қилмаяпман.
- Элдор Шомуродовни Россия терма жамоаси учун энг хавфли футболчи бўла олишига ишонасизми?
- Шак-шубҳасиз. Мен уни бежизга ҳар томонлама шаклланган ижрочи, деб айтмадим. Аммо футбол жамоавий ўйин ҳисобланади. Шомуродовга тўпни бехато узатиб бера оладиган шерикларининг ёрдами жуда зарур бўлади. Элдор жуда тезкор, иккала оёғида ва бош билан яхши зарба бера оладиган футболчидир. Италияда тўп суришни бошлагандан кейин у энди тўпни қисқа паслар орқали ўйнашни ҳам яхши ўзлаштириб олди. Россиялик мутахассислар эътиборини тортадиган футболчиларингиз анча бўлишига ишончим комил. Билсангиз керак, ҳамюртингиз Иброҳимхалил Йўлдошев “Нижний Новгород” клубида тўп суриб, анча танилишга тушди. Шунингдек, миллий чемпионатингизда курашни қиздира оладиган клублар сони анча ошаётганидан хабарим бор. Бу эса интриганинг ортишига хизмат қиладиган омил ҳисобланади.
- Мутахассис сифатида Остон Ўруновнинг Россиядаги ишлари юришмаётгани сабаблари ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим. У “Спартак”, “Уфа” ва “Урал” клубларида ўйнаб, муваффақият қозона олмади. Бунинг боиси нимада?
- Биласизми, нафақат Остон Ўрунов, балки Жасур Жалолиддиновда ҳам ишлар кўнгилдагидек кечмаётганидан хабарим бор. Россияга кўчиб келиш маҳаллий шарт-шароитга кўникма ҳосил қилиш, янги клубга киришиб кетиш – буларнинг бари анча вақт талаб қиладиган жиҳатлар саналади. Шу боисдан ҳам тўла мослашиш кишига осон бўлмайди. Ҳолбуки, йигитларингиз ўйинчи сифатида чакки эмаслар. Бундан ташқари, кўплаб ёш футболчилар Россия чемпионатига кўчиб ўтиб илгари кўрмаган маошларни олишга киришар экан, ўзларини йўқотиб қўядилар. Назаримда, Жалолиддинов билан Ўруновда ҳам мана шундай ҳолат кузатилган бўлиши мумкин. Сир эмас, Ўруновнинг қандайдир ўзини ғалати тутиб, қиммат матолар сотиладиган дўконда тушган фотосурати анча гап-сўзларга сабаб бўлди. Бошқа мамлакат ва чемпионатга кўчиб ўтадиган ҳар қандай футболчи бундай маҳалда ақлни ишга солиб, ўзини тута билиши, машғулотларда ҳамда учрашувларда астойдил тер тўкиши лозим. Жалолиддиновда ҳам шундай муаммо кўзга ташлангани бор гап. У Россияга кўчиб келганидан сўнг “Бунёдкор”да тўп суриб юрган кезларига нисбатан анча баланд маош олишга киришгач, сал бошқача бўлиб қолганди. Унда қандайдир юлдузлик касали юзага келган. Ўзбек “Месси”си бўлади, деган ўйинчи охир-оқибат ортга қайтди ва билишимча, у тўп сураётган “Локомотив” Суперлигадаги ўрнини йўқотиш ёқасига келиб қолди. Ваҳоланки, бу йигитда жуда катта иқтидор бор. Лекин атрофидаги айримлар уни айнитган кўринишади. Ўз вақтида у Ўзбекистон терма жамоасида дебютини ўтказган маҳалдагидан кўра анча паст даражага тушиб қолди.
- Жасур Жалолиддинов билан ўртангизда алоқа сақланиб қолганми? Ахир уни Россияга сиз олиб келгандингиз...
- Йўқ, йўқ! Жасур Жалолиддинов ўз йўлидан боришга қарор қилган. Шу сабабдан ҳам у билан бошқа ҳамкорлик қилмасликка аҳд этдим. Чунки юқорида Россияга келган пайтда унинг атрофида “ақлли маслаҳатчи”лар жуда кўпайиб кетганлигини яхши билардим. Ўшанда “Локомотив”да унга жуда яхши маош тайинланганди. Афтидан, бундан ҳаволаниб кетган Жасур бўлди, мен анча шаклланган футболчига айландим, деган нотўғри хаёлга борган. Мен буни Жасурни танқид қилиш мақсадида эмас, балки афсус маъносида гапиряпман. Нафақат Жалолиддиновда, балки бошқа кўплаб ёш футболчиларда ҳам мана шундай ҳолатлар кузатилиши бор гап.
- Ўзбекистонлик яна қайси футболчиларни яхши биласиз ва кимларни Россияга олиб келиш ниятингиз бор?
- Менинг компаниям ёш футболчиларга бор имкониятларини очишда ёрдам бериб келади. Компаниямиз ходимлари асосан Марказий Осиё – Ўзбекистон, Қирғизистон каби давлатлардан ёш иқтидор эгаларини кашф этиш билан шуғулланишади. Ҳозир сизга мисол тариқасида исм-шарифларини айтиш ниятида эмасман. Чунки шундай қилсам бошқаларнинг эътиборини торта бошлаймиз. Ўз навбатида, бундай ҳол ҳали бутун фаолияти олдинда бўлган ёш ўйинчиларга акс таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Шуниси аниқки, биз бундай йигитларни диққат билан кузатиб келамиз ва фурсати келганда уларга ёрдам қўлини чўзиб, Россияга кўчиб ўтишини ташкил этамиз.
- Хожимат Эркинов ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Сиз Москванинг “Торпедо” клубида ўйнаётган Эркиновни айтяпсиз, шундайми? У – ёмон ўйинчи эмас. Лекин унга ҳам премьер-лигага мослашиб олиши учун анча вақт керак бўлиши сезилиб турибди. Чунки Россия премьер-лигасидаги ўйин анча интенсив суръатда бўлиб, бунга мослашиш осон кечмайди. Негаки, ўйин пайтида ҳар қандай рақиб, айниқса, кучлироғи прессинг қўллаш пайида бўлади. “Торпедо” бош мураббийи бу футболчига умид қилмоқда. Аммо ҳаммаси Эркиновнинг ўзига боғлиқ. Барчанинг кўз ўнгида бўлиши учун футболчидан фақат меҳнат талаб қилинади холос. Шунда ўйинчи кўзлаган мақсадига эришиши мумкин.
- Юрий Викторович, ҳозирда нима иш билан бандсиз?
- Юқорида ўзимга қарашли консалтинг компания борлигини, бу компания ёш иқтидор эгаларини кашф этиш билан шуғулланиб келишини бежиз айтиб ўтмадим. Компаниядан ташқари телевидение билан ҳам ҳамкорлик қилиб келаман. Мени тез-тез футбол мавзусидаги кўрсатувларга таклиф қилиб туришади. Умуман айтганда, ишларим жуда кўп. Фаолиятим тўлалигича футбол билан боғлиқ. Бўш пайтим жуда кам бўлади.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар