"У машҳур мураббийнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган". "Металлург" бош директори клубни бошқарадиган янги мутахассис ҳақида гапирди

Кутилганидек, “Металлург” клубига хориждан янги бош мураббий келяпти. Куни кеча клуб бош директори Шавкат Саидов Sports.uz журналисти билан суҳбат чоғида собиқ мураббий Луисма Эрнандеснинг ўрнини яна чет эллик мураббий эгаллашининг эҳтимол юқорилиги ҳақида айтганди.

Маълум бўлишича, бекободликлар жамоасини черногориялик Веско Стешевич бошқаради. Унинг охирги иш жойи Туланинг “Арсенал” жамоаси ҳисобланади. Қолаверса, Россияда яна “Динамо”, “Ростов” сингари клубларда ҳам фаолият кўрсатган. “Металлург” нега номзодлар орасида Стешевичга тўхталди? Янги мураббий номи ойдинлашгач, яна бир бор “Металлург” бош директори Шавкат Саидовдан янги маълумотларни олишга қизиқдик.

- Янги мураббий масаласида раҳбарият томонидан таклиф бўлди, - дея гап бошлади, Саидов. - 3-4 та вариант орасидан черногорияликнинг номзоди маъқул кўрилди. Яқинда сизга айтганимдек, бош мураббийликка хорижлик мутахассис варианти кўрилаётганди. Янги мураббийнинг резюмеларини ўрганиб чиқдик. Бир қатор клубларда бош мураббий бўлиб ишлаган. Шуни инобатга олиб йил охиригача ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдик. Оғзаки ҳал қилиб бўлдик. Бугун келади ва расман шартнома имзоланади.

- Музокара жараёни қийин кечмадими?

- Биласиз, ҳозирги футболда ҳамма мураббийни агентлари бор. Асосан унинг агенти билан гаплашдик. Шартноманинг ҳар бир банди кўриб чиқилди. Мураббий ўзи билан битта ассистентини олиб келяпти. Бугун келса, таништирув қиламиз. Аммо “Пахтакор” билан учрашувга жамоани ўзи олиб тушадими ёки йўқми, бугун биламиз. Балки бўлажак учрашувни ўзи трибунадан кузатиб, кейинги учрашувга тайёрлаши ҳам мумкин. Стешевични про лицензияси бор. Тажрибали мутахассис. У ҳақида сўраб-суриштирдик. Ҳамма ижобий фикр билдирди. Русчани яхши биларкан. Ишда ўзини кўрсатиб, натижалар яхши бўлса, келаси йилга ҳамкорликни яна давом эттирамиз.

саидов_1

- Янги мураббийга клуб томонидан қандай талаб қўйилди?

- Ҳозирча фақат агенти билан гаплашдик. Бугун келгач, ўзи билан алоҳида суҳбатлашамиз. Йил бошидаги мақсадимиз айтилади. Клуб структураси унга таништирилади. Минимум саккизталик ва максимум кучли бешталикка кира олсак ва ўйин фалсафаси бўйича ҳаммага манзур бўладиган бўлса, боя айтганимдек, ишни давом эттирамиз. Биласиз-ку, биз “Металлург”да ҳадеб мураббий алмаштираверишни ёқтирмаймиз.

- Салкам бир ярим йил давомида испаниялик мураббий билан ишладинглар ва энди черногориялик мутахассис билан келишувга эришилди. Сир бўлмаса, нарх-навосида қайси бири қимматроқ?

- Иккаласиники ҳам бир хил. Олдин айтганман-ку, ҳаммаси бюджетимизга қараб. Агар имкониятимиз янада кенгроқ бўлганида балки топ даражадаги мутахассисни олиб келармидик?! Умуман, Луисма Эрнандесники билан бир хил, уникидан кам ҳам эмас, кўп ҳам эмас.

веско1

- Веско Стешевич Россия клубларида ҳам ишлаган экан. Айтинг-чи, бу мураббийни кўпроқ нимаси шахсан сизни ўзига жалб қилди?

- Шахсан менга қизиқ бўлгани шуки, 3-4 та жамоада бош мураббий сифатида ишлаган. Черногория ёки бошқа чемпионатларда ҳам устозлик қилган. Бир қатор клубларда бош мураббийлик қилган мутахассисга жамоамизни бошқариш қийин бўлмаса керак. Ёши ҳам 50 дан ошган, 60 га яқинлашиб қолган. Демак, футболда кўпни кўрган, тажрибаси катта. Энг қизиғи, у машҳур мураббий Миодраг Божовичнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Божович билан 3-4 та клубда фаолият олиб борган. Шу томони ҳам менга қизиқ бўлди. “Пахтакор”нинг собиқ мураббийи Миодраг Радуловичдан Стешевич ҳақида сўраганимизда ҳам жуда яхши фикрларни билдирди.

- Бош мураббий масаласида нима учун ўзимизнинг маҳаллий кадрларга тўхталмадинглар?

- Раҳбарият билан гаплашганимизда бир қатор маҳаллий мураббийларимизнинг ҳам номзодлари бор эди. Аммо уларни варианти кўриб чиқилмаганини асосий сабаби аксариятини биламиз ва ишлаганмиз. Мана, испаниялик мутахассиснинг иш услубини кўрдик. Энди черногориялик мураббий билан ишлаймиз. Бу албатта тажриба. Қани бунда қандай янгилик бор? Солиштирамиз ҳам. Нимадир ўрганса бўлади. Ҳали яна маҳаллий мураббийларимиз билан ишлашга улгурамиз. Аввал хорижлик мутахассисларни кўрайликчи. Луисма Эрнандесдан ҳам нимадир ўргандик. Ташкилий ишлари, ишлаш жараёни борасида барибир ўзимизникилардан фарқи бор. У кўп маълумотларни йиғарди.

Шуҳратбек Жўраев.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Dolche& Gabana
01/04/2023 01:12
Вой дурак тажриба участкаси буб кобсанлар унакада буниям курамиз солиштирамиз бумасс бошкасини топамиз хуллас меткомбинатни пулини арра киб еб брамиз деган гапни когозга ураб гапирибсанда