ФР: "Навбаҳор"га трансфер тақиқи қўйиладими?
Наманган клубига трансфер тақиқи хавф соляпти. Бу ҳақда SPORTS.uz журналисти Фахриддин Рўзиев хабар берди:
"Бугун "Навбаҳор" учун қайғули кун (жамоа тарихида ўз ўрнига эга бўлган Виктор Романович Жалилов вафот этди). Биз эса "лочинлар" учун яна бир нохуш хабарни етказишга мажбурмиз.
Гап шундаки, клубга трансфер тақиқи хавф соляпти. Бу наманганликларнинг бошқа жамоалар олдида анчадан бери бажарилмай келаётган мажбуриятлари билан боғлиқ.
Аниқроқ айтсак, "Навбаҳор" 2022 йилнинг ёзида Александр Касьяннинг ижараси, Дониёр Абдуманноповнинг трансфери учун ОКМК ва "Сўғдиёна"дан қарздор бўлиб қолган эди.
Ўша шартномаларда Наманган клуби Абдуманноповнинг трансфер пулини ўтган йилнинг 1 октябрига қадар, Касьяннинг ижара ҳаққини эса 15 декабргача тўлаб бериш мажбуриятини олган. Орадан анча ўтса ҳам, пулдан дарак бўлмади. Натижада, ОКМК ва "Сўғдиёна" раҳбарияти ҳақларини ундириб беришни сўраб, ЎФАнинг тегишли қўмитасига мурожаат қилди.
ЎФА қошидаги Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмита апрель ойининг аввалида айнан шу масала бўйича йиғилган эди. Узрли сабабларсиз "Навбаҳор" томонидан ҳеч ким қатнашмаган йиғилишнинг якунида иш даъвогарлар фойдасига ҳал қилинди (бу ҳақда 10 апрель куни хабар берганмиз).
Унда "лочинлар" Олмалиқ ва Жиззах клублари олдидаги қарзидан яқин 20 кун ичида қутулиши айтилган. Акс ҳолда, "Навбаҳор-Лочинлари" футбол клуби 2та трансфер ойнаси (ёзги ва қишки)да янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмаслиги тўғрисида огоҳлантирилган...
Бу қарор ЎФА расмий саҳифаларида эълон қилинмади. Лекин апрель ойининг 13-кунида иштирокчи томонлар почтасига юборилган ва ўша кундан кучга кирган экан.
Бугун қарор кучга кирганига 24 кун бўлди. Демак, унда кўрсатилган муҳлат ҳам ортда қолган. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ОКМК ва "Сўғдиёна" мутасаддилари билан боғландик. Афсуски, жавоб ижобий бўлмади...
Афтидан, "Навбаҳор" чигал вазиятга тушиб қолган. Агар биздаги маълумотлар рост бўлса, Наманган клуби яқин 2та трансфер ойнасида ҳеч кимни рўйхатдан ўтказа олмайди.
Ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай расмий маълумот берилмади. Кутишда, кузатишда давом этамиз...", — дейилади "ФР| футбол АНАЛИЗИ" каналида.
Фикрлар