Легионеримиз жамоаси Чемпионлар лигасидаги ғалабага қанча олди?
Озарбайжоннинг амалдаги чемпиони "Сабах" ўз тарихида илк бор Европа Чемпионлар лигасида иштирок этмоқда. Бокуликлар қитъанинг энг нуфузли мусобақасида умумий босқичга чиққани мавсум сенсацияси сифатида қабул қилинди.
"Сабах" биринчи турда "Олд Траффорд"да "Манчестер Юнайтед"га 0:4 ҳисобида ютқазган бўлса-да, жамоа ўйини алоҳида эътироф этилди.
Иккинчи турда "Сабах" тарихий натижа қайд этди. Боку шаҳридаги баҳсда жамоа Чехиянинг "Славия" клубини қабул қилиб, рақиб дарвозасига жавобсиз иккита тўп киритди.
Ҳисоб иккинчи бўлим бошида, 49-дақиқада Кахим Пэррис томонидан очилди. Учрашувнинг 88-дақиқасида эса Джой-Ланс Микелс мезбонлар устунлигини мустаҳкамлади. Беллашув Бокудаги Олимпия стадионида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиев ғалабали учрашувда тўлиқ ўйнади ва "Сабах" муваффақиятига катта ҳисса қўшди.
Европа Чемпионлар лигаси умумий босқичи иккинчи туридаги ғалаба легионеримиз жамоасига 2,1 миллион евро миқдорида бонус келтирди.
Аввалроқ жамоа умумий босқичга йўл олгани учун 18,62 миллион евро миқдоридаги тўловни ҳам кафолатлаб бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, Умарали Раҳмоналиев Боку жамоаси сафида 2025 йилнинг январидан бери ўйнаб келмоқда. Аслида “Бунёдкор” тарбияланувчиси ҳисобланган Умарали 20023 йилда Тошкент клубидан Россиянинг “Рубин” жамоасига эркин агент мақомида бориб қўшилган эди.
“Рубин” асосий таркибга киришга қийналган ўзбек футболчисини “Сабах”га ижарага жўнатди. Кейин бокуликлар иқтидорли ярим ҳимоячини тўлиқ трансфер қилди.
22 ёшли Умарали Раҳмоналиев ўтган мавсумда Озарбайжон чемпионати ва мамлакат кубоги баҳсларида жами 34 та учрашувда майдонга тушиб, олтита гол ва иккита ассист муаллифи бўлди.
Раҳмоналиев “Сабах” жамоаси сафида Озарбайжон чемпиони ва икки марта мамлакат кубоги соҳибига айланди.
Умарали 2026/2027 йилги янги мавсумни анча эрта бошлаб, УЕФА Чемпионлар лигаси ва Озарбайжон чемпионатида ҳозиргача жами 14 та учрашувда иштирок этди. Ҳамюртимиз бу баҳсларда ўз ҳисобига иккита гол ва учта ассист ёздириб қўйди.
Ўзбекистон Россия терма жамоаси билан ўйин шартини айтди
Туркия Ўзбекистон футболчилари бўйича муҳим расмий қарорни эълон қилди
Ўзбекистон терма жамоаси янгича халқаро мусобақада иштирок этади

Фикрлар